Жаҳон | 22:00 / 03.01.2021
38440
9 дақиқада ўқилади

Аср суиқасди. Бир йил олдин Қосим Сулаймоний ўлдирилганди

2020 йил бутун дунё учун жуда ёмон бошланганди. Биринчидан, коронавирус номли бало Хитойда тарқала бошлагани эълон қилинган бўлса, 3 январ куни яна бир даҳшатли воқеа содир бўлди. Айнан шу куни АҚШ ҳарбийлари эронлик генерал Қосим Сулаймонийни ўлдиришганди. Бу воқеа нафақат Яқин Шарқ учун, балки бутун дунё учун хатарли эди, чунки икки йирик давлатнинг уруши дунёнинг оёғини осмондан қилиб юборган бўларди.

Фото: Reuters

Қосим Сулаймоний ким эди?

1979 йил Эроннинг бугунги ҳаёт тарзига асос ўлароқ ислом инқилоби содир бўлади. Даъвога кўра, ҳукумат империалистлар билан ҳамкорлик қилиб, жамиятни фаҳш ва уятсизликка ботираётганига ортиқ чидай олмаган эронликлар инқилоб қилишади. Натижада Эрон ўз номига кўра ислом давлатига айланади.

Инқилоб амалга ошгач, Эронда инқилоб муҳофизлари корпуси аталмиш чек-чегарасиз ваколатга эга қўшин тузилади. Бу корпуснинг бирламчи вазифаси инқилоб орқали шаклланган ҳукуматни ҳимоя қилиш эди. Кейин бу қўшиннинг ваколати шунчалик кенгайдики, 84 миллион киши яшайдиган Эронда кўнгиллиларни ҳам инобатга олганда, инқилоб муҳофизлари корпуси зобитлари сони 10 миллиондан ошиб кетди. Ана шу қўшиннинг «Ал Қудс» номли махсус бўлинмаси бор. Қосим Сулаймоний ўша бўлинма қўмондони эди.

«Ал Қудс» қилган ишлар ҳақида афсоналар жуда кўп ва улар ҳақида юзлаб фильмлар ишлаш мумкин. Дарвоқе, Қосим Сулаймоний образи бир неча фильмларда ҳам келтирилган, жумладан, Исроил фильмларида ҳам. Қосим Сулаймоний Эронда оятуллоҳ Али Хоминаийдан кейинги иккинчи одам сифатида эътироф этиларди. Президент Ҳасан Руҳонийга ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, Қосим Сулаймонийга бўлган муносабат бу фактни исботлайди.

Бир неча кундан буён Эрон телеканалларида генерални эслаб жуда кўп кўрсатувлар берилмоқда. Уларни кўриб шундай хулоса килиш мумкин: Эрон халқи Қосим Сулаймонийни онгли равишда яхши кўрган. Чунки уни фақат ҳарбий сифатида эмас, маънавий етакчи сифатида ҳам билишарди. Сулаймоний ҳалок бўлганида халқ кўчаларга чиқиб АҚШдан қасос олиш кераклиги ҳақида бақираётганда Трамп аслида эронликлар хурсанд эканини, кўчалардаги бир гуруҳ одамлар эронлик сиёсатчилар томонидан бошқарилаётганини айтганди. Бироқ ўшанда Трамп айтганидек бир гуруҳ одам эмас, бутун бошли мамлакат АҚШни лаънатлаб кўчаларга чиққанди. Чунки эронликларнинг ҳам ҳаётда ўзлари ишонадиган даъволари бор ва Американи ёмон кўришлари учун уларни бошқариш шарт эмас.

Фото: EPA/Vostock-photo

Хуллас, Қосим Сулаймоний мана шундай машҳур, нафақат Эрон халқи орасида, балки бутун дунёдаги шиалар орасида обрўси баланд одам эди. У ўлдирилгач, ҳатто Кашмирдаги шиалар ҳам намойишга чиқиб, қасос талаб қилишди.

Генерал нега ўлдирилганди?

АҚШ президентларининг тарихга кириш учун қиладиган ҳаракатлари доим ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. Айниқса Трамп тарихга кириш учун ҳаддан ташқари кўп ҳаракат қилиб юборди. ИШИД етакчиси Абубакр Бағдодийнинг ўлдирилиши худди Обама давридаги Усама бин Лодиннинг ўлдирилишига ўхшаб кетди ва бу учун Трампни олқишлашди. Чунки Бағдодий бутун дунёда  биринчи рақамли террорчи сифатида тан олинганди.

Трампнинг Қосим Сулаймонийни ўлдириш учун буйруқ бергани эса ҳатто америкалик сиёсатчилар учун ҳам кутилмаган қарор бўлди. Трамп Конгрессни огоҳлантирмай бутун бошли Эрондек давлатнинг асосий ҳарбий қўмондонини ўлдиришга топшириқ берди. Тўғри, у президент сифатида мамлакат ҳарбийларига тўғридан тўғри буйруқ беришга ҳақли, бироқ ўлдирилган одам АҚШга душман деб қаралса ҳам Эроннинг расман ҳарбий қўмондони эди. Бундай лавозимдаги одамнинг ўлдирилиши эса очиқчасига Эронга уруш очишдир.

Трамп ўз қарорини изоҳлар экан, Сулаймоний АҚШнинг асосий душманларидан бири бўлганини айтди. Лекин уни америкаликларнинг кўпчилиги танимасди ҳам. Сулаймоний ўлдирилгач, Эрондаги намойишчиларнинг важоҳатини кўриб америкаликлар чўчиб кетишди. Катта сиёсатчилар ҳатто Эрондан узр сўрашди, Америка кўчаларида «Эрон, бизни ўлдирма» деган баннер кўтарган одамлар иштирокида намойишлар ўтказилди. Америка ҳар қанча ҳарбий держава бўлмасин, америкаликлар ўзларини эронликлар билан жанг майдонида яккама-якка тасаввур қила олишмасди.

Хуллас, катта эҳтимол билан Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши АҚШнинг ҳарбий қарори эмас, аксинча Трампнинг шахсий қарори бўлган. Юқорида айтилганидек, тарихда қолиш ҳисси Трампни мана шундай кескин қарор қабул қилишга ундагани ҳақиқатга яқин. Чунки бу қотилликдан Америка ҳеч нима ютмади. Масалан, бин Лодин ёки Бағдодийнинг ўлдирилиши Американинг қандайдир миссиясига мантиқий якун ўлароқ содир бўлганди. Сулаймоний эса гўёки Трамп кейинчалик катта давраларда мен мана шундай қилганман, дейиши учун амалга оширилгандек...

Кейин нима бўлди? Нега уруш бўлмади?

Қосим Сулаймоний ўлдирилгач, кўпчилик Эрон ва АҚШ ўртасида уруш бошланиши ҳақида гапира бошлади. Лекин бунақаси фақат киноларда бўлиши мумкин. Зеро, бугунги кунда Америка билан уруш олиб бориш имконсиз нарса. Бу ўз жонига қасд қилиш билан тенг. Шу сабаб уруш бўлмади, тўғрироғи, бўлмаслиги аниқ эди. Бироқ Эрон барибир жавоб қайтарди. Агар Ироқдаги ҳеч ким йўқ ҳарбий базага ракета зарбаси беришни жавоб деб аташ мумкин бўлса. Эрон зарбасидан аввал Ироқдаги америкалик аскарлар огоҳлантирилган ва улар зарбадан аввал бункерларга кириб улгурганди. АҚШ бу зарбаларни Эроннинг қасоси деб қабул қилди ва уларга жавоб бермади. Шунчаки Эроннинг қайси нуқталарига ракеталар тўғрилаб қўйилганини санаб ўтди. Шу билан Эрон томондан бир-икки таҳдидли чиқишлар бўлди-да, ҳаммаси тинчиб кетди.

Байден нима деганди?

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден генарал Сулаймоний ўлдирилган вақтда ҳали президентликка номзод эди ва у Трампнинг ишини кескин қоралаб, Трамп маъмурияти бу қотиллик келтириб чиқарадиган оқибатларни бартараф этишга қодир эмаслигини айтганди.

«Ҳеч бир америкалик Сулаймонийнинг ўлими учун аза тутмайди. У кўплаб америкалик аскарлар ва минтақадаги одамларга қилган зулми, террорни қўллаб-қувватлагани учун бунга лойиқ эди. Президент маъмурияти бу иш Эронни тийиб қўйиш учун қилинганини айтмоқда, аммо бу операция тескари эффект бериши эҳтимоли юқори. Президент Трамп ҳозир чўғнинг ичига динамит ташлади. Бу ишлар Яқин Шарқдаги мувозанатга салбий таъсир қилиши мумкин. Умид қиламан, президент маъмурияти бу иш олиб келадиган оқибатлар ва уларни бартараф этишни ҳам ўйлаган, аммо узоқ вақт ҳеч қандай интизомга риоя қилмаган маъмурият бунга қодир эмас деб қўрқаман», деганди Байден.

Байден президентликка сайланса, Эронга қарши санкцияларни қайта кўриб чиқиши, ядро келишувига қайтиши ҳақида гапирганди. Шу сабаб эронликлар Байден сайланганини яхши кутиб олишди. Тўғри, Байден ҳам классик америкалик сиёсатчи сифатида Эрондан нафратланишини яширмайди, бироқ нима қилишини тахмин қилиб бўлмайдиган тадбиркор-президентдан, оғир-босиқ сиёсатчи-президент яхшироқ ҳар ҳолда.

Қасос ҳақида мультфильм

Эронда Қосим Сулаймоний ўлдирилишининг бир йиллиги муносабати билан кўплаб акциялар, маросим ва тадбирлар ўтказилди. Мамлакат телевидениеси куни билан Сулаймонийни хотирлаб кўрсатувлар эфирга узатмоқда. Эронлик ижодкорлар ҳам жим туришмади. Яқинда Эрон Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун АҚШдан қасос олгани тасвирланган мультфильм чиқди. Унда эронлик аскарлар АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базасига бостириб киради. Барча америкалик аскарлар ракета зарбалари ва бургутга айланган инқилоб муҳофизлари зобитлари томонидан ўлдирилгач, Қосим Сулаймонийни ўлдиришда фойдаланилган дронни бошқарган аскар аниқланади. Бургутга айланган эронлик зобитлардан бири ўша дронни бошқарган аскарнинг жасадини Вашингтонга олиб бориб, Оқ уйда нутқ сўзлаётган Трампнинг оёғи остига ташлайди. Афтидан, мультфильм ижодкорлари Трамп сайловда ютқазишини инобатга олишмаган.

Аср суиқасди

ХХI аср воқеаларга жуда бой бўлди. Ҳар йили дунё сиёсатида катта ўзгаришлар содир бўлди. Ортда қолган 20 йил давомида жуда кўп суиқасдлар, қотилликлар, қатллар амалга оширилди. Масалан, 2006 йил 30 декабр куни Саддам Ҳусайннинг осилиши аср қатли сифатида эътироф этилади. 2012 йил Усама бин Лодиннинг йўқ қилиниши аср ликвидацияси номига муносиб. 2001 йил Нью-Йоркда аср теракти, Қорабоғда эса янги асрнинг энг йирик уруши содир бўлди. Бу воқеалар орасида Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига аср суиқасди деб ном бериш мумкин. Асримизда кўп суиқасдлар бўлди, лекин ким томонидан қилингани, нима учун қилингани аниқ бўлган энг шов-шувли суиқасд шу бўлди. Бу воқеани ҳали кўп эслашади. Нима бўлганда ҳам бундай суиқасдлар бўлмасин, чунки Эрон ва АҚШ ўртасидаги муаммо нафақат Яқин Шарқдаги, балки бутун дунёдаги мувозанатга салбий таъсир қилади...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид