Қўшфуқароликка рухсат йўқ: ИИВ расмийси батафсил изоҳ берди
Агар Ўзбекистон фуқароси бошқа давлат фуқаролигини олса, унга икки фуқароликдан бирини танлаш шарти қўйилади.
Чет элга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқароси мамлакат фуқаролигидан чиқмаган ҳолда чегарадан чет давлат паспорти билан кириб келса, у Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади, деб маълум қилди ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбеков.
У 12 январь кунги матбуот анжуманида айтдики, бошқа давлат фуқаролигини олган шахс Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаган тақдирда, унинг паспорти йўқолган ёки амал қилиш муддати тугаган бўлса, ушбу ҳолатда унга фуқароликни тасдиқловчи ID-карта берилиши мумкин.
«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга биноан, агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса, у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотади.
Дилшодбек Муродбековнинг юқоридаги баёнотидан сўнг, кўплаб ватандошларда Ўзбекистон фуқароси бир вақтнинг ўзида чет эл фуқаролигига ҳам эга бўлиши мумкин экан, деган фикрлар келиб чиқмоқда.
Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ИИВ МФРББ расмийси Дилшодбек Муродбеков билан боғланди.
Унинг билдиришича, юқорида айтган фикрларининг барчаси тўғри ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунда ўз аксини топган. Яъни чет элга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқароси фуқароликдан чиқмаган ҳолда чегарадан чет давлат паспорти билан кириб келса, унинг фақат Ўзбекистон фуқаролиги тан олинади.
Аммо бу – шахснинг доимий равишда ҳам Ўзбекистон, ҳам бошқа давлат фуқаролигида юриши мумкинлигини англатмайди. Яъни ички ишлар органлари шахснинг бошқа давлат фуқаролигини олганини эшитиши ёки ундаги бошқа давлат паспортини кўриши ҳамон Ўзбекистон фуқаролигидан автоматик тарзда чиқариб юбориш масаласини кўрмайди.
Бунда, дастлаб ушбу шахснинг ростдан ҳам бошқа давлат фуқаролигини олганига тегишли ташкилотлар ёрдамида аниқлик киритилади. Шундан сўнг, ушбу шахсдан агарда бошқа давлат фуқаролигидан ўз вақтида воз кечмаса, Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши ҳақида тилхат олинади.
Бунда, шахсга фуқаролик тўғрисидаги қонунчилик батафсил тушунтирилади ва чет эл фуқаролигидан воз кечмаслик оқибатларидан огоҳлантирилади.
Берилган муддат давомида шахс чет эл фуқаролигидан воз кечмаса, унинг Ўзбекистон фуқаролиги президент фармони билан тугатилади. Ушбу ҳолатда шахс ҳеч қандай маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилмайди.
- Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда «Буюк келажак» эксперти Нур Парпиев расмий нашрдаги мақоласида Ўзбекистонда қўшфуқароликни жорий этишни таклиф қилганди.
- Бу таклифга жавобан, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт босқичида қўшфуқаролик долзарб масала эмас»лигини билдирган; Ички ишлар вазирлиги эса икки фуқароликни қонунийлаштириш масаласи кун тартибида эмаслигини қайд этган эди.
Мавзуга оид
17:33 / 07.12.2024
Кипр Путиннинг собиқ курсдошига берилган «олтин паспорт»ни олиб қўймади
17:27 / 26.11.2024
Қозоғистон паспорти Марказий Осиёда энг кучли деб топилди
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
20:50 / 26.09.2024