Ўзбекистон | 09:44 / 16.01.2021
29752
6 дақиқада ўқилади

«UzReport TV» телеканали тасвирчисига тажовуз қилинди. Телеканал расмийлари суд қароридан норози

2021 йилнинг 13 январ куни “UzReport” ахборот агентлиги ўзининг расмий саҳифалари орқали “Андишанинг оти қўрқоқми?” сарлавҳали видеони эълон қилди. Унда телеканал оператори ички ишлар органлари ходимлари билан ўтказилаётган тезкор тадбирни тасвирга олиш жараёнида 2 нафар шахснинг жисмоний қаршилигига учрагани намойиш этилган.

“UzReport TV” телеканали ДЙҲХХ билан ҳамкорликда пойтахт йўлларида содир бўлган қоидабузарликларни воқеа жойидан ёритиб борувчи “No comment” дастурини эфирга узатиб келади. 2020 йил 13 сентябр куни Чилонзор тумани Муқимий кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойда кўрсатув ижодкорлари ДЙҲХХ ходими Қаҳрамон Худойберганов бошчилигида ўз вазифаларини бажараётган вақтда йўл-транспорт ҳодисасига алоқаси бўлмаган бир неча шахс телеканал операторининг тасвирга олиш ишларига тўсқинлик қилган. Мазкур фуқароларнинг тажовузкор ҳаракатлари натижасида оператор фойдаланаётган камера яроқсиз ҳолга келган.

“Керак бўлган ҳар бир детални суратга олишим керак. Бу – менинг вазифам. Суратга олиб турганимда олдимга келиб қўпол гаплар ва ҳаракатлар билан таҳдид қилишиб, камерамни яроқсиз ҳолатга келтиришди” – дея воқеа тафсилотларини баён қилди телеканал тасвирчиси Фаёз Бахтиёров.

Айтиш жоизки, телеканал оператори ҳолат юзасидан тегишли чора кўришни сўраб, ички ишлар органига ариза тақдим этган. Мазкур иш бўйича 2020 йил 23 сентябр куни Чилонзор тумани маъмурий судининг қарори эълон қилинган. Аммо оператор суд қароридан норози эканлигини билдирмоқда.

“Суд чиқарган қарордан норозиман, чунки қарорда мен кўчада кетаётганимда икки нафар фуқаро билан кўча жангида қатнашганлигим айтилган. Мен бу қарордан қониқмадим. Чунки, мен аризамда ёзиб ўтганимдек, хизмат вазифамни бажараётган жойимда менга қўполлик қилишган” – дейди Фаёз Бахтиёров.

Телеканал маъмурияти воқеа жойида бўлган ички ишлар нозирининг судга тақдим этган баённома, ариза ва билдиргиларида воқеа баёни бутунлай бошқача талқин қилинган, дея таъкидламоқда. Воқеадан сўнг тасвирга олинган, ички ишлар нозири ҳамда ДЙҲХХ ходими Қаҳрамон Худойберганов иштирокида баённома расмийлаштириш жараёни акс этган видеотасвир бунга исбот сифатида келтирилмоқда. Унда мазкур икки ходимнинг баённомага воқеа тафсилотларини киритишда ўзаро тортишаётгани, хусусан, ички ишлар нозири воқеа тафсилотларини тажовузкор шахслар фойдасига юмшатишга уринаётгани, ДЙҲХХ ходими эса тажовуз натижасида камерага шикаст етказган шахсга жавобгарлик қўлланиши кераклигини таъкидлаётгани акс этган.

“Суд қарорида воқеа тафсилоти умуман бошқача баён этилган. Яъни, баён қисмида “фуқаролар Чилонзор туман ҳудудида бир-бирлари билан уришиб, жамоат тартибини бузишганлиги аниқланган” деб кўрсатилган. Аслида воқеа тафсилоти умуман бошқача бўлган. Ходимимиз Фаёз Бахтиёровга қилинган таҳдид оқибатида унга тан жароҳати етказилиши мумкин эди.

Бундан ташқари, маъмурий қарорда ҳуқуқбузарлар томонидан “UzReport” ахборот агентлигининг видеокамераси синдирилиб, моддий зарар етказганлиги, шунингдек ички ишлар ходимларининг қонуний талаблари бажарилмаганлиги ҳолатлари ёритилмаган ва бу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмаган” – деди “UzReport” ахборот агентлиги юрисконсульти Мирзоҳид Ғаниев.

“UzReport” ахборот агентлиги мазкур ҳолат бўйича айбдорлар жазоланиши учун охиригача курашишини маълум қилди.

“Суд қарорига кўра, телеканал ходими шунчаки кўчада бошқа фуқаролар билан муштлашган. Нима учун бундай қилинди? “Кўча қаҳрамонлари” ишини расмийлаштирган “участковой”лар ишладими? Ҳолат бўйича прокуратура, ИИВ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан изоҳ кутяпмиз”, – дейилади ахборот агентлиги сайтида.

Мазкур ҳолат юзасидан “UzReport” ахборот агентлиги томонидан қандай ҳаракатлар амалга оширилаётганини билиш мақсадида агентлик билан боғландик. Агентлик юрисконсульти Мирзоҳид Ғаниевнинг маълум қилишича, телеканал тасвирчиси Фаёз Бахтиёров суд қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўришни сўраб кассация тартибида шикоят киритган. “UzReport” ахборот агентлиги эса Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, юқоридаги вазиятда ички ишлар ходимларининг ҳаракатларини кўриб чиқиб, натижаси бўйича тегишли чора кўришни сўраган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдириб, вазият тўғри баҳоланиб, айбдорлар жазоланиши шартлигини таъкидлади.

“Узрепорт” телеканали ходимига фуқаролар томонидан қилинган тажовузга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тўғри ва адолатли баҳо бериши, айбдорлар эса қонунда белгиланган жазога тортилиши шарт. Биз ҳуқуқий давлатда яшаймиз. Қонун устуворлигига эришиш ўз қўлимизда. Ушбу ҳолатни охиригача кузатиб борамиз” – дейди Комил Алламжонов.

Воқеа акс этган видеотасвирга юзланадиган бўлсак, мазкур вазиятда суд қарорида айтилганидай икки томонлама муштлашув эмас, балки икки киши томонидан хизмат вазифаларини бажараётган телеканал ходимига уюштирилган тажовузга гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳолат бўйича телеканал ходимига ташланган шахсларнинг, шунингдек ички ишлар ходимларининг ҳаракатлари атрофлича ўрганилиб, вазиятга холисона баҳо берилишига умид қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-2-моддасига кўра (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш оз миқдорни ташкил этса (6 млн 690 минг сўм) 1 млн 115 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса (6 млн 690 минг сўмдан 22 млн 300 минг сўмгача) 2 млн 230 минг сўмгача жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид