Жаҳон | 12:48 / 04.12.2020
13361
3 дақиқада ўқилади

АҚШ контрразведкаси: Хитой Байден жамоасига таъсир қилишга уринмоқда

Хитойлик агентлар АҚШ президенти бўлиши кутилаётган Жо Байденнинг маъмуриятига таъсир қилишга уринмоқда. Бу ҳақда АҚШ Миллий разведка ташкилотининг контрразведка бўлими раҳбари Уильям Эванина маълум қилган.

Фото: Getty Images

АҚШ бош контрразведкачисининг айтишича, хитойлик агентлар Байденга яқин одамларни диққат билан ўрганмоқда. АҚШ Адлия вазирлигининг миллий хавфсизлик бошқармаси раҳбари Жон Демерснинг айтишича, Хитой фойдасига айғоқчилик қилган минглаб одамлар Америкадан чиқиб кетган. Хитойлик агентлар охирги вақтларда АҚШдаги сайлов натижалари билан бирга мамлакатдаги коронавирус вакцинаси билан боғлиқ изланишларни ҳам диққат билан кузатмоқда.

«Хитойликлар АҚШда ҳукумат алмашиши арафасида ҳаракатларни кучайтирган. Бу эса оддий дипломатик босимдан ташқари, янги маъмурият вакилларига ҳам босим ўтказилиши хавфи юқори эканини билдиради. Янги маъмурият бундай босимлар бўлиб туришини билиши керак. Биз уларни қайтариш устида ишлаяпмиз», дейди Жон Демерс.

Эътиборлиси, Жо Байден ва Доналд Трамп сайлов кампанияси вақтида бир-бирини Хитой билан алоқаси борликда айблаганди. Исбот сифатида Трамп Байденнинг ўғли Ҳантер Хитой компаниялари билан ишлаганини келтирган бўлса, Байден рақиби Трампнинг Хитой банкида ҳисоб рақами борлигини иддао қилган.

Жон Демерс ёзда ФҚБ АҚШда илмий фаолияти билан шуғулланаётган юзлаб хитойликлар Хитой армияси билан боғлиқ экани ҳақидаги маълумотларни яширганини аниқлаганини эслатди: «5-6 киши қўлга олинди, лекин бу айсбергнинг учи, холос. Тўғриси, биз уларнинг сони қанчалик кўп эканини билмаймиз».

Жон Демерснинг айтишича, ўнлаб хитойлик олимлар сўроқ қилингач, минглаб хитойлик олимлар тезда АҚШни тарк этган. Уларнинг аксари Хитой фойдасига айғоқчилик қилгани тахмин қилинмоқда. Демерс бунақа даражада айғоқчилик билан фақат Хитой шуғуллана олиши мумкинлигини айтмоқда. Бу воқеалардан сўнг Америка томонининг сўрови билан яна минглаб хитойлик талаба ва олимларнинг визалари бекор қилинган. Ўшанда АҚШ Давлат департаменти Хитой фойдасига айғоқчилик қилмайдиган ва Хитой компартиясининг ҳарбий мақсадларига хизмат қилмайдиган хитойликлар учун Американинг эшиклари доим очиқлигини ҳам эслатганди.

Шу йилнинг июл ойида АҚШ хитойликлар интеллектуал мулкка дахл қилгани сабаб Хитойнинг Ҳюстондаги консуллигини ёптирган эди. Хитой ўз фуқаролари бўлган талабаларни депортация қилгани учун АҚШни дискриминацияда айблаб чиқди. Америка эса айбловларни рад этди ва хитойлик талабаларга ҳам худди бошқа мамлакат фуқароларига бўлгани каби муносабатда бўлаётганини маълум қилди.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар Доналд Трамп даврида ёмонлашди. Сўнгги тўрт йил давомида Трамп Хитойга қарши савдо уруши олиб борди. Шунингдек, Ҳонгконгдаги инсон ҳуқуқлари бўйича намойишлар ва Трамп коронавирус тарқалишида Хитойни айблаши томонларнинг муносабатлари янада совуқлашишига сабаб бўлди.

Мавзуга оид