Ўзбекистон | 15:20 / 28.11.2020
32949
2 дақиқада ўқилади

Электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари маълум қилинди

Бугун, 28 ноябрь куни, АОКАда бўлиб ўтган брифингда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов электр тармоқларидаги узилиш ҳолатлари юзасидан маълумот тақдим этди.

Қайд этилишича, электр таъминотидаги узилишларда асосан 2та йирик омил мавжуд.

“Биринчиси, бу электр тармоғига турли техник ва иқлим шароитлари билан боғлиқ таъсирлар. Масалан, тармоқ симларига дарахт шохлари ёки сим арқонларининг тегиши, қурилиш ишларида йўл қўйиладиган эҳтиёткорсизлик туфайли таъсир, кучли шамол ва ёмғирлар таъсири, электр ускуна ва жиҳозларининг эскириши туфайли носоз ҳолга келиши ёки 200 та хонадонга мўлжалланган трансформаторларга 300–400 та хонадоннинг уланиши оқибатида келиб чиқадиган носозликлар. 

Албатта, бу носозликлар бартараф этилаётган пайтда хавфсизлик техникаси талабларига мувофиқ тармоққа уланган истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилиб турилади.

Иккинчиси, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги тафовут тизимнинг яхлитлигига, барқарор фаолиятига салбий таъсир этганда маълум техник шартлар асосида тармоқдан жадвалли узишлар содир бўлиши мумкин”, - деди Улуғбек Ўринов.

Билдирилишича, электр таъминотида мувозанатни сақлаш маҳаллий диспетчерлар ва Миллий диспетчерлик маркази диспетчерлари томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид