Ўзбекистон | 13:40 / 13.01.2021
18528
2 дақиқада ўқилади

ID-картани республиканинг исталган ҳудудидан олиш мумкин — ИИВ расмийси

2021 йил 4 январдан бошлаб, Ўзбекистонда биометрик паспортларни ихтиёрий асосда ID-карталарга алмаштириш бошланди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон Республикасининг шахс гувоҳномаси (ID-карта)ни бериш жараёни экстерриториал тартибда йўлга қўйилган.

«Республиканинг исталган туманидаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидан ID-картани олиш имконияти бор», – деди ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Фазлиддин Усмонов 12 январь кунги матбуот анжуманида.

ID-карта олиш учун фуқаролар паспорт ёки у йўқолган ёхуд зарар етган бўлса, унинг ўрнини босувчи ҳужжатни тақдим этиши лозим.

Гувоҳномани олиш учун my.gov.uz портали орқали онлайн ариза бериш ҳам мумкин. У зарур ҳужжатлар қабул қилиб олинган ва тўлов қилинганидан сўнг, 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади.

Айни пайтда тўлов миқдори БҲМнинг 89 фоизи (198 470 сўм)ни ташкил этади. БҲМ миқдори 1 февралдан ўн фоизга кўтарилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги, 10 йил муддатга бериладиган биометрик паспорти 2031 йилдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

4 январдан 12 январгача 16 471 нафар фуқарога ID-карта расмийлаштирилган.

Мавзуга оид