ДХА исм-фамилияни ўзгартириш тартиби ҳақида маълумот берди
Давлат хизматлари агентлиги маълум қилишича, исм-фамилия ва ота исмини ўзгартирганлик учун 18 ёшгача бўлган шахслардан 144 900 сўм, 18 ёшдан катталардан 256 400 сўм миқдорида давлат божи ҳамда герб йиғими ундирилади.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда исм, фамилия, ота исмини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган муҳокамалар, давлат хизматлари марказларига бу борада мурожаатлар кўпайган. Давлат хизматлари агентлиги исм-шарифни ўзгартириш масаласи Оила кодекси билан тартибга солинишини эслатди.
«Оила кодексининг 226-моддасида фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тартиби ҳақидаги қоидалар ифода этилган. Унга кўра, фуқаронинг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси ўн олти ёшга тўлгандан кейин ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан кўриб чиқилиши, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги хулоса ички ишлар органлари томонидан ушбу шахс тегишлича текширувдан ўтказилгандан кейингина тузилиши мумкинлиги, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиришни рад этганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органига юқоридаги масала юзасидан ариза бериши мумкин», дея ДХА ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Таъкидланишича, исм-фамилия, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
- ариза берувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
- агар ариза берувчи никоҳда турган бўлса, у ҳолда никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси, агар никоҳдан ажратилган бўлса — никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномаси;
- агар ариза берувчининг вояга етмаган болалари бўлса, у ҳолда болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;
- ариза берувчининг паспортидан ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатидан кўчирма;
- агар ариза берувчи вояга етмаган ёки суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, у ҳолда ота-онасининг ёхуд васий ёки ҳомийнинг аризаси;
- 1 дона (3х4 ўлчамли) фотосурат.
Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар ФҲДЁ бўлимлари томонидан қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилади:
- «Давлат тили ҳақида»ги қонунининг 15-моддасига биноан;
- суднинг ҳал қилув қарори асосида;
- агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;
- агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;
- хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;
- оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);
- 16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда.
Маълум бўлишича, 18 ёшгача фамилия, исм ва ота исмини ўзгартирганлик учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида (айни пайтда 111 500 сўм), 18 ёшдан юқори шахсларга БҲМнинг 100 фоизи миқдорида (223 000 сўм) давлат божи ҳамда БҲМнинг 15 фоизи миқдорида (33 400 сўм) ҳар бир гербли гувоҳнома учун герб йиғими ундирилиши белгиланган.
«Шу билан бирга, агар шахс исмига «-хон», «хўжа», «ҳожи», «бек», «бону», «биби», «бегим», «зода», «мир», «абду» қўшимчаларини, ота исмини ёзишда «евич», «ович», «евна», «овна», «қизи», «ўғли», «-ий», «-зода» қўшимчаларини киритишни ёки шу каби қўшимчаларни олиб ташлашни истаса, бу ҳолат шахснинг ёшидан қатъи назар, далолатнома ёзувига қўшимча киритиш йўли билан амалга оширилади.
Фамилия, исм ва ота исми ўзгариши ариза берувчи шахсларнинг вояга етмаган фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тегишли ўзгартиришлар киритилишига олиб келади», дейди агентлик расмийси.
Мавзуга оид
17:33 / 07.12.2024
Кипр Путиннинг собиқ курсдошига берилган «олтин паспорт»ни олиб қўймади
17:27 / 26.11.2024
Қозоғистон паспорти Марказий Осиёда энг кучли деб топилди
18:21 / 13.08.2024
“Шоҳ асар” — Канаданинг янги паспорти дизайни ҳақида
08:35 / 20.07.2024