Ўзбекистон | 12:13 / 01.01.2021
7144
6 дақиқада ўқилади

Сенаторлар: Конституция бўйича қонун 18 декабрдаги мажлис кун тартибига киритилмаганди

Тараққиёт стратегияси марказида Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

 

  • Қонун билан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганини инобатга олиб, Конституциянинг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Ўзгартириш киритилаётган моддада аниқлик киритилишича, Ўзбекистон суд тизими Конституциявий суд, Олий суд, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборат. Ушбу ўзгартириш Ўзбекистон президентининг 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра киритилмоқда, фармонга кўра, 1 январдан бошлаб суд тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.

Тадбирда Kun.uz мухбири Сенат ушбу қонунни нима учун 18 декабрь куни ўтказилган ялпи мажлис кун тартибидан олиб ташлангани ҳамда лойиҳаларни Сенатга келиб тушган ва сенаторлар тасдиқлаган вариантидаги фарқлар жамоатчиликка эълон қилиниши борасида савол берди.

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиевнинг айтишича, кун тартиби ялпи мажлис бўлиб ўтадиган куни тасдиқланади. «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси аввалдан кун тартибида бўлмаган.

«Лойиҳа жиҳатидан биз қўмиталарда муҳокама қилишимиз мумкин, лекин кун тартиби ялпи мажлиснинг ўзида тасдиқланади. У ерда [кун тартибида] «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси йўқ эди», – деди сенатор.

Шунингдек, Шуҳрат Чўллиев Қонунчилик палатасидан Сенатга келиб тушиб муҳокама қилинаётган лойиҳаларнинг матнида фарқлар бўлмаслигини маълум қилди.

Шуҳрат Чўллиев

«Чунки бизнинг ҳаққимиз йўқ. Қонунчилик палатасидан қонун бўлиб чиқади, лойиҳа эмас. Шунинг учун биз унинг битта нуқтасини ҳам ўзгартиришга ҳаққимиз йўқ. Агар ўзгартирадиган бўлсак, биз уни қайтаришимиз керак. Бизнинг бунга эътирозларимиз йўқ, чунки бизнинг фикримиз бўйича бу [«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси] анча муҳокамалардан ўтган. Июл ойида президент фармони қабул қилинишидан олдин биз сенаторлар жойларга чиқиб, судлар ва маҳаллий кенгашлар билан муҳокама қилган эдик. Халқ ўзи буни кўтарган эди, «судни оптимизация қилиш керак, жуда тарқоқ бўлиб кетди» деган маънода. Ҳозирги ўзгаришлар шу билан боғлиқ.

Сизлар айрим депутатларга мурожаат қилгансизлар, улар айтган: «Биз Сенатга юборганмиз, Сенат билган ишини қилсин». Ўша депутатлардаги матн билан биздаги матнни солиштиринг, агарда бирорта ўзгариш бўлса жавобини берамиз», – деди Шуҳрат Чўллиев.

Шунингдек, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров ҳам масала юзасидан қўшимча изоҳ берди.

«Ялпи мажлис фақат кенгаш тасдиғи билан ўтказилади. Кун тартибини мана шу кенгаш коллегиал тартибда ҳал қилади, кенгашнинг тасдиғи бўлмаган ҳужжат кўрилмайди. Бизда унақа «қўлимизга етмаган» қонунлар кўп. Бу дегани Қонунчилик палатаси Сенатга «футбол» қилгани билан эртаси куни олиб индинга қабул қилмаймиз.

Сенатнинг функцияси қонунни маъқуллаш ёки маъқулламаслик. Агар матнда бирор тушунмовчилик кўрсак, биз уни маъқулламаймиз. Лойиҳа кейин Қонунчилик палатасига, улардан лойиҳа ташаббуси бўлган ташкилотга тушади. Булар уни бошқатдан ишлаб чиқади», – деди Наримон Умаров.

Наримон Умаров

Аввалроқ, Акмал Саидов бу масалада Қонунчилик палатаси ҳаммасини тўғри бажарганини айтган эди.

«Мен Сенат учун эмас, фақатгина Қонунчилик палатаси учун жавоб бераман. «Қандай қилиб Қонунчилик палатасидан ўтиб кетди?» деган кесатиғингизга ҳам қўшилмайман. Биз Конституция бўйича ва киритилган қонунлар бўйича ишлаганмиз ҳамда буни охирига етказдик. Биз Ўзбекистонда янги суд тизими бўйича барча керакли қонунларни қабул қилдик. Бу 1 январдан ишлаши керак. Лекин Сенат...», – дея бошлаган гапини очиқ қолдирган эди у.

Шунингдек, Конституциявий суд ва Олий суд раислари ўринбосарлари ҳам «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтганини айтиб, бу ерда Конституциянинг 128-моддаси талаблари бузилмаганини билдиришган.

  • Эслатиб ўтамиз, Сенат ушбу қонунни 18 декабрь куни ўтказилган ўзининг сўнгги ялпи мажлисида кўриб чиқиши керак эди, Сенат расмий сайтида бу ҳақда хабар берилганди, бироқ интернетда Конституцияга мувофиқ (128-модда) парламент Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни фақат кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилиши мумкинлиги тўғрисида эътирозлар билдирилгач, масала кун тартибидан олиб ташланганди.
  • Конституциянинг 128-моддаси талабига кўра, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин 6 ой мобайнида Конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.

·        Сенатнинг 6 январ куни ўтказиладиган ялпи мажлисида Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун кўриб чиқилади.

Мавзуга оид