Жаҳон | 21:05 / 23.12.2020
6744
2 дақиқада ўқилади

Twitter АҚШ президенти аккаунтини Байденга обуначиларсиз топширишга қарор қилди 

Twitter ижтимоий тармоғи АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятига тегишли расмий аккаунтлар сайланган президент Жо Байден маъмуриятига берилиши вақтида улардаги барча обуначилар ўчирилишини тасдиқлади.   

Фото: AP

Аввалроқ Байден штаби аъзоси Роб Флаэрти янги президент Twitter’даги аккаунтлар топширилиши вақтида обуначиларсиз қолишини маълум қилганди. 

Twitter Байденнинг 2021 йил 20 январдаги инаугурацияси куни Оқ уйнинг @WhiteHouse, @LaCasaBlanca, @POTUS, @VP, @PressSec ва @Flotus каби расмий аккаунтларини янги маъмуриятга топширади.

Twitter’да таъкидланишича, ижтимоий тармоқ ушбу аккаунтлар обуначиларини аккаунтлар архивланишидан огоҳлантиради ва уларга Байден маъмуриятининг янги аккаунтларини кузатишни таклиф қилади.

“Мисол учун, @WhiteHouse’га обуна бўлганлар аккаунт @WhiteHouse45 каби архивланишидан огоҳлантирилади ва уларга янги @WhiteHouse аккаунтини кузатиб бориш имконияти тақдим этилади”, дейилган ижтимоий тармоқ хабарида.

Шу билан бирга, Трамп ўзининг 88 млн обуначига эга шахсий аккаунти @realdonaldtrump’ни сақлаб қолиши мумкин бўлади. Бироқ Трампга АҚШ президенти сифатида аккаунтини ҳимоялашда тақдим қилинган функциялар сақланмайди. 

Флаэртининг таъкидлашича, Трамп маъмурияти 2016 йилда Барак Обаманинг аккаунтини барча обуначилари билан олган. Унинг айтишича, Twitter’нинг ҳозирги қарори компаниянинг ўзи томонидан қабул қилинган ва унга Трамп маъмуриятининг алоқаси йўқ.  

Мавзуга оид