Жамият | 00:34 / 11.12.2020
14744
2 дақиқада ўқилади

Эшакни «Спарк»да судраган қонунбузар жазоланди

Бир ой аввал Тошкентда «Спарк» ҳайдовчиси ўз машинасида эшакни боғлаб судрагани тасвирланган видео тарқалганди.

Жониворга ваҳшийларча муносабатда бўлган қонунбузар фуқаро ўз машинасига боғланган эшакни узоқ масофага судраб кетган. Бу ҳолатни видеога олган фойдаланувчи эса вазиятни кулиб кузатган. Видео интернетда тарқалгач, кўпчилик ҳайдовчига нисбатан салбий фикр билдирди.

3 ноябр куни эшакни ваҳшийларча судраган қонунбузарнинг шахси аниқлангани хабар қилинганди. ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг хабар беришича, қонунбузар фуқаро жазоланган ва унга нисбатан БҲМнинг (базавий ҳисоблаш миқдори) 3 бараварига тенг (669 минг сўм) жарима белгиланган. Яъни, қонунбузарга нисбатан фақат йўл қоидасини бузгани учун маъмурий жазо қўлланган. Жониворга нисбатан ваҳшийларча муносабатда бўлгани учун эса қонунбузар жазосиз қолган.

Олдинроқ Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан ваҳшийларча муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкинлиги айтилганди. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига кўра, жиноят кодексига ҳайвонларга ваҳшийларча муносабатда бўлганлик учун жазо қўллаш бўйича қўшимча киритилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид