Ўзбекистон | 10:46 / 21.01.2021
70766
5 дақиқада ўқилади

Лицей директорлари аросатда қолди. Проректорлар эса ҳайрон

Академик лицейлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қарор қабул қилиниши ортидан, амалдаги лицейлар директорларининг тақдири мавҳум бўлиб қолди. Бир вақтнинг ўзида лицейларга директорлик қиладиган ОТМ проректорлари “бошини қайси тошга уриш” ҳақида ўйлаётган бўлсалар ажаб эмас...

Қуйида академик лицейлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қарор амалиётда келтириб чиқарган айрим муаммолар ҳақида фикр юритамиз.

Нима бўлди ўзи?

Ўтган йилнинг 12 декабр санасида “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4910-сонли қарор имзоланди.

Қарорда бир нечта янгиликлар қаторида академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш масалалари ҳақида ҳам сўз боради. Аммо, ҳужжатдаги муҳим бир банд уни амалиётга татбиқ этишда муаммолар туғдириши мумкин.

Қарорнинг 11-бандига мувофиқ шундай тартиб ўрнатилдики, эндиликда олий таълим масканларининг ўқув ишлари учун масъул проректори (филиал директори ўринбосари) бир вақтнинг ўзида академик лицей директори ҳисобланади.

Бу дегани, ҳузурида академик лицейлар бўлган ОТМларнинг (бундайлар республика бўйича 70га яқин) ўқув ишлари учун масъул проректорлари параллел равишда академик лицей директорлиги лавозимини ҳам эгаллайди.

Барча муаммо мана шу ердан бошланмоқда.

1-муаммо: Шафағини оламиз деб, кўр қилиб қўймаймизми?

Гап шундаки, ОТМнинг ўқув ишлари бўйича проректори кичкина лавозим эмас – унинг масъулияти ҳам, иш юкламаси ҳам ўзига яраша. Айрим ОТМлар бир неча ўн минглаб талабаларга ва юзлаб профессор-ўқитувчиларга эга. Деярли ҳар бирининг академик фаолияти учун айнан ўқув ишлари бўйича проректор жавобгар ҳисобланади.

Ўзбекистон ОТМлари ҳар қанча катта, талаба ва ходимлари қанча кўп бўлмасин, барчасида фақат 1 нафар ўқув ишлари бўйича проректор лавозими бор. Биз муҳокама қилаётган қарор келтириб чиқарадиган оқибатнинг бу жиҳатини бир аравани аранг тортиб турган отга яна бир арава қўшиб қўйилишига қиёсласа бўлади.

2-муаммо: Проректорми ёки “бўзчининг моки”?

Аксарият ОТМлар ҳузуридаги академик лицейларнинг бинолари олийгоҳ биносидан ташқарида, айримлари эса жуда олисда жойлашган.

Масалан, Бухоро давлат университети биноси Бухоро шаҳри Муҳаммад Иқбол кўчаси 11-уйда, шу университет қошидаги Қоракўл 3-сон академик лицейи эса Қоракўл туман, Саодат кўчаси, 1-уйда жойлашган. Орадаги масофа 60 километрдан кам эмас.

Ёки бўлмаса, Тошкент кимё-технология институтини олайлик – пойтахтдаги Навоий шоҳкўчаси 32-уйдан институт қошидаги Чирчиқ академик лицейи биноси жойлашган Чирчиқ шаҳри, Истиқбол кўчаси, 2-А-уйгача бўлган масофа ҳам 50 километрлар атрофида.

Академик лицей директорининг ҳам ўзига яраша вазифалари бўлади. Лицейни бошқариш, ходимлар ва ўқув-тарбия жараёни устидан назорат, иш берувчи сифатидаги мажбуриятлари, хуллас бир проректорникидан қолишмайдиган масъулият ва жавобгарлик академик лицей директорида ҳам бор.

Энди тасаввур қилиб кўрайлик, Қоракўл ёки Чирчиқдаги лицейларнинг ҳоли не кечади, унга директорликни қабул қилиб олган проректорники-чи?

Бу – нафақат оралиқ масофаси узоқ муассасаларда, балки бир том остида фаолият юритганда ҳам ўзига яраша ноқулайликларни келтириб чиқариши табиий.

3-муаммо: Проректор – робот эмаc...

Тўғри, қарорда ОТМларнинг ўқув ишлари учун масъул проректорларига лицейга директорлик қилгани учун қўшимча равишда базавий лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик 20 фоиз устама тўланиши назарда тутилган. Аммо, бир лавозим учун белгиланган вазифаларни тўлиқ бажарилиши талаб қилиб турилган бир вақтда унга бу тарзда хизмат ҳақи белгиланиши қай даражада адолатли?

Қолаверса, проректор келгусида директор вазифасини бажаргани учун лицей ҳисобидан алоҳида ҳақ оладими ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Қарорда бу ҳақида аниқ гап айтилмагани ҳам масалани янада мавҳумлаштирган.

Бир вақтнинг ўзида иккита таълим масканининг таълим жараёни учун жавобгарлик ҳар қандай темир иродали одамни ҳам ҳам жисмонан, ҳам руҳан толиқтириб қўйиши аниқ.

4-муаммо: Лицей директорлари ердан чиққан қўзиқоринми?

Яна бир жиддийроқ ўйлаб кўриладиган масала бор: амалдаги лицей директорларининг тақдири нима бўлади? Қарорда бу ҳақида ҳам лом-мим дейилмаган.

Шу боисдан ҳам амалдаги директорларнинг тақдири “осилиб” қолмоқда. Уддасидан чиққан айрим ОТМлар эса аллақачон масалани бир ёқли қилиб, лицей директорлари билан хайрлашиб ҳам улгурган. “Ҳақ”ини талаб қилган директорлар билан эса муроса йўллари ахтарилмоқда.

Хато кимда ва у қандай тузатилади?

Бу ўринда шу ғояни илгари сурган, уни қарор лойиҳаси матнига туширган ҳамда экспертизадан ўтказган масъул идоралар ходимлари бош қотириб кўрганлари дуруст. Ҳар ҳолда ечимсиз муаммонинг ўзи бўлмайди.

Аравани торта олмаган” собиқ вазир Ином Мажидов давридан “мерос” бўлиб ўтган бу муаммо янги вазир Абдуқодир Тошқуловнинг қаршисида ечимини кутиб турган илк масалалардан бири бўлса ажаб эмас.

Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид