Ўзбекистон | 12:42 / 19.12.2020
4716
3 дақиқада ўқилади

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги ва «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида “Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тушунчаларга тўлиқ ва аниқ изоҳ берилмаган эди. Бу амалиётда ҳуқуқий нормаларни қўллашда айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган эди.

Амалдаги Қонунда тендер бошланишидан бир ой олдин оммавий ахборот воситаларида, давлат органи веб-сайтларида эълон қилиниб, манфаатдор шахслар доирасини аниқлаш жараёни назарда тутилган. Малака ҳужжатлари фақатгина эълон муддати тугагандан кейин қизиқиш билдирганларга юборилиши белгиланган. Айнан шу ҳолат тендер жараёнини аксарият ҳолларда бир ойга кечиктирилишига сабаб бўлаётганди.

Эндиликда Қонунга ички амалиёт ва халқаро тажрибадан келиб чиқиб, “концессия”, “махсус лойиҳалаштириш компанияси” ва “талабгор” деган янги тушунчалар киритилиб, уларга тасниф берилмоқда. Бозорнинг ишлаш механизмларига монанд қоидаларини белгилаш мақсадида Қонунда ишлатиладиган бошқа асосий тушунчаларга аниқлик киритилмоқда.

Сенаторлар эътибор қаратганидек, кўриб чиқилаётган ўзгартишларда тендер ўтказиш жараёнини тезлаштириш учун эълон бериш билан бир вақтда тендер ҳужжатларини ҳам тақдим қилиш белгиланмоқда.

Шунингдек, хусусий шерик ҳуқуқларининг кафолатлаш нормаси аниқлаштирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари давлат-хусусий шериклик объектига инвестиция киритиш шартларини ёмонлаштирса, хусусий шерик давлат-хусусий шериклик объектидан эркин фойдаланиш учун тўлов ва (ёки) фойдаланганлик учун тўлов компенсацияловчи тарзда оширилишини, қолаверса, давлат шеригидан бир марталик компенсация тўловини ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга тегишли ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритилишини талаб қилишга ҳақли, деб белгиланмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битими доирасида ўз ихтиёрларидаги объектларни аниқлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан, чет эл инвесторлари иштирокидаги лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни ва мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича чоралар кўриш ваколатлари берилмоқда.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши соҳа ҳуқуқий асосини халқаро амалиётга мослайди, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ягона қоидалар ҳамда талабларнинг бажарилишини таъминлайди. Шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган сарф-харажатларнинг қисқаришига, мамлакатнинг инвестициявий муҳити ва жозибадорлиги ошишига, тармоқларга тўғридан тўғри инвестициялар жалб этилишига ва натижада янги иш ўринлар яратилишига олиб келади

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид