Жамият | 17:49 / 14.12.2020
21571
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда аёлини таҳқирлаб, ахлат ейишга мажбурлаган эркак 3 йилга қамалди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида рафиқасини хўрлаб, калтаклаган ва боласининг ахлатини ейишга мажбурлаган эркак суд ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: Видеодан кадр

14 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди 46 ёшли эркакни ЖКнинг 110-моддаси 1-қисми (Муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш)да айбдор деб топди.

Kun.uz Олий суд ахборот хизматидан олган маълумотга кўра, жазо муддати манзил колонияда ўталади ва маҳкум токсикоманияга қарши мажбурий тиббий даволанишга жалб қилинади.

Суд ҳукмида ёзилишича, судланувчи Р.И. 1974 йилда туғилган бўлиб, миллати ўзбек, икки фарзанднинг отаси; муқаддам судланмаган. Мирзо Улуғбек тумани Оққўрғон кўчасида яшаб келган.

Р.И. 2009 йилдан 2020 йилнинг 1 октябрига қадар бирга яшовчи турмуш ўртоғи Д.И.ни турли ҳил баҳоналар билан калтаклаган, баданига санчқи босиб азоблаган. 1 октябрь куни эса ўзининг инсонийликка хос бўлмаган хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 3 яшар қизининг тувакдаги ахлатини ейишга хотинини мажбурлаган; шу куни уни тахта билан уриб, тан жароҳати ҳам етказган.

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Аёлини памперс ейишга мажбурлаган эркак 1 декабрь куни 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид