Ўзбекистон | 17:43 / 11.01.2021
27751
2 дақиқада ўқилади

«Ўш-Тошкент» йўлининг Хўжанддан ўтган қисми очилиши мумкин

Президентнинг фармон лойиҳасига кўра, Хўжанд шаҳридан ўтган магистрал йўлда ҳаракатланиш бўйича Тожикистон ҳукумати билан келишувга эришиш чоралари кўрилади.

Хўжанд шаҳри / Фото: Asia-Plus

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Фармонга илова қилинган узоқ хориж ва қўшни республикалардан хорижий зиёратчи сайёҳларни қабул қилиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича «Йўл харитаси»га мувофиқ, 2021 йилдан бошлаб транспорт-логистика хизматларини яхшилаш ҳамда ривожлантириш чоралари кўрилади.

Хусусан, ўзбек диаспораси истиқомат қиладиган қўшни мамлакатларнинг йирик шаҳарлари – Ўш, Жалолобод, Туркистон, Чимкент, Душанбе, Хўжанд, Мозори-Шарифдан туризм салоҳияти юқори бўлган шаҳарларга автобус маршрутларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказилади.

Шунингдек, «Ўш-Тошкент» йўналишини амалга ошириш учун Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридан ўтган магистрал йўлда ҳаракатланиш бўйича Тожикистон ҳукумати билан келишувга эришиш чоралари кўрилади. Келишув натижасига кўра, халқаро мунтазам автобус йўналиши ташкил этилиши мумкин.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар 2021 йилда ишлаб чиқилиши белгиланган. Ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирликлари масъул қилиб белгиланган.

Мавзуга оид