Ўзбекистон | 23:35 / 06.01.2021
126297
3 дақиқада ўқилади

Жасур Умиров иши бўйича янги тафсилотлар очиқланди

Тергов департаменти Жасур Умировнинг икки таниши ҳам вояга етмаган қизнинг номусига текканини маълум қилди. Олий суд хабарига кўра, иш Каттақўрғон шаҳар судида ёпиқ тарзда кўрилади.

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти вояга етмаган қизнинг номусига тегишда айбланаётган хонанда Жасур Умиров иши бўйича терговнинг айрим тафсилотларини маълум қилди.

Тергов жараёнида аниқланишича, 2020 йил 13 июн куни Ургут тумани Оқмачит маҳалласида яшовчи вояга етмаган фуқаро (2003 й.т.) ва унинг Каттақўрғон тумани Каттакўрпа маҳалласида яшовчи дугонаси (2003 й.т.) унинг таниши – хонанда Жасур Умиров билан яқиндан танишиш учун Каттақўрғонга борган.

Тергов хулосасида Жасур Умиров уларни танишининг уйига олиб боргани, пиво ичириб, қизнинг ожизлигидан фойдаланиб, номусига теккани айтилади.

Бундан ташқари, маълум бўлишича, Ж.Умировдан ташқари унинг икки таниши ҳам вояга етмаган жабрланувчининг номусига теккан.

Хонанда 21 декабр куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди. Унинг икки танишига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланган.

Олий суд ахборот хизмати берган хабарга кўра, ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўрилади.

Жиноят иши 6 январ куни ЖПКнинг 391-моддаси (жиноят ишининг ҳудудий жиҳатдан судловга тегишлилиги) тартибида, яъни жиноят содир этилган ҳудуддаги жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига мазмунан кўриб чиқиш учун юборилди.

Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (шахснинг 18 ёшга тўлмаганини била туриб номусга тегиш) билан айбланмоқда.

Яна икки нафар шахс қизнинг номусига теккани аниқланган бўлса-да, уларга номусга тегиш айблови қўйилмаган. Судланувчилар А.З. ва Ш.Қ. Жиноят кодексининг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалига Каттақўрғон туман ИИБ жиноят иши қўзғатишни рад этгач, сентябр ойида қизнинг ўзи ва яқинлари Kun.uz'га воқеа ҳақида маълумот берган эди. Ўшанда Умиров Kun.uz мухбири билан суҳбатда қизнинг вояга етмаганини билмаганини айтганди.

Мавзуга оид