Ўзбекистон | 21:42 / 18.01.2021
18532
8 дақиқада ўқилади

Нега айрим давлат харидлари халқ эътирозига сабаб бўляпти? Депутат Ғаниев тизимдаги муаммолар ва ечимлар ҳақида гапирди

2020 йилда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган муаммолардан бири – давлат харидлари масаласи. Шу боис, янги таҳрирдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламент томонидан кўриб чиқилмоқда. Ҳужжатда жорий йилги тендерлар онлайн ва шаффоф тарзда ўтказилиши белгиланяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида давлат харидлари тизимидаги муаммо ва камчиликлар, уларнинг ечими юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Депутат Дониёр Ғаниевга кўра, эндиликда харид қоидаларини бузган шахсларга жавобгарлик чоралари қўлланилади. Тизимда шаффофликни таъминлаш бўйича бир қатор механизмлар йўлга қўйилади. Қуйида у томондан билдирилган фикрлар ихчамлаштирилган ҳолда тақдим этилади.

Давлат харидлари аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда

2020 йилда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган муаммолардан бири, бу бевосита давлат харидлари масаласи бўлди. Нафақат давлат корхоналари, балки давлат улуши бўлган йирик корпоратив корхоналар томонидан амалга оширилаётган давлат харидлари устидан очиқ – шаффоф жамоатчилик назоратини ўрнатиш давр талабига айланяпти.

Бу бир томондан амалдаги тизимда – қонунчиликда камчиликлар борлигини англатса, иккинчидан томондан, бизнинг жамоатчилик ҳам ривожланаётган демократик давлатлар каби ўзининг фаол фуқаролик позициясини шакллантираётганини кўрсатади. Бу, албатта, қувонарли.

Энди тўғридан тўғри давлат харидларига тўхталадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари мурожаатномада бундан буён давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлишига эътибор қаратди. Бу ерда икки нарсага: жамоатчилик ва парламентга урғу бериляпти.

Давлат харидлари тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири нима учун керак?

Шу кунларда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрир лойиҳаси Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилмоқда. Биз бунда давлат раҳбари томонидан алоҳида белгиланган вазифаларни акс эттиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Жамоатчилик назорати нуқтайи назаридан қонун лойиҳасида Молия вазирлиги ҳузурида махсус веб-портал очиш кўзда тутиляпти.

Барча давлат харидлари, жумладан, корпоратив харидлар тўғрисидаги барча маълумотлар ушбу веб-порталда жамланади, таҳлил қилинади ва тўлиқ, очиқ шаклда жамоатчиликка тақдим этилади.

Биз янги қонун лойиҳаси билан тизимга шундай талаб қўймоқдамизки, энди бу порталда ҳамма маълумот автоматик тарзда таҳлил қилиниб, жамоатчиликка ошкора кўрсатилади.

Иккинчи масала – парламент назорати. Қонунда бундан буён барча давлат харидлари ва корпоратив харидлар устидан ҳисоб палатаси томонидан йиллик аудит ўтказишни акс эттиришга ҳаракат қиляпмиз. Ўтказилган аудитнинг натижалари белгиланган тартибда Олий Мажлис палаталари, асосан, Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Энди жамоатчилик давлат харидлари тизимидаги катта «ўйинчилар»ни назорат қилади

24та стратегик корхона бор. Улар давлат улуши бўлган «Ҳаво йўллари», «Ўзавтомоторс», «Темир йўллар» ва бошқалар. Буларни давлат харидлари тизимидаги энг катта «ўйинчилар» десак бўлади. Чунки ўша 24та стратегик корхоналар томонидан амалга ошириладиган харидлар жами давлат харидларининг деярли ярмини ташкил этади. Бу жуда катта сумма. Тахминан 50 триллион сўм атрофидаги маблағ дегани.

Мазкур 24та корхона харидларининг қонунчилик асосида амалга оширилиши тадбиркорларимизга жуда катта имконият беради. Чунки бу йирик бозор. Маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш нуқтайи назаридан, уларнинг бизнесини ривожлантириш борасида катта имконият тақдим этади.

Иккинчидан, ҳозир тахминан 5-6 фоизга яқин тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида иштирок этаётгани амалдаги ачинарли ҳолатлардан бири. Бунинг сабаблари улар очиқ эмаслиги, стратегик корхоналар ўзининг харидларини давлат харидлари тўғрисидаги тартиб асосида амалга оширмаслиги ва тендер жараёнларини электрон тарзда эмас, балки ўша эски анъанавий усулда таниш-билиш орқали амалга ошириши тадбиркорларимизга эркин рақобат имкониятини яратмаётган эди.

Барча давлат харидларини электрон амалга ошириш мажбурий бўлади

Барча давлат харидларини электрон тарзда амалга оширишни белгилаяпмиз. Шу йил 1 сентябрдан бу мажбурий тарзда бўлади, унгача ихтиёрий.

Энг муҳими, 2021 йилда биз барча давлат харидларини электрон тарзда амалга оширишни мажбурий тарзда белгилаймиз. Яъни бундан буён анъанавий тарзда келишиб, кейин тендерни ўтказишлар бўлмайди. Барча тендерлар, барча танловлар, ҳар қандай харид тури портал орқали жамоатчиликка электрон тарзда эълон қилинади.

Бунда барча тадбиркорларга жараёнда иштирок этиш ва хабардор бўлиш имконияти пайдо бўлади. Ҳаммаси шаффоф кечади.

Иккинчи йўналишдаги давлат харидлари, асосан, Ўзбекистон товар-хомашё биржаcи назорати остида бошқариладиган платформада амалга оширилади.

Бунда фақатгина мазкур платформага аъзо бўлган, шундан фойдаланадиган тадбиркорларгина ўзининг маҳсулотларини тақдим эта оляпти, холос. Бу рақобатни чеклаяпти. Биз янги қонунда шунинг ҳам олдини олишга ҳаракат қиляпмиз.

Бундан буён электрон тизим операторлари сони чекланмаган бўлади. Ҳар қанақа электрон тизим оператори «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунда қўйилган талабларга жавоб берса, ўша марказлашган махсус порталга уланиши, ўзининг платформасида тадбиркорларни жалб қилган ҳолда маҳсулотларини давлат ва корпоратив буюртмачиларга тақдим этиш имконияти пайдо бўлади.

Тизимда коррупцион ҳолатлар қандай бартараф этилади?

Коррупцион ҳолатларни бартараф этишда энг муҳим чоралардан бири давлат харидларининг электрон тарзда амалга оширилишидир. Бу жуда ҳам катта аҳамиятга эга.

Энди таниш-билиш орқали анъанавий тарзда эмас, балки ҳамма харидлар портал орқали эълон қилинади. Исталган жамоатчилик – фуқаро ёки ОАВ вакиллари бўладими бу жараён устидан назорат ўрнатишлари мумкин. Ҳамма харид жараёнлари махсус порталда жамоатчиликка кўрсатилади.

Махсус портал Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлайди. Яъни бунда ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиляпти.

Яна бир йўналиш, қонунда кўплаб харидларда келиб чиқаётган манфаатлар тўқнашуви масаласига ечим киритишга ҳаракат қиляпмиз. Афсуски, бунга ҳозирги қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланмаган. Яъни бу катта бир «минус» бўляпти.

Биз янги қонунда тегишли тартибда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ўзгартириш киритяпмиз. Харид тартибларини бузган мансабдор шахсларга белгиланган тартибда БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қонунга бенефициар мулкдор тушунчасини киритяпмиз. Бу ерда манфаатлар тўқнашуви ёки аффилланган шахс манфаатларининг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида иштирок этаётган тадбиркорлик субъектидан бенефициар мулкдорни яъни бевосита тадбиркорлик субъектининг ҳақиқий эгасини ёки унинг қарорларига таъсир ўтказиши мумкин бўлган аффилланган шахсни ошкор қилиш тизимини мажбурий тартибда белгилаяпмиз.

Анъанавий тартибда дейлик 3та корхона тендерда иштирок этади. Ҳолбуки, учала корхонанинг ҳам ҳақиқий эгаси битта инсон бўлиши мумкин. Белгиланган қонунда буни тақиқлайдиган ҳеч қандай бир норма йўқ эди.

Эндиликда янги қонун билан ҳар қандай тадбиркорлик субъекти ўзининг бенефициар мулкдорини маълум қилади. Натижада, жамоатчилик портал орқали ҳақиқий тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий эгаси кимлигини ва уларга тегишли яна қандай корхоналар тендер жараёнларида, давлат харидларида иштирок этаётганини бевосита онлайн тарзда кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.

Аввалроқ молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Ўзбекистонда қоғоздаги тендерлар эраси тугаганини, 2021 йилги тендерлар онлайн бўлишини маълум қилганди.

Шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгилангани хабар берилган.

Мавзуга оид