Жаҳон | 16:11 / 07.01.2021
39616
9 дақиқада ўқилади

Президентнинг сўнгги имкони. Капитолийда нималар бўлди?

Капитолий Дональд Трамп тарафдорлари томонидан қамал қилиниши Жо Байденнинг ғалабаси Конгрессда тасдиқланишига халал бера олмади ва Республикачилар партияси етакчилари, АҚШдаги йирик бизнес эгалари ва ҳатто Оқ уй маъмурияти вакилларида ҳам президентни ваколати муддати тугашидан олдинроқ ҳокимиятдан четлатиш ҳақида ўйлай бошлашга мажбур қилди.

Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA

Трампнинг тарафдорлари ҳафта бошидаёқ «Американи қутқариш марши» номи остидаги норозилик намойишларини бошлашганди.

Сешанба куни кечқурунга келиб Америка пойтахтидаги меҳмонхоналарда бўш жойлар қолмаган, чоршанба куни тонгида эса Миллий хиёбон - Вашингтон марказидаги жамоат хиёбони - Трамп сайловолди кампаниясининг байроқларини кўтариб, Жо Байденнинг сайловлардаги ғалабасини бекор қилишни талаб қилаётган мингаб кишилар билан тўлиб-тошганди.

«Демократлар ғалабани биздан ўғирлашди, аммо биз Дональд Трампни қўллаб-қувватлаймиз ва ҳеч қачон сайлов натижаларини тан олмаймиз», деган Шимолий Дакота штатидан пойтахтга келган республикачилар тарафдорларидан бири Дрисколл Ҳиггинс BBC Russian мухбири билан суҳбатда.

Сенат ва Вакиллар палатаси аъзоларининг қўшма мажлиси бошланишига икки соат вақт қолганида (унда Жо Байденнинг ғалабаси расман тан олиниши керак эди), Трамп ўз тарафдорлари қаршисида чиқиш қилиб, уларни Капитолийга кириш ва у ерда президентлик сайловлари натижаларини инкор қилишни режалаштирган республикачи сенаторлар ва конгрессменларни қўллашга чақирди.

Jacquelyn Martin / AP / Scanpix / LETA

«Биз Капитолийга борамиз. Биз жасур сенаторларимизни, Конгресс аъзоларини қўллаб-қувватлаймиз... Агар кучсиз бўлсангиз, мамлакатимизни ўзимизга қайтара олмаймиз, сиз кучингизни намойиш этишингиз ва янада кучлироқ бўлишингиз керак», деган АҚШ президенти.

Ўз нутқи якунида президент сенат биносига намойишчилар билан бирга боришни ваъда қилган.

«Биз Пенсильвания-авеню бўйлаб ўтамиз!», деган Трамп.

Бунинг ўрнига у қора рангдаги зирҳли автомашинасига ўтириб, ўз қароргоҳига қайтиб кетган.

Бу митингдан бир соат ўтиб Капитолий атрофига қўйилган полициячилар тўсиғи оломон томонидан бузиб ўтилди ва Трампнинг юзлаб тарафдорлари бинога бостириб киришди.

Капитолий қандай ишғол этилди?
Намойишчиларнинг илк гуруҳи Капитолий тепалигидаги сенат биносига оддий сайёҳлар сифатида кириб олишган. Палаталарнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтаётган бинога ўтиш учун алоҳида рухсатномани кўрсатиш шарт бўлмаган: оддий металлодетектордан ўтиш кифоя эди, бунда полициячиларга ўз ташрифидан мақсадни билдириш талаб этилмасди.

Фото: Getty Images

Аммо ярим соат ўтиб намойишчиларнинг катта гуруҳлари ҳақиқий қамални бошлашди.

Фото: AP/ТАСС

Шу кунларда Вашингтон мэрияси Пентагондан пойтахтга Миллий гвардиянинг қўшимча бўлинмаларини юборишни сўраганди, аммо бу сўров жавобсиз қолдирилган.

Чоршанба куни кундузи ижтимоий тармоқларда Капитолийни қўриқлаётган полициячилар тўсиқларни ўзлари олиб ташлаб, намойишчилар қаршиликсиз ичкарига ўтишини таъминлаётгани акс этган видеолавҳалар тарқалди.

Маҳаллий вақт билан соат 14:30да Капитолийдагиларнинг барчасини эвакуация қилиш жараёни бошланди.

Вице-президент Майкл Пенс, Конгресс спикери Нэнси Пэлоси ва сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл мажлислар залидан АҚШ махфий хизмати ходимлари томонидан олиб чиқилган.

Фото: AP/ТАСС

Полициячилар қолган қонунчиларга ўз офисларига қамалиб олишни тавсия этишган. Уларнинг айримлари мажлислар залидаги стуллар остига яширинишган.

Намойишчилар сенат биносига бостириб кириб, йўлларида учраган ойналар ва мебелларни синдира бошлашган.

Намойишчилардан бири мажлислар залида бир неча дақиқа олдин АҚШ вице-президенти ўтирган креслони эгаллаган.

Трамп тарафдорларининг бир гуруҳи Конгресс спикери офисига кириб, унинг иш столида «Биз ортга чекинмаймиз» ёзувини қолдиришган.

Кўп ўтмай бинода ўқ овозлари эшитила бошлаган. Кейинроқ полиция намойишларда қатнашиш учун Калифорниядан келган, собиқ ҳарбий хизматчи аёл ўқотар қуролдан олинган жароҳат туфайли ҳалок бўлганини тасдиқлади. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари нима учун унга ўқ отишга мажбур бўлгани сабаби ҳозирча маълум қилинмади.

Andrew Harnik/Associated Press

Кейинроқ Капитолий ҳудудида яна уч кишининг жасади топилди - бир аёл ва икки эркак. Хабарларга кўра, улар  Капитолий деворига чиқишга уринган вақти 10 метр баландликдан тушиб кетган ва тезда ёрдам кўрсатилмагани туфайли жон беришган.

Намойишлар вақтида полициячилардан 14 нафари жароҳат олган. Улардан икки нафари шифохонага ётқизилган - улардан бирининг аҳволи оғир, у оломон оёғи остида қолиб кетган, иккинчиси юзидан жароҳатланган.

Полициячилар намойишчиларга қарши шовқинли гранаталар ва кўздан ёш сиздирувчи газлар қўллашган, уларни сенат биносининг юқори қаватларидан суриб чиқаришга уринишган.

Капитолий тепалиги ҳудудида иккита қўлбола бомба топилган. Улардан бири Республикачилар партияси штаб-квартираси яқинига ўрнатилган бўлган.

Трамп тарафдорлари Капитолийни ишғол қилганидан икки соат ўтибгина воқеа жойига Миллий гвардиянинг илк отрядлари етиб кела бошлаган.

Улар ФҚБнинг махсус бўлинмалари билан ҳамкорликда бинони тозалашга киришган.

Anna Moneymaker / The New York Times

Бироз олдинроқ ҳаммаёқни остин-устин қилиб, мебелларни синдирган ва Сенат биноси деворларига «ОАВга ўлим!» қабилидаги шиорларни ёзган намойишчилар бинони хотиржамлик билан тарк эта бошлашган.

Фото: EPA/Vostock-photo

Расмий маълумотларга кўра, шу вақтгача 50га яқин намойишчи ҳибсга олинган.

Капитолийга ҳужум қилинишига қандай реакция билдирилди?
Демократлар ва республикачиларнинг кўпчилиги бўлиб ўтган воқеаларда шахсан президент Трампни айблашди ва тартибсизликларни давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳолашди.

«Бу президент ҳаммаёққа хаос уруғини сочишининг тўғридан тўғри оқибатидир», дейди республикачи сенатор Бен Сасси.

«Бу содир бўлган воқеалар исёндир, уни Қўшма Штатлар президенти ташкиллаштирди», дея қайд этди республикачи сенатор Митт Ромни.

«Менда бу оломонни президент уюштиргани, илҳомлантиргани, ва... оловни айнан у ёққанига ҳеч қандай шубҳа йўқ», деб ҳисоблайди республикачи конгресвумен Лиз Чейни.

Капитолий тепалигидаги воқеалардан кейин Оқ уй бирор изоҳ беришдан қатъий бош тортди. Конгресснинг икки палатаси ҳам эвакуация қилинганидан кейин Дональд Трамп твиттерида шундай ёзди: «Мен ҳозирда Капитолийда бўлиб турганларга мурожаат қиламан ва уларни тинчликни сақлашга чақираман».

Кўп ўтмай у твиттерда видеомурожаат билан чиқди ва намойишчиларни тарқалишга чақирди, уларни алоҳида шахслар деб ҳисоблаши ва уларнинг барчасини севишини қўшимча қилди.

Шу билан бирга, президент «сайловлар ўғирлангани», унинг натижалари «фирибгарлик» эканини яна бир бор таъкидлаган. 

Фақат соат 17:30да, Капитолий атрофидаги тўсиқлар олдида дастлабки тўқнашувлар бошланганидан уч соат ўтиб сенат биноси маъмурияти намойишчилар ҳудудни бутунлай тарк этганини эълон қилди. Яна ярим соат ўтиб сенаторлар мажлислар залига қайтишди ва сайлов натижаларини сертификациялаш жараёнини қайтадан бошлашди.

Анъанага кўра, сайлов бюллетенлари чоршанба тонгида махсус ёғоч қутиларга жойланган ҳолда сенат биносига юборилганди. Намойишчилар сенат биносига ҳужум қилишганида, Конгресс аппарати ходимлари бу қутиларни хавфсиз жойга кўчиришга улгуришди.

Кечга бориб АҚШдаги йирик компаниялар ва бизнес-бирлашмалар, хусусан, Citi Bank ва Саноат палатаси қонунчиларга АҚШ Конституциясига киритилган 25-тузатиш асосида зудлик билан Дональд Трампни ҳокимиятдан четлатишни сўраб мурожаат қилгани маълум бўлди. Бу тузатиш давлат раҳбарининг лаёқатсизлиги ҳолатида шундай эҳтимолни назарда тутади. Бу ҳолатда унинг ваколатларини янги президент сайлангунича вице-президент бажаради.

Америка нашрлари хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари Дональд Трампни муддатидан аввал ҳокимиятдан четлаштириб, давлат раҳбари ваколатларини вице-президент Майк Пенсга топшириш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Трампнинг ўзи ҳозирча пойтахтдаги воқеалар бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади. Чоршанба куни кечқурун Твиттер Трампнинг охирги хабарини (видеомурожаат) ижтимоий тармоқ қоидаларига зид деб топиб, ўчириб ташлади ва АҚШ президенти аккаунтини 12 соатга блоклаб қўйди. Компания навбатдаги қоидабузарликлардан сўнг Трамп аккаунтидан бутунлай айрилиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Трампнинг Facebook, Instagram ва YouTube’даги видеолари ҳам ўчирилган ва аккаунтлари 24 соатга блокланган.

Мавзуга оид