Жаҳон | 14:20 / 31.12.2020
32896
14 дақиқада ўқилади

Намойишлар, табиий офатлар ва урушлар: 2020 йил суратларда

Якунланаётган 2020 йил тарихдаги энг ноодатийси бўлиб қолмоқда. Бу йилни кейинчалик кўпроқ пандемия билан ёдга олсак-да, инсоният ҳаётига жиддий таъсир қилган ва кишини ларзага солувчи бошқа йирик воқеалар ҳам кўп бўлди.

Қуйидаги фотогалереяда одамни йиғлашга ҳам, хурсанд бўлишга ҳам ундайдиган, ҳаяжонга солувчи ва қўрқитувчи, одамийликка ишонч йўқолмаганини кўрсатувчи суратлар жамланди.

Фото: EPA/Vostock-photo

2019 йил ноябрида Австралияда бошланган ўрмон ёнғинлари 2020 йил январининг илк кунларида авж олди. Ёнғин жами 100 минг квадрат километрдан ортиқ майдондаги ўрмонларни йўқ қилиб, миллиарддан ортиқ жониворларнинг ҳаётига зомин бўлди. Вайронкор олов коалаларнинг учдан бир қисмини қириб юборди. Австралия табиати аввалги ҳолатига қайтиши учун камида бир аср талаб этилади.

Фото: EPA/Vostock-photo

3 январ куни Бағдодда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етакчи қисми бўлмиш «Қудс» бўлинмаси қўмондони, генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилди. Ироқда уни йўқ қилиш амалиёти АҚШ президенти Доналд Трамп топшириғи билан ўтказилди. Эрон Сулаймонийга уюштирилган суиқасд жавобсиз қолдирилмаслигини ваъда қилди. Мамлакат бўйлаб ўн минглаб эронликлар кўчаларга чиқишди ва Америкага қарши шиорлар айтиб, АҚШ байроқларини ёқишди. Ижтимоий тармоқларда учинчи жаҳон уруши бошланиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. 

Фото: Zuma/ТАСС

13 январ куни Филиппин пойтахти Маниладан 70 км масофада жойлашган Таал вулқони уйғонди ва ундан лава оқа бошлади. Вулқондан атрофга қуюқ тутун тарқала бошлагач, яқин атрофдаги ҳудудлардан 8 минг киши эвакуация қилинди.

Фото: Reuters

15 январ куни РФ президенти Владимир Путин Федерал йиғилишга мурожаат қилди, ундаги асосий мавзу РФ Конституциясига ўзгартириш киритилиши эҳтимоли ҳақида эди. У олий мартабали амалдорларнинг хорижий давлат фуқаролигини олишини тақиқлаш, парламент, губернаторлар ва Давлат кенгаши мавқейини кучайтириш ташаббусларини билдирди. Унинг мурожаатидан кейин Россия ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога кетди. 

Фото: Reuters

26 январ куни америкалик баскетболчи Коби Брайант Калифорниядаги Калабасасе яқинида шахсий вертолётида ҳалокатга учради. Вертолёт бортида жами тўққиз киши бўлган, шу жумладан спортчининг 13 ёшли қизи Жианна. Бутун дунё бўйлаб кўча рассомлари афсонавий баскетболчи ва унинг қизига атаб кўплаб суратлар чизишди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Январ ойи охирида Шарқий Африка давлатлари чигирткалар ҳужуми туфайли сўнгги 25 йилликдаги энг оғир оқибатларга дуч келишди. Чигирткалар популяцияси кучли ёмғирлар ортидан янада кенгайди. Миллионлаб ҳашаротлар ўн минглаб гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги экинларини йўқ қилишди. Чигирткалар ҳужуми бу минтақадаги давлатларда очлик хавфини юзага келтирди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

 2019 йил декабрида Уҳанда пневмония авж олиши қайд этилганди. Кейинроқ касаллик сабаби шу вақтгача номаълум бўлган коронавирус экани аниқланди. ЖССТ соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро даражадаги фавқулодда ҳолат юзага келганини эълон қилди. 3 феврал куни коронавирус беморларини даволаш учун Уҳанда илк шифохона фойдаланишга топширилди, унинг қурилиши учун 10 кун етарли бўлди.

Фото: Reuters

9 феврал куни Лос-Анжелесда  Америка киносанъати академиясининг 92-тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Брэд Питт ўзининг актёр сифатидаги илк «Оскар» мукофотини қўлга киритди - унга Квентин Тарантино режиссёрлигидаги «Бир куни… Голливудда» фильмидаги роли учун иккинчи пландаги энг яхши актёр номинацияси бўйича мукофот топширилди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Шарқда коронавирус тарқалиши авж олиши туфайли ваҳима юзага келиб, тиббий ҳимоя тиқоблари ва бошқа индивидуал ҳимоя воситалари танқислиги юзага келди. Хитой аҳолиси бу масалага ўзига хос тарзда ёндашди, баъзида ошириб юборишди ҳам. 26 феврал кунига келиб коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари Антарктидадан бошқа барча қитъаларда қайд этилганди.

Фото: Reuters

2020 йил февралида Антарктидаги Пайн-Айленд музлигидан Мальта ҳажми билан тенг (350 кв. км) айсберг ажралиб чиқди. Пайн-айленд - Амундсен денгизи қирғоқларидаги энг тез эриётган музликлардан биридир.

Фото: Reuters

Март ойи охирига келиб сайёра аҳолисининг тахминан ярми турли давлатлар ҳукуматлари коронавирус тарқалиши олдини олиш учун жорий этган турлича карантин чоралари остида яшай бошлашди. Дунёнинг 41 давлатида камида 3 млрд киши изоляцияга олинди, 1,5 млрд.дан ортиқ киши қатъий карантин шароитида қолди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

31 март куни шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл қироллик оиласи аъзоларининг мажбуриятларини бажаришни расман тўхтатди. Январ ойида улар хонадон билан келишувга эришган ва «ҳазрати олийлари» мақомидан маҳрум бўлишган, давлат томонидан кўрсатиладиган моддий ёрдамдан воз кечишганди.

Фото: Reuters

Апрелда Қўшма Штатлар касалланиш ҳолатлари сони бўйича биринчи ўринга чиқди. Нью-Йорк шаҳри коронавирус эпидемияси марказига айланди. Улкан мегаполис кўчалари бўшаб қолди. 

Фото: Наталия Федосенко/ТАСС

Май ойи ўрталарида дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 4 миллиондан ошди. Суратда: Минскдаги травматология ва ортопедия шифохонасидаги дезинфекция жараёни. 

Фото: AP/ТАСС

21 май куни Pakistan International Airlines авиакомпаниясининг Airbus 320 русумли йўловчи самолёти Карачидаги «Жинна» аэропорти яқинида қулаб тушди. Лайнер бортида 99 йўловчи ва экипажнинг 8 аъзоси бор эди, уларнинг барчаси ҳалок бўлишди. Самолёт қўнишга яқин қолганида аҳоли яшовчи туманга қулаган. Ҳалокат натижасида бир неча уй вайрон бўлган. Авария сабаби учувчилар ва диспетчерлар хатоси бўлган. 

Фото: AP/ТАСС

25 май куни Миннеаполисда афроамерикалик Жорж Флойд полиция қўлидан ўлим топиши АҚШда намойишлар тўлқинига сабаб бўлди. Мамлакатнинг 40дан ортиқ шаҳрида комендантлик соати режими жорий этилди. Жамоатчилик ва Флойднинг қариндошлари айбдорларга қотиллик бўйича жиноий иш очилишини талаб қилишди. Намойишлар тўлқини Вашингтонгача етиб келди, фаоллар бир неча кун давомида Оқ уй атрофини ўраб олишди. Флойднинг ўлимига сабабчи бўлган офицер эҳтиётсизлик туфайли қотиллик содир этишда айбланиб, қамоққа олинди.

Фото: Reuters

30 май куни SpaceX компаниясининг бортида икки астронавт бўлган Crew Dragon кемаси синов парвозлари доирасида Халқаро космик станцияга автоматик равишда муваффақиятли туташди. Кема Флорида штатидаги Канаверал бурнидан Falcon 9 ракета ташувчиси ёрдамида учирилди. Парвоз жараёнини компания асосчиси Илон Маск кузатиб турди. SpaceX компанияси Crew Dragon орқали космик туристларни ташишни мўлжаллаган.

Фото: Reuters

25 июн куни Россияда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бошланди. Ўзгаришлар сайловчиларнинг 77,92 фоизи томонидан қўлланди ва бу ўзгаришлар 4 июлдан кучга кирди. 

Фото: AP/ТАСС

Россияда Хабаровск ўлкасининг собиқ губернатори Сергей Фургал 2000-йиллар ўрталаридаги қотилликда айбланиб 9 июлда қўлга олингач, уни қўллаб-қувватлаш учун бошланган митинглар йил охиригача давом этди. Энг йирик митинг 11 июл куни ўтказилиб, полиция маълумотига кўра, унда 12 минг киши йиғилган. 

Фото: Zuma/ТАСС

Июлда Ер юзи аҳолиси сўнгги 7 йил ичида энг ёрқин кометани кузатишга муваффақ бўлди, бу кометани астрономлар 2020 йилнинг 27 мартида Neowise телескопи орқали аниқлашганди.

Фото: Reuters

25 июлда Япониянинг MV Wakashio номли кемаси Маврикия қирғоқлари яқинида қумлоққа ўтириб қолди. Аварияга учраган кемадан океанга минг тоннага яқин нефт оқиб чиқди, орол давлат қирғоқлари яқинидаги сувлар ифлосланди. Маврикия ҳукумати фавқулодда экологик вазият ҳақида эълон қилди. Ўзига хос табиат ва маржон қоялари хавф остида қолди. 

Фото: AP/ТАСС

4 август куни Байрутдаги порт ҳудудида давомли портлашлар содир бўлди. Ҳодиса сабаби 6 йил муқаддам мусодара қилиниб, омборда сақланаётган 2 750 тонна миқдоридаги аммиак селитра эди. Портлаш оқибатида 170дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 6 мингга яқин киши жабрланди. 10 сентябр куни портда яна бир йирик ёнғин рўй берди. 

Фото: Zuma/ТАСС 

9 август куни Индонезияда Суматра оралининг шимолий қисмида жойлашган Синабунг вулқони уйғонди. Атрофдаги уйлар ва йўллар қалин кул қатлами билан қопланди. Синабунг вулқони 2010 йилдаги кучли уйғонишдан кейин вақти-вақти билан отилиб туради. Бунга қадар вулқон 400 йил давомида уйғонмаган.

Фото: АР/ТАСС 

9 август кунидан буён Минскда ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида президентлик сайловлари натижаларидан норози бўлган аҳоли норозилик намойишлари ўтказиб келмоқда. Сайловда мамлакатни 1991 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қозонганди. Мухолифат натижалар сохталаштирилган деб ҳисоблайди. Намойишчилар Лукашенконинг истеъфосини, сиёсий маҳбусларни озод қилишни ва сайловни қайтадан ўтказишни талаб қилишади. Норозилик акциялари кучишлатар тузилмалар томонидан куч билан бостирилган.

Фото: Reuters

Август ойи ўрталарида бутун дунё бўйлаб Covid-19 билан касалланганлар сони 20 миллион кишига етди, коронавирус қурбонлари сони 730 мингдан ошиб кетди. Суратда: коронавирусдан вафот этган аёлнинг дафн маросимидан олдин дам олаётган тиббий ходим, Нью-Деҳли.

Фото: Reuters

Август ойи охирида АҚШ президентлиги учун сайловдаги демократлар номзоди расман эълон қилинди. Жо Байден номзоди Демократик партия томонидан илгари сурилди. Делегатлар қаршисидаги чиқишида у Трампни ўз сиёсати билан жамиятни иккига ажратиб юборишда ва «Американи қуюқ тутун орасида қолдириш»да айблади.

Фото: AP/ТАСС 

10 сентябрда Сан-Франциско осмони йирик ўрмон ёнғинлари туфайли тўқсариқ рангга кирди. Бу ҳолат АҚШнинг бутун ғарбий қирғоғини қамраб олди. Калифорния штатида табиий ёнғинлар кўлами бўйича 2018 йилги рекордни янгилади ва жами ёнғин майдони 900 минг гектарни ташкил этди.

Фото: AP/ТАСС

Сентябр ойи ўрталарида Жанубий Америкадаги энг йирик ботқоқликлардан бири — Пантанални ёнғинлар қамраб олди. Бразилиянинг жануби-ғарби, қисман — Боливия ва Парагвайни ўз ичига олган Пантаналда яшовчи минглаб ноёб турлар, жумладан, ягуар, капибара, қора кайман (тимсоҳ), улкан қундуз, гиацинтовий ара каби турлар йўқолиб кетиш ёқасида қолди. Бразилияда сўнгги 47 йилдаги энг йирик қурғоқчилик, кучли шамоллар ва ҳарорат 40 даражада исиши вазиятни янада мураккаблаштирди. Ушбу ҳудуднинг 29 фоизи ёниб кетган.

Фото: AP/ТАСС 

Кузда Европа мамлакатларида Covid-19 билан боғлиқ вазият ёмонлаша бошлади. Иккинчи тўлқин вақтидаги кунлик ўлим кўрсаткичлари бўйича энг юқори кўрсаткич Испанияда қайд этилди. Суратда: Барселонадаги шифохонада 52 кун мобайнида интенсив терапия бўлимида ётган бемор Ўрта Ер денгизини томоша қилмоқда.

Сентябр ойи охирида Камчаткада маҳаллий аҳоли ва сёрфингчилар Тинч океанининг Халактирск пляжидаги сув ранги ўзгаргани ҳақида хабар бера бошлашди. Улар сувга тушиб чиққач, ўзларини ёмон ҳис қила бошлашгани ва кўриш ёмонлашгани ҳақида шикоят қилишган. Ижтимоий тармоқларда қирғоқдаги ҳолат акс этган фотосуратлар тарқалди, бу суратларда қирғоққа чиқиб қолиб, нобуд бўлган денгиз жониворлари акс этганди. Терговчилар ва олимлар бу фалокат «қизил оқим» натижасида юзага келган деб хулоса қилишди. 

Фото: Reuters

16 октябр куни Таиланд бош вазири, генерал Прают Чан-Оча Бангкокдаги намойишлар фаоллашиши ортидан 30 кунлик фавқулодда ҳолат режимини жорий этди. Намойишчилар унинг истеъфога чиқишини, янги Конституция қабул қилишни ва монархия ислоҳотлари ўтказишни талаб қилишди. Бангкокдаги вазият июл ойида кескинлаша бошлаган, асосан ёшлар ва талабалардан иборат ўн минглаб кишилар кўчаларга чиқишганди. 

Фото: AP/ТАСС 

27 сентябрдан 9 ноябргача Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилди. Икки томондан ҳам ҳарбийлар ва тинч аҳоли ўртасида йўқотишлар бўлди. Тоғли Қорабоғдаги уруш Россия ва Туркия воситачилигида тўхтатилгач, 7 туман Озарбойжонга ўтди ва бу ҳудудларда яшовчилар ўз уйлари ва мулкларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди.

Фото: АР/ТАСС 

30 октябр куни Туркиянинг Измир шаҳрида 7 балли зилзила содир бўлди. Ўчоқ 10 км чуқурликда жойлашганди. Табиий офат қурбонлари сони 102 нафарни ташкил этди, мингдан ортиқ киши жабрланган.

Фото: Reuters 

АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трамп сайловда Жо Байденга ютқазди. Овоз бериш жараёни 3 ноябр куни ўтказилди. Трамп ҳамон мағлубиятини тан олмаган ва сайлов натижаларини судлар орқали бекор қилишга бефойда уринмоқда.

 Ноябр ойи бошида Эфиопияда сиёсий инқироз юзага келди. Марказий ҳокимиятдан норози бўлган тиграйлик айирмачилар армия бўлинмаларига ҳужум уюштиришди. Икки ҳафта давом этган ҳарбий ҳаракатлар Тиграй маркази бош вазир Аҳмад Абий кучлари томонидан эгалланиши билан тугади. Инқироз ва уруш туфайли Тиграйдаги 40 мингдан ортиқ киши қўшни Суданга қочиб ўтишга мажбур бўлди.

Фото: AP/ТАСС 

Декабр ойи бошида Калифорнияда табиий ёнғинлар туфайли оммавий эвакуация эълон қилинди. Ўрмон ёнғинлари штатда йил бошидан буён 1,62 млн гектар майдондаги ўсимликларни йўқ қилган.

Мавзуга оид