Жаҳон | 00:52 / 14.12.2020
10314
3 дақиқада ўқилади

Алексей Навалний Германияга жўнатилишдан олдин такроран заҳарланган – The Sunday Times

Фото: Facebook/Алексей Навалный

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний августда заҳарлангандан кейин етказилган шифохонада уни иккинчи марта заҳарлашга уринишган. Бу ҳақда Британиянинг The Sunday Times нашри хабар берди.  

Навалний 20 августда Томскдан Москвага учаётганда самолётда мазаси қочган. Мухолифатчи оғир аҳволда Омскдаги шифохонага етказилган, 2 кун ўтиб эса даволаш учун Берлинга олиб кетилган. Шифохонада мухолифатчига моддалар алмашинуви бузилиши ташхиси қўйилган.

Германия ҳукумати сентябр бошида Навалний “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини эълон қилган. 

Британ нашрининг таъкидлашича, мухолифатчини Омскдаги шифохонада иккинчи марта заҳарлашга уринишган. Бу мақсадда Россия махсус хизматлари шифохонанинг бош шифокори хонасида база ташкил этган. Бу ҳақда Британия махсус хизматлари ходимларига германиялик ҳамкасблари маълум қилган.

“Ғарб махсус хизматларидаги манбаларнинг маълум қилишича, давлат хавфсизлик идоралари ходимлари Навалнийни ўлдиришга биринчи уринишдан кейин уни Берлиндаги хавфсиз жойга етказишдан олдин иккинчи доза заҳар билан йўқ қилишга уринишган”, деб маълум қилинган нашрда. 

Таъкидланишича, бу уриниш Навалний Берлинга йўлда ўлишини ҳисобга олиб амалга оширилган. 

Мақолада кўрсатилишича, мухолифатчини заҳарлашга иккала уриниш ҳам Навалнийга “Новичок”нинг антидоти – атропин моддаси киритилгани сабабли йўққа чиққан. Унга бу моддани Омск аэропортидаги тиббий ёрдам бригадаси киритган. Тахмин қилинишича, атропин “Новичок” асаб-фалажловчи моддасининг таъсирини йўққа чиқарган, бироқ Навалнийнинг кома ҳолатини узайтирган.  

Нашр манбаларининг тахмин қилишича, Россия махсус хизматлари ходимлари Навалний меҳмонхона хонасида бўлмаганда унинг кийимига “Новичок”дан томизиб қўйган бўлишлари мумкин. 

Ўз навбатида Омск шифохонасининг ўткир заҳарланишлар бўлими бошлиғи, Омск области ва Сибир федерал округининг бош токсикологи Александр Сабаев британ нашридаги мақолага изоҳ берди. 

“Бизга ҳеч бир томондан ҳеч қандай савол юзага келмаган. Унинг (Навалний) ёнига тиббий ходимлардан бошқа ҳеч ким кирмаган. Бу айблов бошидан охиригача уйдирма. Бирламчи заҳарлаш ҳам, иккиламчи заҳарлаш ҳам бўлмаган”, деб айтган Сабаев. 

Мутахассис ушбу ахборотни муайян мақсадлар билан тарқатилаётган уйдирма деб атаган.

Аввалроқ The New York Times нашри Навалний меҳмонхонада, сўнгра аэропортдаги кафеда чой ичганда икки марта заҳарланган бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Россия ташқи ишлар вазирлигида бу айбловларга жавобан мухолифатчининг заҳарланишида саҳналаштириш аломатлари борлиги айтилган. Жумладан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мухолифатчи Германияга олиб кетилаётганда самолётда “Новичок” билан заҳарланган бўлиши мумкинлигини айтган.

Мавзуга оид