Спорт | 22:35 / 28.11.2020
29195
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Қосимов Қатардан чақиртириб олинган. У ҳам келишилган ўйинларда қатнашган бўлиши мумкин

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Шерзод Қосимов Осиё Чемпионлар лигаси шарқ минтақаси учрашувларида фаолият олиб бориш учун ОФК томонидан Қатарга таклиф этилган эди.

ОЧЛ ғарб минтақаси ўйинлари сингари тўрт гуруҳдан иборат шарқ минтақаси учрашувлари ҳам марказлашган ҳолда Қатарда ўтказилмоқда. 18 ноябрь кунидан давом эттирилган ушбу минтақа ўйинларини бошқариш учун ўзбекистонлик ФИФА рефериси Шерзод Қосимов ҳам Қатарга етиб борган эди. 

Tribuna.uz манбасининг маълум қилишича, Шерзод Қосимов ЎФА томонидан Қатардан чақириб олинган. Рефери Доҳадан Тошкентга етиб келган. Ўзбекистонлик ҳакамнинг шарқ минтақаси ўйинларига чақиртирилиб, ҳали бирорта ўйин бошқармай қайтгани сабаби ҳозирча номаълум. Қосимовдан ташқари, ўзбекистонлик ҳакамлар гуруҳида бўлган захира ҳаками Илгиз Танташев, қанот ҳакамлари Галиулин ва Цапенко Қатарда қолган. ОФК ўзбекистонлик ҳакамларни ўйинлардан бирига тайинланганига қарамай, Қосимов Ўзбекистонга қайтиши маълум бўлгач ўша баҳсни бошқа ҳакамлар гуруҳига бериб юборган.

Шерзод Қосимов август ойида «Сўғдиёна» - «Бунёдкор» (3:3) ўйинидаги бир қатор шубҳали қарорлари учун Суперлига баҳсларидан 4та ўйинга четлатилган, аммо бу ҳақда ЎФА томонидан расман эълон қилинмаганди. Сўнгги марта Суперлигада 17 октябрь куни «Машъал» - ОКМК (0:2) учрашувида ишлаган 32 ёшли арбитр бир ойдан ортиқ вақт давомида Суперлига баҳсларига тайинланмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, ПФЛ расмий сайти Суперлига 21-тури доирасида 29 октябрь куни ўтказилган «Бухоро» - «Сўғдиёна» (2:5) учрашувини ўзбекистонлик ФИФА тоифасидаги рефери Шерзод Қосимов бошқаришини эълон қилган, ўйин арафасида эса ташкилот Қосимов ўрнига Аҳрол Рисқуллаев тайинланганини маълум қилганди.

Аввалроқ, келишилган ўйинлар ва коррупцион ишларга аралашгани учун ФИФA ҳаками Жасур Мухторов 5 йил муддатга, бош ҳакам Темур Тўхтасинов 2022 йилгача, бош ҳакам Аскер Нажафалиевни эса 2020 йил охиригача футболдан четлатилгани ва ҳар бири 90, 70 ва 10 миллион миқдорида жаримага тортилгани ҳақида ЎФА томонидан хабар қилинган эди.

Мавзуга оид