Ўзбекистон | 23:29 / 18.12.2020
18993
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари ва Тошкент шаҳар ҳокими ёшлар билан рақс флешмобида қатнашди (видео)

18 декабрь куни Тошкентда ёшлар форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Беҳзод Мусаев ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тадбир доирасида бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшларни форум билан табриклади.

«Азиз ёшлар, давлат раҳбари ташаббуси билан сизларни йиғиб, жипслаштириш мақсадида ушбу форум ташкил қилинди. Мен ижро ҳокимиятининг бир вакили сифатида шуни айта оламанки, президентимиз ҳаммангизни жуда яхши кўради», – деди Беҳзод Мусаев.

Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам ўз сўзида ёшларни шижоатга чорлади.

«Бугунги тадбирга йиғилган ёшларни, уларнинг табассумларини кўриб, мен келажакда вазир, ҳоким бўладиган ёшларни кўряпман. Сиз Ўзбекистон келажагининг асоси бўласиз, унинг тараққиёт индексига бош бўласиз, юксак натижаларга эришасизлар.

Бунга албатта эришамиз. Аввалига Ўзбекистон, кейин Марказий Осиё, ундан кейин босқичма-босқич бориб бутун дунё номидан гапирамиз.

Ёшлар учун замонавий, барча технология билан жиҳозланган мактаблар, таълим даргоҳлари қуриб берилмоқда. Аммо фақатгина чиройли, замонавий бинолар билан ёшлар олим бўлиб қолмайди. Яъни илм сизни эмас, сиз илм ортидан боришингиз керак. Тараққиёт сари интилишингиз, қаҳрамон бўла олишингиз керак. Буни қила оламизми? Албатта, қила оламиз!

Маданиятда, спортда, илмда ҳар қандай соҳада, сиз Ўзбекистон ёшлари бутун дунё номидан гапира оладиган даражада қаҳрамонлар бўлишингиз керак», – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Маросим якунида тадбирнинг барча иштирокчилари флешмобда рақсга тушишди. Унда Беҳзод Мусаев ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам қатнашди.

Мавзуга оид