Жамият | 19:36 / 20.01.2021
10724
6 дақиқада ўқилади

Тошкентда беморлар ордер асосида имтиёзли даволанишининг янги тизими жорий этилмоқда

Тошкентдаги 11та шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари билан бир қаторда 64та оилавий поликлиниканинг оила шифокори томонидан ҳам давлат бюджети ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар (ордер) бериладиган бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тегишли буйруғи қабул қилинди.

  • Айни пайтда пойтахт аҳолисига давлат томонидан кафолатланган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий хизмат бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатувчи муассасаларда, жумладан, оилавий ва марказий кўп тармоқли поликлиникалар ҳамда барча диспансерларнинг амбулатория хизмати томонидан кўрсатилмоқда. Шу пайтгача стационар шароитда беморлар учун давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ижтимоий, юқумли касалликлари бўлган, оналик ва болалик йўналиши ҳамда шошилинч тиббий ёрдам талаб этиладиган барча ҳолатларда кўрсатилган. Шу билан бирга, республика тасарруфидаги тиббиёт муассасалари (клиник шифохоналар ва илмий-амалий тиббиёт марказлари) ҳамда шаҳар клиник шифохоналари томонидан фақатгина имтиёзга эга бўлган аҳоли қатламига бепул тиббий хизмат кўрсатилган. Аммо аҳолининг имтиёзга эга бўлмаган қатлами (18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 18 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллар) учун режали равишда стационар шароитида ихтисослашган тиббий ёрдам олиш учун шароит яратилмаган эди. Ушбу фуқароларнинг аксарияти режали стационар шароитида даволаниш учун тиббиёт муассасаларининг пуллик хизмат бўлимларига мурожаат қилишига тўғри келган. Эндиликда бу ҳолатларга барҳам берилди. 

Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан жорий қилинган янги тизимга кўра, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тасарруфидаги барча тиббий муассасалар (1-, 2-, 3-, 4-, 5-, 6-, 7-сон шаҳар клиник шифохоналари, Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифохонаси, шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тери-таносил касалликлари диспансери ҳамда бошқарма тасарруфидаги барча туғруқ комплекслари) ордер тизимига ўтказилди.

Cоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари - Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов ССВ матбуот хизматининг бу ўзгариш бўйича саволларига жавоб берган. Хусусан, даволаниш учун харажатлар қандай таъминланишига ойдинлик киритилган.

«Ҳар бир ордернинг ортида ўртача 2,5-3 миллион сўм харажат ётибди. Биз шаҳар тиббиёт муассасалари миқёсида ойига 5 мингдан ортиқ шундай ордерлар ажратдик ва стационар муассасаларга тақсимладик.

Шундай қилиб, йил давомида илк бор имтиёзга эга бўлмаган 60 минг нафардан ортиқ фуқаро бюджет маблағлари ҳисобидан кафолатланган режали стационар даволанишга эришилади. Ушбу ўринлар сони эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, структуравий ўзгаришлар асосида ўрин жойларни ва керакли бўлимларни кенгайтириш имкониятига эга. Шунингдек, амалга оширилган ишлар натижасида Республика муассасаларига бўлган мурожаатлар кескин камайишига эришилади», дея Анвар Алимовнинг сўзларини келтирмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида беморларнинг ордер асосида имтиёзли даволанишининг янги тизими қандай афзалликларга эгалиги тўғрисида айтиб ўтилган.

«Бугунги кунда янги тартиб асосида бемор бевосита оила шифокори томонидан бериладиган йўлланма (ордер) асосида  ҳеч қандай тўловсиз ва навбатсиз режали равишда даволаниш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Шу орқали Тошкент шаҳри аҳолисининг имтиёзсиз аҳоли қатламини режали стационар шароитда даволаш, соғломлаштириш чора-тадбирлари белгилаш мақсадида клиник шифохоналарда 29та йўналиш бўйича 1 140та ўрин-жой ташкиллаштирилди (ихтисослаштирилган хирургия йўналишида 443, терапия - 245, эндокринология - 125, кардиология - 130, неврология - 113, ревматология - 42, аллергология - 20, пульмонология - 25 ва офтальмология 95 - ўрин жой ва бошқалар). Шу тариқа, пойтахтда имтиёзга эга бўлмаган аҳолига стационар шароитида даволаниш учун ордер олиш мумкин бўлган тиббий муассасалар сони 11тадан 75тага оширилди. 

Бугунги кунда ўтказилаётган хатлов якуни билан режали равишда стационар шароитида даволанишга муҳтож бўлган беморларнинг касаллик йўналиши бўйича қўшимча бўлимларни ташкиллаштириш режалаштирилган.

Бу лойиҳа, ўз навбатида, тиббий хизмат сифатини ва шифокорлар малакасини ҳам янада юксалтиришни талаб қилади. Шунинг учун, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг юридик мақомга эга бўлмаган 11та филиалини очиш бўйича меморандумлар имзоланди. 

Ҳозирда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиалида янги 20 ўринли нейроонкология, шаҳар 1-сон клиник шифохонасида 20 ўринли катталар учун гематология, шаҳар 4-сон болалар клиник шифохонасида эса 20 ўринлик болалар учун гематология бўлими ташкил этилди.

Тошкент шаҳрида яшовчи беморларга малакали кардиологик, терапевтик, эндокринологик, травматологик, офтальмологик, нейрохирургик, урологик, неврологик, хирургик ва гемодиализ йўналишлари бўйича малакали тиббий хизматларни ташкиллаштириш ва юқори технологик амалиётларни ўтказиш ишларини самарали таъминлаш имконияти яратилди.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент шаҳри аҳолисига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, моддий имконияти чекланган беморларни вақтида даволаш мақсадида киритилаётган бундай ўзгаришлар пойтахтимизнинг тиббий ландшафтини яхшилашга ва аҳолининг саломатлик кўрсаткичларни юксалтиришга хизмат қилади», деган Анвар Алимов.
 

Мавзуга оид