Жамият | 20:30 / 13.01.2021
23847
3 дақиқада ўқилади
Реклама

«Ўзбеккино»: Тошкентда шов-шувли кино ҳафталиги давом этмоқда

11 январдан Тошкентда концерт дастурлари, катта премьералар, янги кинолойиҳаларга бағишланган «Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги» старт олди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ташаббуси билан йил бошидан ташкил этилган шов-шувларга бой ҳафталик ўзининг турли воқеликлари билан киноихлосмандларига манзур бўлмоқда.

Ҳафталикнинг биринчи ва иккинчи кунларига қисқача тўхталадиган бўлсак, ушбу кунларда «Мен террорчи эмасман», «Сумбул» фильмларининг илк премьералари, таниқлилар учун ташкил этилган «қизил йўлакча», кастинглар, маҳорат дарслари, киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

«Мен террорчи эмасман» фильми ижодкорлари иштирокида ташкил этилган брифинг билан бошланган учинчи кун ҳам меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.

Айниқса, ёш киноижодкорларга ўзгача кайфият бағишлаган маҳорат дарслари эсда қоларли лаҳзаларга бой ўтди. Маҳорат дарслари Россияда хизмат кўрсатган артист, ўзбек томошабинларига «Барон» фильми билан яхши танилган маҳоратли актёр Фарҳод Маҳмудов, таниқли кинорежиссёр Али Ҳамроев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сейдулла Молдаханов ва маҳоратли режиссёр Аюб Шаҳобиддиновлар иштирокида ташкил этилди.

Ўзбек киносига бағишланган ушбу ҳафталикда ҳали экран юзини кўрмаган фильмларнинг премьералари кетма-кетлиги давом этмоқда. Бугун, 13 январь куни ҳам ёш режиссёр Зоҳид Зокиров томонидан суратга олинган, комедия жанридаги «Миллионер Жонибек» бадиий фильмининг катта экрандаги илк намойиши бўлиб ўтди.

Ҳафталикнинг энг муҳим воқеликларидан яна бири – «Riviera» кинотеатрининг очилиши бўлди. Янги кинотеатрда биринчи марта «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми рус тилида меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Кино ҳафталикнинг қолган кунлари ҳам қизиқарли ва мазмунли ўтиши кутилмоқда. Жумладан, ушбу кунлар ҳужжатли фильмлар тақдимоти, «Дебют» ёш киноижодкорлар фестиваллари бўлиб ўтади, уларда Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ҳамда Шуҳрат Аббосовнинг 90 йиллик юбилейи ҳақида ҳам сўз юритилади.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид