Ўзбекистон | 12:28 / 15.01.2021
5625
3 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт» агентлигининг 2021 йилдаги 8та устувор йўналиши белгиланди

Агентлик янги қонун лойиҳалари, лабораториялар ташкил этиш билан машғул бўлади. Бундан ташқари, ЕОИИ талабларини жорий этиш бўйича вазифаси ҳам мавжуд.

Фото: Жавлон Каттахўжаев

14 январ куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзстандарт» агентлигида жорий йилда амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ҳозирда жорий этилган ташқи савдони нотариф бошқариш тизими халқаро андоза ва стандартларга жавоб бермаслиги ҳукумат томонидан танқид қилинди. Бу борада фаолиятимизнинг 8та устувор йўналиши белгиланди», – деди «Ўзстандарт» агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Жавлон Каттахўжаев.

Маълум қилинишича, ўзгаришлар қуйидаги йўналишларда амалга оширилиши айтиб ўтилди:

1. Синов лабораторияларини халқаро андозага етказиш мақсадида, ўлчов тизимларини ривожлантириш дастурига мувофиқ, 2,1 миллион долларга 3та янги газ шаклидаги моддаларнинг ҳажми ва сарфи, товуш босими, ёруғлик кучи ва фойдаланилаётган эталонларни тўлдирувчи мосламалари харид қилиниши ҳамда ишга туширилиши кутилмоқда.

2. Озиқ-овқат, металл, электротехника, полимет кимё, тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотларини синаш лабораториялари замонавий халқаро стандартларга асосан яратилади ва мавжудлари модернизация қилинади.

3. Маҳаллий ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг хорижий бозорлардаги рақобатдошлигини ошириш мақсадида, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда, Европада қўлланиладиган ёрлиқлаш тизими 20дан зиёд ташкилотда жорий қилиниши режалаштирилган.

4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан кўрсатилган ёрдам билан Жаҳон савдо ташкилотининг техник тўсиқлар бўйича келишувига асосан, стандартларни қўллаш бўйича янги қонун лойиҳаси тайёрланган ва қонун 2021 йилда Олий Мажлисга тақдим қилинади.

5. Жорий йилда Халқаро аккредитация форумига аъзо бўлиш учун чоралар кўрилади.

6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда 7 минг гектардан зиёд ер майдонда Global GAP ва органик тизимларни жорий қилиш ишлари олиб борилади.

7. Жаҳон савдо ташкилотининг техник тўсиқлар ҳақидаги нормаларига асосан 2та қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилиши режалаштирилган.

8. Евросиё иқтисодий иттифоқида жорий этилган талаблар, қоидалар ва нормаларни иқтисодиётга жорий қилиш, саноат маҳсулотларини ушбу бозорга тайёрлаш мақсадида 50та техник регламент амалиётга киритилган ва янги киритиладиган техник регламентлар Евросиё иқтисодий иттифоқи нормаларига уйғунлаштирилиши айтилди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг ўзида Жаҳон банки ҳамкорлигида вилоятлардаги 8 ҳудудда 9,5 млн долларлик лабораториялар шакллантирилди.

Агентлик олдида йил якунига қадар халқаро стандартлар сонини 14 мингтага, уйғунлик даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.

Ўтган йил кузда давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда «Ўзстандарт» агентлигига автомобил компонентлари, кимё, озиқ-овқат, қурилиш материаллари тармоқларида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича 2021 йилга мўлжалланган «йўл хариталари» ишлаб чиқиш топширилганди. Шунингдек, 5 мингдан зиёд эски стандартларни бекор қилиш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш техник регламентларини Европа ва Евросиё иқтисодий иттифоқи талабларига мослаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.   

Мавзуга оид