Жаҳон | 12:42 / 07.01.2021
29326
10 дақиқада ўқилади

Трампнинг тарафдорлари Конгрессни нега қамал қилишди. Воқеалар занжири

Доналд Трампни қўллаб-қувватловчилар томонидан ташкил этилган «Американи қутқариш марши» номли норозилик намойиши иштирокчилари 6 январ куни кундузи пойтахт Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб кирди. АҚШ Конгресси айнан шу ерда мамлакат президентлиги учун ўтказилган сайлов якунларини тасдиқлаши керак эди. Қуйида бу воқеагача бўлган воқеалар занжири келтирилади.

Brendan Smialowski / AFP / Scanpix / LETA

2020 йил 3 ноябргача
АҚШда 2020 йилнинг 3 ноябрида ўтказилган президентлик сайловларидан олдин ҳам Республикачилар партияси ва Трампнинг сайловолди штаби ҳуқуқшунослари турли штатларда бир неча суд даъволарида қатнашишганди. Улар почта орқали овоз бериш муддати узайтирилишига қарши чиқиб, Трампнинг штаби вакиллари муддатидан олдин овоз бериш жараёнини кузатишга жалб этилишини талаб қилишганди. Судлар бу даъволарни рад этишган. Сайловлар арафасида Трамп бир неча марта почта орқали овоз бериш сайловлардаги сохталикларнинг асосий воситаси бўлишини айтиб ўтди (демократлар ўз тарафдорларини коронавирусга чалинмаслик учун айнан шу усулдан фойдаланишга тарғиб қилишди).

3 ноябр
Оддий қилиб айтганда президент сайлови куни. Аммо аслида бу кунда сайловчилар ўз штатида кейинроқ икки партиядан бирининг номзодларига овоз берувчи делегатларни сайлашади. Делегатлар эса бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, якуний овоз бериш жараёнида қатнашишади, натижалар кейинги йил январи бошида Конгресс палаталарининг қўшма палаталари йиғилишида тасдиқланади. Одатда ғолиб сайловлар куни кечасиёқ маълум бўлиб улгуради (ҳар бир штатдаги сайловчи делегатлар сонига кўра), аммо бу сафарги сайловлар почта орқали овоз бериш оммалашгани учун овозларни ҳисоблаш кўп вақт олди.

4 ноябр
Сайловлардан кейинги тунда Трамп ўзини ғолиб деб эълон қилди ва овозларни ҳисоблаш зудлик билан тўхтатилиши зарурлигини айтди. У бўлиб ўтаётган воқеаларни «Америка халқини фирибгарлик билан алдаш» деб атади ва Олий судга мурожаат қилиш билан таҳдид қилди (сайловлардан бироз аввалроқ у амалдаги президент сифатида вафот этган либерал Рут Бейдер Гинзбург ўрнига консерватор Эми Барреттни тайинлади ва бу орқали Олий суддаги консерватив судьялар сони янада ошди).

Кейинги кун тонгида Трамп - Жоржия, Шимолий Каролина ва Пенсилванияда «яққол ғалаба»га эришганини эълон қилди — булар одатда сайлов натижасини олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган олтита иккиланувчи штатларнинг учтаси эди. Шу билан бирга, бу штатларда ҳали овоз бериш жараёни давом этаётганди, якунда фақат Шимолий Каролинада амалдаги президент устунликни сақлаб қолди.

5 ноябр
Трампнинг твитидан кейин унинг тарафдорлари «Ҳисоблашни тўхтатинг!» ва «Ўғирлашни тўхтатинг!» шиорлари билан кўчаларга чиқа бошлашди.

Шу куни судлар Трампнинг ҳуқуқшунослари берган даъволар — овозларни ҳисоблашга кузатувчилар қўйилмагани (кейинроқ ҳуқуқшунослар Пенсилваниядаги овозларни ҳисоблаш жараёнида Трампнинг кузатувчилари бўлганини тан олишди ва судьянинг муаммо нимадалиги ҳақидаги саволига жавобан мум тишлашди) ҳамда маълум муддат ўтгандан сўнг овозларни ҳисоблашни тўхтатиш бўйича даъволарини кўриб чиқишни бошлади (Жоржияда бу даъволар рад этилди, бу вақтда овозларни ҳисоблаш жараёни шундоғам якунланганди).

6 ноябр
Қатор нуфузли республикачи сенаторлар, шу жумладан, Трампга 2016 йилги праймеризларда рақиблик қилган Тед Круз ҳамда Вакиллар палатасидаги республикачилар вакили Кевин Маккарти Трампнинг талабларини қўллаб-қувватлашди. Партиянинг бошқа вакиллари қарши фикрлар билдиришди.

7 ноябр
Америкадаги асосий нашрлар Байден ғалаба учун керак бўлган камида 270 овозни тўплаб бўлгани ойдинлашгани ҳақида ёзиб чиқишди. Трампнинг штабидагилар эса «сайловлар ҳали бери тугамаслиги»ни айтишди ва ёппасига суд даъволари бошланишини анонс қилишди.

10 ноябр
Трампнинг маъмурияти давлат муассасаларига ҳокимиятни Байденга ўтказиш жараёнида ишловчи жамоа билан ҳамкорлик қилишни тақиқлади.

13 ноябр
Трампнинг овозларни қайта ҳисоблаш бўйича даъволари Пенсилвания ва Мичиганда ҳам рад этилди, амалдаги президент жамоаси Аризонада берилган даъвони қайтариб олди, бу штатда Байденнинг устунлиги жуда катта эди. Трампнинг ҳуқуқшунослари у билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишди, у эса шахсий адвокати Руди Жулианини — Нью-Йоркнинг собиқ мэрини ўзининг вакили сифатида тайинлади, бу шахс сайловлардан олдин Байденга қарши компроматлар йиғиш билан шуғулланганди.

15 ноябр
Трамп илк марта Байден сайловларда ғалаба қозонганини тан олиб қўйди — буни у сайловлар натижалари «сохталаштирилгани эвазига бўлгани»ни айтди. Кейинроқ у «ҳеч нарсани тан олмаслиги»ни такрорлади.

18 ноябр
Трампнинг вакили Руди Жулиани судга мурожаат қилиб, республикачилар назоратида бўлган Пенсилвания сенати сайловчи делегатларни овоз бериш натижаларини ҳисобга олмасдан тайинлаши учун рухсат берилишини талаб қилди (АҚШ Конституциясига кўра бунинг назарий жиҳатдан имкони бор). Бундан ташқари, шу куни Трамп шахсан ўзи (бир неча марта) ва унинг Вашингтондаги иттифоқчилари муҳим штатлардаги республикачиларни сайлов натижаларини тан олмасликка чақиргани хабар қилинди. Бир неча амалдорлар шундай босимлар бўлганини тан олишди, бошқалари — рад этишди.

24 ноябр
Амалдаги президент унинг маъмурияти ҳокимиятни сайланган президент жамоасига ўтиши учун топшириқ берганини маълум қилди, шу билан бирга, сайлов натижаларини тан олмаслик бўйича юридик курашни давом эттиришини қайд этди.

3 декабр
Сайловлардан роппа-роса бир ой ўтиб Трамп 46 дақиқалик видеони эълон қилди, унда яна бир бор «сайловлардаги фирибгарликлар» ҳақида гапириб, бу мурожаатини «у айтиши керак бўлган энг муҳим нутқ» деб атади.

8 декабр
Конгресс қўмитасидаги республикачилар Байден АҚШнинг сайланган президенти деб аталган резолюция қабул қилинишига тўсқинлик қилишди.

14 декабр
Сайловчи делегатлар ҳайъати 306 овоз билан 232 овозга қарши Жо Байденни АҚШнинг 46-президенти сифатида сайлашди. Шу куни Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконелл илк марта Байденни «сайланган президент» деб атади. Трамп, ўз навбатида яна ўз мағлубиятини тан олишдан бош тортди. Мичиганда президентнинг тарафдорлари маҳаллий сайловчиларнинг овоз беришига тўсқинлик қилишга уринишди.

Бу вақтга келиб президентнинг жамоаси 57 суд ишидан 50тасида ютқазган ёки даъвосини қайтариб олганди. Экспертларнинг фикрича, Трамп жамоасининг якуний мақсади ишни Олий судгача олиб бориш бўлган (у ерда консерватив кайфиятдаги судьялар кўпчиликни ташкил қилади), аммо улар судьялар қуйи инстанцияларда кўп марта қайтарилган бир типдаги даъволарни кўриб чиқишга рози бўлишига ишонишмаган.

28 декабр
Вакиллар палатасининг Техас штатидан бўлган вакили Луис Гомерт вице-президент Майк Пенсга қарши даъво очди ва айнан у сайлов натижаларини тасдиқлаши кераклигини билдирди. 1 январ куни Олий суд бу даъвони эшитишдан бош тортди, апелляция ҳам рад этилди. Аммо Трамп Пенсда шундай қарор қабул қилиш ҳуқуқи борлигини ва у бундан фойдаланиши кераклигини талаб қилишда давом этди.

2021 йилнинг 2 январи
11 нафар республикачи сенаторлар ўн кунлик текширув ўтказилмагунча сайлов натижалари тасдиқланишига қарши чиқишди. Майк Пенс буни қўллаб-қувватлади.

3 январ
The Washington Post Доналд Трамп Жоржия штати давлат котиби Брэд Раффенспергер билан телефон мулоқотида сайловлардаги овозларни ўзининг фойдасига қайта ҳисоблашни талаб қилгани акс этган аудиоёзувни тарқатди.

«Жоржия халқи ғазабда, мамлакатдаги инсонлар ғазабланмоқда. Билсангиз, қайтадан санаганингиз ҳақида айтишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Қаранг, мен қилмоқчи бўлган нарса фақат шу. Мен 11 780та овозни топишни хоҳлайман, бу бизда мавжуд овоздан биттага кўп. Чунки биз штатда ютдик», деган у. Раффенспергер эса сабр билан бу талабни бажаришнинг мутлақо имкони йўқлигини тушунтирган.

6 январ
Вашингтон вақти билан куннинг иккинчи ярмида АҚШ Конгресси биносида Сенат ва Вакиллар палатаси аъзолари сайлов натижаларини тасдиқлаш учун йиғилишди. Одатда бу қуруқ расмиятчилик сифатида ўтарди (бу вақтга келиб ғолиб аниқ бўларди, мағлуб эса ҳокимиятни топшириш жараёнини бошларди), аммо бу сафар жараён бир қанча республикачиларнинг қаршилиги туфайли тўхтаб қолди.

Худди шу вақтда Вашингтонда Трамп тарафдорларининг кўп минг кишилик норозилик намойиши бўлиб ўтаётган эди. Намойиш «Американи қутқариш марши» деб номланган. Митингда чиқиш қиларкан, АҚШнинг амалдаги президенти шундай деди: «Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, биз ҳеч қачон мағлубиятни тан олмаймиз», шунингдек, ўз тарафдорларини Конгрессга бориб, «бизнинг жасур сенаторларимиз,конгрессмен ва конгрессвуменларимизни олқишлаш»га чақирди. Натижада Капитолийга бир неча минг киши келди ва кўп ўтмай улар бинога бостириб кирди. Уларнинг айримлари, кўринишидан, қуролланган эди. Конгресс аъзолари дарҳол эвакуация қилинди.

Доналд Трамп эса аввалроқ оловга мой сепганди, у яна бир бор мағлубиятини ҳеч қачон тан олмаслигини билдирганди. «Биз Капитолийга борамиз, жасур сенаторларимиз, конгрессменларимиз ва конгрессвуменларимизни олқишлаймиз», деганди Трамп ўз тарафдорларининг қизғин олқишлари остида. Шундан кейин улар Конгресс биноси томон йўл олишганди.

Мавзуга оид