Ўзбекистон | 18:05 / 30.12.2020
19671
2 дақиқада ўқилади

Гулжаҳон Йўлдошева иши. Судда навбатдаги гувоҳлар кўрсатмалари тингланди

28 декабр куни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Навбатдаги суд мажлисида ҳам иш бўйича жалб этилган гувоҳ ва мутахассисларнинг кўрсатмаси тингланди.

Гувоҳ Валия Жўраева карантин даврида Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаган. У судда марҳум Ф.Рустамовнинг аҳволи ҳақида гапириб, касаллик тарихида унга COVID-19 ташхиси қўйилмаганини, унга ҳар гал кислород уланганда буни олиб ташлашини айтди.

Вилоят юқумли касалликлари шифохонасида қоровул бўлиб ишлаган гувоҳ Турдибек Aйдинбаев Йўлдошеванинг ҳар куни ишга келганини, шифохонага текширув келганида уларга тўсқинлик қилмаганини билдирди.

Г.Йўлдошевага нисбатан эълон қилинган иқтисодий жиноятларга оид ҳолатлар бўйича Тошкент вилояти давлат молиявий назорати бошқармаси мутахассиси Музаффар Раҳимов кўрсатмалари тингланди. У шифохона фаолиятида бир нечта молиявий хатоликлар бўлганини қайд этди, бош шифокор изоҳ берди.

Шунингдек, судда Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокор ўринбосари лавозимида ишлаган Нилуфар Чўлиева ҳамда шу шифохонанинг ҳамшира-провизори бўлиб ишлаган Нафиса Тўраева, вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ходимлари, ҳамшира ва назоратчиларининг ҳам кўрсатмалари тингланди.

Суд 2021 йилнинг 4 январигача танаффус эълон қилди.

Мавзуга оид