Ўзбекистон | 11:06 / 30.12.2020
28012
5 дақиқада ўқилади

ОАВ ва блогерларга «тош отилди». UzAuto Motors'нинг юридик хизмати раҳбари нима демоқчи?

UzAuto Motors юридик департаменти директори Рустам Шаймардонов ОАВ ва блогерларни компанияга катта миқдорда молиявий зарар етказишда айблади. Унинг айтишича, «буюртма асосида тарқатилган» бўҳтон ва асоссиз хабарлар «миллий бренднинг нуфузи»га ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир қилган.

Рустам Шаймарданов / Фото: Kun.uz

Ушбу айбловлар компаниянинг матбуот хизмати ёки молия департаменти ёхуд шунга ўхшаш бошқа бирор тузилмаси ходими томонидан билдирилганида, «Ҳа энди, аччиқ устида айтилган гап-да...» деб эътибор қаратмасмидим, балки. Аммо таги бўш, бирор бир ҳуқуқий асос ва далилга эга бўлмаган айбловни юридик соҳа вакили – кимсан компаниянинг юридик департаменти директори илгари сургани қатор саволларни уйғотди.

Рустам Шаймардонов ёзмоқда:

«ОАВ ва ижтимоий тармоқларда «Махсус буюртма» асосида турли бўҳтон ва асоссиз хабарларнинг тарқатиб борилаётганлиги, нафақат миллий бренднинг нуфузига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда».

Юриспруденция йўналишидаги ҳамкасбларимизга маълумки, ҳуқуқшуноснинг касбий мажбуриятлари юзасидан айтадиган ҳар бир сўзи (хулосаси) ҳуқуқий асосга эга бўлиши, далиллар билан исботланиши лозим.

Барчага маълум, UzAuto Motors компаниясининг фаолияти саноқли ОАВ ва блогерлар томонидан танқид қилинди. Лекин Шаймардонов ўзининг иддаоларида уларнинг номларини тилга олмаган. Ҳолбуки, компания вакиллари веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда ўз фаолиятига доир бирор маълумотни эътибордан четда қолдирмаган бўлсалар керак.

Рустам Шаймардонов яна ёзмоқда:

«Бундай хабарлар тарқалиши жорий йилнинг август-сентябр ойларида «UzAuto Motors» АЖ кунлик тушумининг қарийб 30–40 млрд сўмга кескин камайишига ёхуд жорий йилнинг август–сентябр ойларида белгиланган режани 562 млрд. сўмга кам бажарилишига сабаб бўлган».

«Хорижий ҳамкорлар билан Жамиятнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги 150 млн евро миқдоридаги келишуви кечикишига ҳам айнан шундай хабарлар сабаб бўлган».

Унинг ОАВ, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига нисбатан мазкур иддаолари туҳмат ва ёлғон ахборот тарқатиш бўлиб қолмаслиги учун далиллар билан асосланиши зарур.

Шундай экан, компаниядан айрим ҳолатларга ойдинлик киритишни сўрашга ҳақлимиз.

Ҳурматли Рустам Шаймардонов, ҳуқуқшуноснинг сўзи исботи билан бўлиши керак. Шу боис сиздан қуйидаги ҳолатлар бўйича аниқ далилларга асосланган жавоблар кутиб қоламиз:

1. Компания 2020 йил август–сентябр ойларида белгиланган режани 562 млрд сўмга кам бажаришида, шунингдек хорижий ҳамкорлар билан 150 млн евро миқдоридаги келишуви кечикишида ОАВ ва блогерларнинг айбини нима билан исботлайсиз?

Бу рақамлар қайси усул билан амалга оширилган ҳисоб-китоблар асосида аниқланганини очиқланг. Зеро, «айбдор»лар буни билиши керак.

2. UzAuto Motors компанияси фаолияти саноқли ОАВ ва блогерлар томонидан танқид қилинган ва буларнинг мақола ва постлар кесимида аниқ рўйхати сизда мавжудлигига ишонамиз. Шундай экан, компания ҳақида «махсус буюртма»лар асосида ёзган ОАВ ва блогерлар рўйхатини ҳам жамоатчиликка тақдим этинг.

Фақат илтимос, бунда ҳам умумий гаплар билан айлантирманг. Аниқ ёзинг: ОАВ номи, мақола номи ва линки ҳамда унинг буюртмачисини кўрсатинг (буюртма асосида ёзилгани фактини асослайдиган далиллар билан бўлгани яхши, албатта).

3. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, ташкилотларнинг ишчанлик обрўсини камситадиган маълумотлар тарқатилган тақдирда, улар ўзларини суд орқали ҳимоя қилиши лозим. Шундай экан, ОАВ ва блогерлар турли бўҳтон ва асоссиз хабарлар тарқатиб «миллий бренд»нинг нуфузига ва мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатгани учун нега судга даъво ариза киритмаганингиз сабабларига изоҳ бериб ўтсангиз.

Агар, кеча – 29 декабр куни эълон қилган баёнотингиздаги айбловларни исботлаб бера олмас экансиз, демак туҳмат қилган бўласиз ва UzAuto Motors ҳақида танқид ёзган ҳар бир ОАВ ҳамда блогер сизни устингиздан ваколатли органга арз қилишга ҳақли бўлиб қолади.

Чунки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, туҳмат қилиш ва ёлғон ахборот тарқатиш учун қатъий жавобгарлик белгиланган.

Сўзимиз якунида сиздан шуни сўраб қоламизки, борди-ю қўлингизда компаниянинг тегишли режани бажара олмай қолишига ОАВ ва блогерларни «махсус буюртма»лар асосида ёзилган мақолалари сабаб бўлганини исботловчи далиллар бўлмаса, шунингдек, сиз эътироф этаётган ОАВ ва блогерларнинг рўйхатини очиқлай олмасангиз, ўз баёнотингизга раддия беринг ва UzAuto Motors ҳақида ёзган барча ОАВ журналистлари ҳамда блогерлардан оммавий равишда узр сўранг.

Жавоб кутамиз.

Аббос Салайдинов,
ҳуқуқшунос

Мавзуга оид