“Кирилл ёзувида рус тили қоидаларидан чиқиб кетолмаймиз” — луғатшунос олим билан суҳбат
Бугунги ўзбек тили, унинг жамият ва давлат олдидаги аҳамияти, имловий хатолар ва саводсизлик оқибати, лотин-кирилл алифболари устидаги баҳслар, имло луғатлари ва умуман, ўзбек луғатшунослигидаги муаммо ва камчиликлар-у эришилган ютуқлар ҳақида филология фанлари номзоди Равшан Жомонов билан суҳбат ташкил этдик.
Суҳбат давомида олим саводсизликка олиб келаётган омиллар, уларни бартараф этиш йўллари, кирилл ва лотин алифболари ўртасидаги фарқлар, уларнинг тўғри транслитерацияси борасидаги фикрларини билдирди.
“Савод дегани фақат ҳарфни таниш-у, ўқишгина эмас”
— Тўғри ёзиш, саводхонлик ҳақида кўп гапирамиз. Имло масаласи жамият учун қай даражада муҳим?
— Ўзини англаган ҳар бир халқ ўз ёзуви бўлишига, уни тўғри ёзишга ва бошқаларга етказишга ҳаракат қилади. Унинг аҳамияти шу қадар буюкки, бирор-бир тараққиётни ёзувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки у орқали маълум бир билим ва маҳоратга эга бўламиз, бошқа бир кишининг фикрини ўқиймиз, уқамиз.
Ўзбек халқи азалдан ўз ёзувининг чиройли бўлишига, унинг ҳуснихат шаклига жиддий эътибор қаратган. Ёзувда кишининг нафақат билими, балки унинг тафаккури, ички олами, дид-фаросати намоён бўлади. Биз ёзувнинг ҳам босма, ҳам ёзма шаклидан фойдаланамиз. Айрим халқлар эса фақатгина босма шаклни қўллайди.
Савод деганда фақат ҳарфни таниш, ўқиш тушунилмайди. Савод ўша сўзнинг тўғри қўлланиши ва тўғри ёзилиши билан боғлиқ. Айниқса, таржима асарларимизда жуда кўп сўзлар нотўғри таржима қилинади. Аниқроғи, тўғридан-тўғри таржима қилинади, бу эса таржима маҳорати йўқлиги, иккинчидан, таржима назариясидан билим етишмаслигидан дарак беради.
“Кўпчилик мен етарлича билимни олдим, менга энди етади деб ҳисоблайди”
— Саводсизликни йўқотиш ёки имло саводхонлигини ошириш учун, менимча, уни тарғиб қилиш керак, тарғиб қилиш учун эса илмий асослар етарлича ишланган бўлиши керак. Шу узвийликда қайси томон кўпроқ оқсаяпти деб ҳисоблайсиз?
— Юқорида ҳам таъкидладим, саводхонлик ўта муҳим масала, буни аввало, болаликдан ўргатиб бориш керак. Боғчадан бошлаб, мактаб, университет — ҳаммасида узлуксиз давом этади.
Бизда ўрта мактабни тугатган ёхуд бирор олий таълим муассасасини битирган одамларда шундай бир тасаввур бор: мен етарлича билимни олдим, менга энди етади, деб ҳисоблайди. Бу нотўғри қараш. Чунки тил бир жойда қотиб қоладиган догма эмас. У тўхтовсиз ўсиб боради. Истаймизми-йўқми, ҳар куни битта янги сўз қўшилади. Қайсидир сўзнинг маъноси тораяди ёки тилдан чиқиб кетади. Янги кириб келаётган сўзнинг ёзилиши эса мунозарали. Реал қарайдиган бўлсак, кўчалардаги ёзувларда жуда ҳам кўп хатоликлар бор.
Мутахассис сифатида мушоҳада қиламанки, шу хатоликларнинг асосий сабаблари нимада? Биринчидан, ўша ёзувлар хоҳ кирилл, хоҳ лотин алифбосида бўлсин — бирор биладиган одамга шу тўғрими ё хатоми деб кўрсатиб олинмайди. Кирилл ёзувида рус тилидаги шакл тўғридан-тўғри кўчиб ўтади. Лотин ёзуви эса ўзбек тилининг миллий табиатидан келиб чиқиб ёндашишни талаб қилади. Хусусан, кирилл алифбосидаги “ёлашган” унлилар деган 4 та ҳарф: “е”, “ё”, “ю”, “я”ларнинг лотин ёзувида берилиши анча мураккаб, айни пайтда “ц” ҳарфли сўзлар имлоси ҳам бор — мана буларда хато устига хато кетмоқда.
Биз одатда кирилл ёзувида ёзганда муаммо йўқлиги шундаки, рус тилидаги вариантни тўла-тўкис кўчириб оламиз. Масалан, “январь” сўзи охирида “ь” юмшатиш белгиси қўйилади, ваҳоланки у ўзбек тилида фонологик (маъно фарқлаш) вазифа бажармайди. Бу белги қўйилишидан қатъи назар биз “январ” сўзини соф ўзбекона талаффуз этамиз. Ўзбек лотин алифбосида эса бу сўз “yanvar” тарзида ёзилади.
Эътибор қаратиладиган иккинчи жиҳат бу “я” ҳарфининг қўлланиши билан боғлиқ. Бу ҳарф рус тилида иккита вазифа бажаради: биринчиси, юқоридаги каби иккита товушни ифодалаш; иккинчиси, ўзидан олдинги товушни юмшоқроқ талаффуз этилишини ифодалаш, масалан, “сентябрь” — “sentabr”, “октябрь” — “oktabr”, “Финляндия” — “Finlandiya”.
Лекин бу каби сўзларни биз лотин ёзувида хато тарзда ёзиб келяпмиз: “sentyabr”, “oktyabr” тарзида. Бу “я” ҳарфининг вазифасини тушунмасликдан келиб чиқади.
Бошқа “ёлашган” ҳарфлар мисоли ҳам шундай: “июнь” — “iyun”, аммо “бюджет” — “budjet” тарзида. Талаффуз жиҳатидан ҳам “бйуджет” дейиш хато, бирор-бир ўзбек бундай талаффуз этмайди.
Шу каби нозик нуқталар борки, буларга эътибор бермаслик саводсизликка олиб боради. Лотин ёзувига ўтар эканмиз, мамлакатлар, шаҳарлар номлари — топонимлар, киши исмларини ўзбек лотин алифбоси имкониятидан келиб чиқиб ёзишимиз лозим.
“Биз фақат ўзимизнинг шахсий манфаатимизни эмас, балки умуммиллий манфаат нуқтаи назаридан келиб чиқишимиз керак”
— Алифбо ислоҳоти борасидаги фикрингиз қандай? Тўғриси, юртдошларимиз бундан безиб ҳам қолишди, баъзилар хато бўлса ҳам қолаверсин қабилида фикр билдиради.
— Алифбонинг тез-тез ўзгартирилиши саводсизлик томон бошлайди. Баъзи мутасаддилар алифбога 3-4 ўринда ўзгартириш киритмоқчи, лойиҳа эълон ҳам қилинди. Лекин 1995 йилги вариантга ўзгартириш киритишга ҳожат йўқ. Биз фақат ўзимизнинг шахсий манфаатимизни эмас, балки умуммиллий манфаат нуқтаи назаридан келиб чиқишимиз керак. Бундан ташқари, камида икки авлод унда савод чиқариб бўлди ва шу йиллар давомида неча минг номда, неча миллион нусхада дарсликлар чоп этилди.
Ўша ўлик лотин тилидан мерос қолган 26 та ҳарфдан ҳар бир халқ ўзича, эҳтиёжидан келиб чиқиб фойдаланади. Жумладан, ўзбеклар ҳам. Учта ҳарфлар бирикмаси: “sh”, “ch”, “ng” учун аввалдан маълум белгилар олинганда эди, бу ўзлашиб кетган бўларди. Шунингдек, “o‘” ва “g‘” нинг ёнига қўйиладиган диакритик белги ҳам қийин нарса эмас.
Менинг назаримда 1995 йилда тасдиқланган вариант: 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси бугунги кунимиз талабларига тўла жавоб беради.
“Имло луғатларисиз саводхонликни ошириб бўлмайди”
— Имло масаласида илмий конференция ёки қурултой ўтказиладими, охирги марта қачон ўтказилган? Мустақиллик йилларида лотин ёзувидаги жорий имло бўйича нега муҳокама мажлислари бўлмаган?
— Ўзбек зиёлилари ҳар доим бу борада ўз фикрини айтиб келган ва келмоқда. Лекин негадир сўнгги 30-40 йилда ўша миқдорда билдирилаётган фикрлар, мулоҳазалар бир жойда йиғилиб муҳокама қилинганини эшитмадим. Албатта, имло анжуманини ўтказиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири.
Ўзбек тили тарихида имло анжуманлари аввал бир неча марта ўтказилган. Масалан, ХХ асрнинг бошларида Тошкентда, Бухорода, Самарқандда шундай йиғинлар бўлган. 1969 йилда охирги марта имло бўйича махсус кенгаш — конференция ўтказилган. Унинг қарорлари эса 1970 йилда китоб ҳолатида нашр этилган. Шундан кейин бу умумдавлат миқёсида муҳокама қилинган эмас.
Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ ва ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтида тор доирада муҳокама қилинади. Лекин у жуда тор муҳокама. Имло бўйича анжуман ёки қурултой чақирилиши ва унга нафақат тилшунос, адабиётшунослар, балки барча зиёлилар: журналистлар, муҳаррирлар, шунингдек, блогерлар ҳам таклиф этилиши лозим.
Ўрта мактабда 30 йилдан бери дарс ўтилаётган бўлса, ўқитувчи муаммо нимада, ўқувчи қайси ҳарфни ёки сўзни ёзишда қийналади — бу масалаларни яхши тушунади.
Ёки нашриёт ходимлари қайси сўзларни ёзиш қийинлиги, унинг ечимига таклифларини билдиради. Масалан, ўзлаштирилган сўзларни қандай ёзамиз, айниқса, аниқ фанлардаги терминлар Европа тилларидан кирган, уларнинг ёзуви қандай бўлади?
Ҳамма соҳани йиғиб, ҳар бир муаммо муҳокама этилгандан, маълум қарор қабул қилингандан кейин, имло луғатлари ва бошқа луғатлар нашр этилиши керак. Имло луғатларисиз саводхонликни ошириб бўлмайди.
Афсус билан айтаман, 2013 йилда “Академнашр” нашриётида 2 та имло луғати нашр қилинди: кирилл ва лотин алифбосида. Бу нашрларга эътибор берсангиз, айниқса, лотин ёзувидаги нашрда жуда катта чалкашликларга йўл қўйилган, бу эса натижада ўзибўларчиликка олиб келди. Мен юқорида ҳам баъзи мисолларни келтириб ўтдим, айнан шу луғатлар асосида биз “sentyabr”, “oktyabr” деб ёзадиган бўлдик.
Имло ва ёзув масаласи қўпол қилиб айтганда ҳеч кимнинг маҳрига тушган иш эмас. Шундай бир мутахассисларимиз борки, ўзининг лавозимидан, мавқейидан фойдаланиб, гўё ўзининггина иши деб ўйлайди. Ҳар бир сўз махсус муҳокамани талаб қиладиган жойлари бор, шунинг учун имло луғатлари умумдавлат аҳамиятига эга иш деб қаралади.
— Кирилл ёзуви ўзбек тилининг рус тилига қарамлигини оширмаяптими? Одатда шахслар исмлари бўлсин ёки жой номлари — асосан, рус тилидан айнан кўчирма қилиб ёзилади.
— Кирилл ёзуви ўзбек халқи тарихида катта аҳамиятга эга. 1940 йил 8 майдан бошлаб биз шу ёзувда савод чиқардик, шахсан бизнинг авлод шу алифбода ўқиб-ўргандик ва кўз кўникмаси ҳосил бўлган. Кирилл ёзуви анча содда, қулай ҳамда имкониятлари катта ёзув — буни тан олиш керак.
Лекин айни пайтда масалага жиддийроқ эътибор қаратсак, кирилл ёзувида биз имкон қадар рус тили қоидаларидан чиқиб кетолмаймиз: у киши исми-шарифи бўлсин, жой номлари бўлсин ёки оддий термин — руслар қандай ёзса, ўша шаклда беришга мажбур бўламиз. Яъни рус тили орфографиясида қандай ёзилса, худди ўшандай ёзамиз. Бу ҳатто кулгили, ҳатто уятли ҳолат.
Суҳбатдош: Йигитали Маҳмудов
Тасвирчи: Нуриддин Нурсаидов
Суҳбатни тўлиқ Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
18:22 / 24.12.2024
Россиядаги мигрант болаларга рус тили имтиҳони қачондан бошланиши белгиланди
17:48 / 20.12.2024
Россиядаги мигрантларнинг фарзандлари учун рус тили тести бепул бўлади
17:51 / 10.12.2024
Россияда рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабга қабул қилмаслик тўғрисидаги қонун маъқулланди
20:46 / 28.11.2024