Жаҳон | 09:32 / 13.12.2020
6225
3 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШ расмийларининг Ҳонгконгга киришини чеклаб қўйди

Хитой америкалик айрим расмий шахслар ва бошқаларнинг Ҳонгконгга киришларини чеклаб қўйди. Бу АҚШ ҳукуматининг хитойликларга нисбатан қилган айни ишига жавоб бўлди.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хуа Чунйингнинг айтишича, АҚШнинг дипломатик паспорти эгалари Ҳонгконг ва Макаога визасиз кириш ҳуқуқидан ҳозирча фойдалана олишмайди.

АҚШ ҳукумати расмийлари, Конгресс ходимлари, нодавлат ташкилотлар ишчилари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан жавоб санкциялари қўлланади. АҚШ Ҳонгконгдан Хитойнинг ички ишларига аралашиш ва унинг манфаатларига зиён келтиришда инструмент сифатида фойдаланмоқда. Санкцияга тушганлар Ҳонгконг масаласига фаол аралашган ва бирламчи жавобгар шахслардир.

«Хитой АҚШдан яна бир бор Ҳонгконгда бўлаётган ишларга аралашишни зудлик билан тўхтатишни, Хитойнинг ички ишларига бурун суқишни ва нотўғри ҳамда хавфли бўлган бу йўлдан қайтишни талаб қилади», деган Хуа.

Хитой АҚШ санкциялари ва бошқа ишларига жавоб берилиши билан таҳдид қилганди.

«Синьхуа» ахборот агентлигида Трамп маъмурияти Хитой ва унинг расмийларига қарши чора кўраётиб, АҚШнинг бўлажак маъмуриятининг Хитой билан муносабатларига «чоҳ қазиётгани» ҳақида айтилганди.

«Ҳукмрон Коммунистик партиянинг 92 миллион аъзоси ва уларнинг оилаларига виза чекловларини белгилаб, Хитой-АҚШ муносабатларидан ўз сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланган анти-Хитой кучларининг ғаразли ниятларини фош қилиб қўйди», дейилганди агентлик хабарида.

Ўтган ҳафта АҚШ давлат департаменти 10 йиллик визаларни бир ойга қисқартириши амалдаги маъмуриятнинг қатъий позицияда туриб олганига бир мисол. Бу Хитой ва Ҳонгконг расмийларига уларнинг Ҳонгконг ва Шинжондаги хатти-ҳаракатлари учун қўлланган санкциялардан кейин бўлди.

АҚШнинг янги сайланган президенти Байден Хитойга босим қилишда давом этишга ишора қилган бўлса-да, ундан қарама-қаршиликдан қочиладиган, кўпроқ келишувга асосланган дипломатия юритиши кутилаётганди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хитойни Тайван, Тибет, Ҳонгконг, Шинжон ва Жанубий Хитой денгизидаги олиб бораётган сиёсати учун «жазолаган». Хитойлик ўнлаб расмийлар визалари бекор қилиниб мамлакатдан чиқариб юборилди, хитойлик дипломатлар, журналистлар ва олимларга нисбатан янги санкция ва чекловлар жорий қилинди. Хитойнинг технологик гиганти «Хуавей» АҚШ бозоридан бадарға қилинди. Ундан ташқари, АҚШ бошқа мамлакатларни ҳам шундай қилишга тарғиб қилди ва қисман мақсадига эришди.

Хитой томони 20 январда президентлик ваколатларини бажаришга киришадиган Жо Байден ўзаро алоқаларни яхшилашига умид қилмоқда.

«Бугунги кунда Хитой ва АҚШ ихтилофларсиз, қарама-қаршиликларсиз, ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик қилишлари лозим. Ҳар икки давлат ҳам кучлироқ Хитой-АҚШ муносабатларини кун тартибига олиб чиқишлари лозим», дейилган «Синьхуа»да эълон қилинган муносабатда.

Мавзуга оид