Спорт | 16:43 / 02.12.2020
12424
2 дақиқада ўқилади

Карлуш Кейруш истеъфога чиқарилди

Колумбия футбол федерацияси миллий жамоа бош мураббийи Карлуш Кейруш истеъфога чиқарилганини эълон қилди.

Фото: Tribuna.uz

Сўнгги икки йил давомида Колумбия миллий жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаган португалиялик 67 ёшли мутахассис билан бугун, 2 декабрь куни шартнома бекор қилинган. Колумбияликлар Кейруш қўл остида 18 ўйинда майдонга тушиб, 9 ғалаба, 4 дуранг ва 5 та мағлубият қайд этди. 

Колумбия ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасида Эквадорга 1:6 ҳисобида мағлуб бўлгач, Кейруш истеъфога чиқарилган. Колумбияликлар ЖЧ-2022 Жанубий Америка саралаш босқичи турнир жадвалида 7-ўринда бормоқда.

Маълумот учун, Кейрушга икки йил олдин Колумбияга кетишидан аввал Ўзбекистон миллий жамоасини бошқариш таклиф қилинган, лекин томонлар шартнома шартлари бўйича келиша олмаган. Кейруш рад жавобини бергач, Ўзбекистон миллий жамоасига аргентиналик Эктор Купер олиб келинганди.

Осиё Кубоги-2019 мусобақасида Ўзбекистонни олиб борган Купер ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Фаластинга қарши ўйинда Ўзбекистон 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрагач, истеъфога чиқарилганди. Айни дамда Ўзбекистон миллий жамоасини ўзбекистонлик Вадим Абрамов бошқармоқда. Унинг қўл остидаги Ўзбекистон ЖЧ-2022 Осиё саралаш босқичининг «D» гуруҳида 9 очко билан етакчилик қилмоқда.

Мавзуга оид