Спорт | 14:55 / 30.11.2020
37401
4 дақиқада ўқилади

90 миллион сўм жарима ва 5 йиллик дисквалификация. Жасур Мухторов қайси ўйиндаги ҳакамлик учун четлатилди?

 Ўтган ҳафтада ўзбек футболи айвонидаги энг муҳим ва шов-шувли хабар коррупция ва келишилган ўйинларда қатнашган уч нафар ҳакамнинг ЎФА томонидан расман жарима ва жазога тортилгани бўлди.

Инспекция томонидан ўрганишлар натижасида Ўзбекистон Суперлига ва Про Лига учрашувларида коррупцион ҳолатлар, яъни бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашган уч нафар бош ҳакам – Жасур Мухторов, Темур Тўхтасинов, Аскер Нажафалиев дисквалификация қилинди.

 Жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан энг жиддий жазога лойиқ кўрилган ФИФА рефериси саналмиш Жасур Мухторов бўйича қуйидагилар эълон қилинди:

 «ФИФA, ОФК ҳаками Жасур Мухторов ЎФA интизом кодексининг 5.44. бандига асосан бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун 5 (беш) йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилди ҳамда 90 000 000 (тўқсон миллион) сўм жаримага тортилди», - дейилади расмий баёнотда.

ЎФА ҳакамларнинг айнан қайси ўйинларда адолат мезонларини бир четга суриб, коррупцион ишларга қўл урганини расман очиқламаган бўлса-да, Tribuna.uz ўз манбаларига таяниб Жасур Мухторовнинг дисквалификациясига сабаб бўлган асосий ўйинлардан бирини аниқлади.

 Уч йилдан бери Суперлигада бош ҳакам сифатида ишлаётган, сўнгги бир ойдан буён чемпионат баҳсларига тайинланмаётган 27 ёшли Жасур Мухторов 2019 йилги мавсум якунида Суперлигада қайси клуб қолиши ва қайси жамоа Про лигага тушиб кетишига таъсир ўтказган. Хусусан, у 2019 йилги Суперлиганинг сўнгги тури доирасидаги «Бухоро» - ОКМК учрашуви дуранг (1:1) натижа билан якунланаётган ва бухороликлар 22 очко билан қуйи лигага тушиб кетиш арафасида қолган бир пайтда, 90+2-дақиқада жарима майдони ташқарисидаги вазиятни ўйин қоидаси бузилиши деб баҳолаб, меҳмонлар дарвозаси томон жуда шубҳали пенальти белгилаган. Натижада, 11 метрлик гол эвазига қўлга киритилган ғалаба туфайли очкосини 24тага етказиб олган «Бухоро» лигада қолган, унинг ўрнига 24 очкога эга «Динамо» ўзаро ўйинлардаги кўрсаткич туфайли қуйи лигага равона бўлган.

Қизиғи, ўша баҳсдан кейин «Спорт» телеканалининг «Referi taym» кўрсатувида ҳакамлар назоратчиси Рашид Айтеков «Бухоро» — ОКМК ўйинида белгиланган пенальти ҳақида гапириб, «Бу вазиятда пенальти бор ҳам, йўқ ҳам дея олмайман», - дея фикр билдирганди.

 Бошловчи қоида бузилиши жарима майдончаси ташқарисида қайд этилганини «Спорт» каналининг камераларида ҳам яққол кўриниб турганини айтганида, Айтеков саволга аниқ жавоб беришдан қочган ва Жасур Мухторовни мамлакатнинг энг умидли ҳакамларидан бири эканини айтиб, уни келажакда жаҳон чемпионатида ишлайдиган рефери бўлишини таъкидлаганди.

Аммо кўриб турибмизки, собиқ ҳакам Айтековнинг умидлари пучга чиқди – роппа-роса бир йил ўтиб, «мамлакатнинг умидли ҳакамларидан бири» Жасур Мухторов коррупцияга йўл қўйгани ва келишилган учрашувларда қатнашгани туфайли расман жазога тортилди. Яна бир қизиқ факт - «Бухоро» роппа-роса бир йил ўтиб ҳам лигада қолиш учун курашмоқда ва жамоанинг элитадаги тақдири сўнгги турда ОКМКга қарши баҳсда ойдинлашади.

 ЎФА футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси томонидан мазкур ҳолатларга алоқадорликда гумон қилинган 10 нафардан ортиқ футбол ҳакамлари, профессионал футбол клубларининг мураббий ва расмий шахслари бўйича маълумотлар, тегишли футбол учрашувлари қайдномалари, инспекторларнинг футбол учрашувлари бўйича ҳисоботлари, ҳакамларнинг футбол фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги декларациялари, тегишли футбол учрашувларидаги шубҳали эпизодлар акс этилган видеоматериаллар ЎФA Этика қўмитасига кўриб чиқиш учун тақдим этилганлигини эълон қилди. Умид қиламизки, чиркин ишларга қўл урган ҳакамлар билан бирга танганинг иккинчи томони – футбол клублари масъуллари ва расмийлар ҳам тегишли жазога тортилади.

Саид Усмон

Мавзуга оид