Спорт | 21:03 / 13.12.2020
10537
2 дақиқада ўқилади

Футбол афсонаси Паоло Россининг дафн маросими вақтида унинг уйи тўнаб кетилди

Италиялик собиқ футболчи, 10 декабрда 64 ёшида вафот этган Паоло Россининг уйи унинг 12 декабрда Виченцада ўтган дафн маросими вақтида тўнаб кетилди. Бу ҳақда 1982 йилги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бири бўлган футболчининг рафиқаси маълум қилди.    

Ansa ахборот агентлигининг хабар беришича, Россининг рафиқаси Федерика Каппеллетти дафн маросимидан қайтгач, Тосканадаги уйига ўғри тушганини аниқлаган. Ўғирланган буюмлар орасида Россига тегишли бўлган қимматбаҳо соатлар ва нақд пул бўлган. Уй тўнаб кетилгани ҳақида дарҳол полицияга маълум қилинган. Полиция ўғрилик юзасидан жиноят иши қўзғатиб, терговни бошлаб юборган.  

Росси барча замонларнинг энг яхши ҳужумкор ўйинчиларидан бири сифатида футбол тарихига кирган. Марҳум футболчи 1982 йилги жаҳон чемпионатида Италия терма жамоаси сафида ғалаба қозонган ва мусобақанинг энг яхши ўйинчиси деб тан олинган. У клублар даражасида “Виченца”, “Ювентус”, “Милан”, “Верона”, “Комо” учун тўп сурган.

12 декабр Виченцада футболчини охирги манзилига кузатиб қўйиш учун минглаб одамлар тўпланди. Дафн маросимидан олдин марҳум футболчининг тобути “Ромео Менти” стадионига видолашиш учун қўйилди. 

Италияда 12 декабрда ўтган футбол учрашувлари Росси хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди. Бу вақтда стадионлардаги экранларда Россининг сурати ва “Қаҳрамонлар ҳеч қачон ўлмайди!” ҳамда “Чао, Паоло!” ёзувлари акс этиб турган.  

Мавзуга оид