Light | 15:01 / 24.12.2020
116370
5 дақиқада ўқилади

Ҳаётнинг 6 жабҳаси: Моддий фаровонликка интилишда нималарни унутмаслик лозим?

«Ислом молияси» лойиҳаси моддий фаровонликка интилаётган инсонлар унутиб қўймаслиги лозим бўлган ҳаётнинг олти асосий жабҳасини санаб ўтди. Kun.uz мақолани ўзбек тилида тақдим этади.

Фото: Depositphotos

Бу нақадар жўн ва чегараланган туюлмасин, бироқ одамлар кўпинча моддий афзалликлар ва бойликка ягона мақсад сифатида қарашади. Ҳолбуки, пул эвазига ҳаётда фақат базавий эҳтиёжларни қондириш мумкин, холос.

Моддий фаровонлик томон интила туриб, биз доим ўзимиз зиён кўрадиган нарсаларнинг барчасини қиламиз. Шунинг учун бугун 6 таркибий қисмдан иборат тўлақонли фаровон ҳаёт «мажмуаси» ҳақида гаплашамиз.

1. Саломатлик ва оилавий тотувлик. Бу икки омил ишингиз муваффақиятга (молиявий муваффақиятга) эришишида физиологик даражада ҳам, руҳий-эмоционал даражада ҳам улкан рол ўйнайди.

Токи оилавий масалаларни бир ёқлик қилмас экансиз, саломатлигингизга тупуриб қўяр экансиз, бизнесингиз/юмушингиз ўсиши мумкин эмас. Шунинг учун токи улар сизни тарк этмасидан аввал оила ва саломатликни қадрланг...

2. Чуқур ихтисослаштирилган билимлар ва кўникмалар. Улар ҳар қандай жойда ва ҳар қандай соҳада қадрланади.

Ривожланган давлатларда сиз махсус экспертлик, тажриба ва билимга эга эканингиз учун истиқомат ҳуқуқини тақдим этишга тайёр бўлган кўплаб дастурлар бор. Кўплаб жуда бой одамлар ва йирик компаниялар ўз ишининг усталари учун ноллари кўп рақамлардан иборат маош тўлашга тайёрлигини биласизми? Ахир бойлик шу эмасми?

3. Ҳамфикрлар ва алоқалар. Агар сизда жипс жамоа, сизники билан муштарак дунёқараш ва қадриятларга эга, бизнеснинг ёруғ ва қоронғи йўлакларида бирга одимлашга тайёр бўлган инсонлар бўлса, демак омадингиз бор экан, сиз – реал капитал эгасисиз.

Тўғри алоқалар ва зарур контактлар ҳам ҳақиқий бойлик бўла олади. Инсонларни бир-бирига боғлаш, инсонларга савоб ва фойдали ишларни қилишда ёрдам бериш, уларнинг бизнесларини илдамлатувчи инсонлар билан таништиришдан асло чарчаманг.

4. Инсонийлик, яхши хулқ-атвор ва инсофлилик. Агар сиз катта пуллар йирик бизнес ғояларга эга бўлсангиз-у, шериклари, дўстлари ва яқинларига тупуриб қўйган социопат ва ашаддий макиавелист, ўз фойдаси йўлида инсонларнинг тақдири устидан осонгина ҳатлаб ўтишга қодир бўлсангиз – сиз шунчаки жонсиз танасиз.

Ўзингиздан камтар насиҳатгўй ясаб олишга ҳарчанд тиришманг, сизнинг аслиятингизни эртами-кечми англаб етишади. Қабиҳлик барибир аён бўлади. Шундай экан, чинакам ички хушхулқлик ва одоблилик — бу ажойиб бойлик, усиз ҳар қандай бошқа капитал осонгина буғланиб кетади.

5. Эзгу ишлар. Фақат ўзи учун яшамаслик, фойда ва фойдали инсон бўлишга интилиш, муҳтожларга ёрдам бериш, инсонлар ҳақида қайғуриш ва бу ишларни сидқидилдан амалга ошириш лозим (чунки ҳар бир иш самимийлик синовидан ўтади).

Буларнинг барчаси ишларингизга омонлик ва барака олиб келади. Бу – рад этиб этиб бўлмас метафизик қонун.

6. Чинакам ва самимий эътиқод. Ҳар қандай инсон, ўзи буни англаса-англамаса-да, самимий эътиқодга эҳтиёж сезади. Чунки эътиқод унга мустаҳкам мазмун, мўлжал ва қадриятларнинг аниқ тизимини беради. Эътиқодли инсон унинг ҳаёти беҳуда эмаслиги, ҳаётдаги воқеа ва ҳодисалар ортида муайян «олий» режа ёки мақсад турганини аниқ англайди.

Эътиқод бизга кундалик ҳаётдаги алғов-далғовлар, азоб-уқубатлар ва кутилмаган мушкулотларни енгиб ўтишга, уларда биздан яширинган доноликни кўра олиш ва бизни ҳақиқат йўлига қайтаришда ёрдам беради. Бу – эътиқодимиздаги муҳим конструктив функциялардан бири.

Бу айниқса онгимизни манипуляция қилиш турли даражали ва ахлоқ қоидаларига кескин хилоф бўлган замонавий дунёда жуда муҳим. Шу сабабли, эътиқодни топа олган инсонни ҳақиқий бойликка эга дейиш мумкин.

Фикримни Суқротнинг қуйидаги сўзлари билан якунлашга ижозат бергайсиз: «Эзгуликни билган одам эзгу ишлар билан шуғулланади».

Мавзуга оид