Моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаш учун яратилган янги тизим қандай ишлаяпти? Мутахассис билан суҳбат
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» идоралараро ҳамкорликни қўллаган ҳолда аҳолига давлат томонидан ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ёрдам бериш, шу жумладан, кам таъминланган оилаларга 3 турдаги нафақаларни тайинловчи электрон тизим ҳисобланади. Бунда нафақа тайинлаш ва рад этиш автоматик тарзда амалга оширилади.
2019 йил 13 апрелдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ишлаб чиқилди ва илк бор тажриба-синов тариқасида ўша йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятида жорий этилди. Тизим мувафаққиятли деб топилгач, 2020 йил сентябридан декабрига қадар бутун республикада йўлга қўйилди.
Ушбу масала юзасидан Kun.uz саволларига Молия вазирлиги департамент директори Нодир Муслиддинов жавоб берди. Қуйида вазирлик вакилининг жавоб ва мулоҳазалари соддалаштирилган кўринишда тақдим этилади.
«Техникани алдаб бўлмайди». Ижтимоий реестр аҳолига нима учун керак?
2020 йилга қадар ижтимоий нафақалар, яъни 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам маҳалаллар томонидан тайинланиб келинган. Бунда бир қатор муаммолар пайдо бўлган. Масалан, аризачидан даромадлари, мол-мулки, оила аъзолари ишлайдиган жойдан маълумотлар талаб қилинган. Бундан ташқари, мурожаатни кўриб чиқиш жараёни учун узоқ вақт сарфланган. Ариза ва маълумотларни кичик комиссия кўриб чиқар, у тахминан 5 кишилик эди. Ҳужжатлар нафақага тўғри келса, ушбу комиссия аризачининг уйига бориб, унинг моддий ва мулкий шароитини ўрганиб чиқарди. Бундай баҳолашда комиссиялар томонидан ҳар хил ёндашувлар ва инсон омили юқори бўлган. Бу эса коррупцион ҳолатлар ҳамда аҳолининг норозиликларига олиб келган.
Шуни бартараф этиш учун чет эл тажрибасини ўргандик. У ерда муҳтож оилаларни аниқлаш автоматлашган ва шаффоф механизмлар асосида аниқланаётганига гувоҳ бўлдик. Биз ҳам шу йўл – тўғри, деб хулоса қилдик. Чунки рақамлаштирилгандан кейин, техникани алдаб бўмайди, унга илтимос қилиб бўлмайди. «Бунга нафақа тайинлагин, бунисига тайинламагин», деб бўмайди.
2019 йилда ЮНИСЕФ ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан биргаликда «Ягона ижтимоий реестр»ни ишлаб чиқишни бошлаганмиз. Биринчи босқичда, тизимнинг молиявий харажатларини ЮНИСЕФ ўз зиммасига олди. Бизга ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ажратилган грант маблағлари ҳисобидан хорижий компания жалб этилди. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 308-қарорига асосан, бу тизим тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида илк маротаба фаолиятини бошлади ва яхши натижаларга эришилди.
Янги тизимнинг қандай афзалликлари бор?
Мазкур тизим бўйича фуқаро ҳеч қандай маълумотни йиғиши шарт эмас. Фақатгина ариза билан ўзи ва оила аъзоларининг паспорт нусхалари (никоҳ ва туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар) тақдим этилади. Аризани маҳаллага беради. Маҳалла аризани қабул қилувчи ва уни жамлаб пенсия жамғармасининг туман бўлимига тақдим этувчи орган вазифасини бажаради. Аризани қаноатлантириш ёки рад этиш бўйича ҳеч қанақа қарор қабул қилмайди.
Реестр орқали электрон тарзда нафақалар кимга тайинлангани ёки рад этилгани, рад этилишининг сабабларини ҳам кўриш мумкин. Бу ерда ҳаммаси шаффоф.
Дастурга фуқаронинг паспорт серияси ва шахсий идентификация рақамлари киритилади ва шунда унга тегишли барча қолган маълумотлар автоматик равишда чиқади. Ҳозирда тизим 9та вазирлик ва идоралар электрон базасига уланган. Айни пайтда улардан 20 турдаги маълумотлар олиняпти.
Мисол учун, Солиқ қўмитасидан иш ҳақи ёки мулкий даромадлар тўғрисида маълумот олинади. Пенсия жамғармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Кадастр, меҳнат органлари билан ҳам ҳамкорлик қиляпмиз.
Тизимнинг ўзига хос томони шуки, аризачининг ижтимоий ҳолати нафақа олувчи тартибига тўғри келса, ягона реестр унга нафақани автоматик тарзда ўзи тайинлайди. Агарда тўғри келмаса, рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам аризачи СМС орқали хабардор қилинади.
Яна бир жиҳат, бу тизим Молия вазирлиги ва «Халқ банки» билан боғланган, тайинланган нафақалар бўйича автоматик равишда тўлов «ведомост»ини ва тўлов топшириқномасини тузади. Шакллантирилган тўлов «ведомост»ини тўғридан тўғри банкка жўнатади, тўлов топширмасини эса ғазначиликка тақдим этади. Ғазначилик тўлов топширмаси бўйича тўловни молиялаштиргандан кейин пул тўғри «Халқ банки»га чиқиб кетади. Кейин тўлаш ишлари бошланади. Одамлар ҳеч қаерга бормайди, ҳеч кимга телефон қилмайди. Пулни пластикда ҳам, нақд шаклда ҳам олиш мумкин. Ҳаммаси нафақа олувчининг хоҳишига қараб бўлади.
Қандай ҳолларда нафақа тайинлаш рад этилади?
- Бир оиланинг киши бошига тўғри келадиган даромади меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича энг кам миқдорининг 0,527 бараваридан (1 февралдан бошлаб бу 393,8 минг сўм) кам бўлган оилаларга Ижтимоий нафақа тайинланади.
- Агар оила аъзолари номида биттадан ортиқ кўчмас мулки, яъни ўзи яшаб турган уйидан бошқа яна кўчмас мулки бўлса.
- Ишлаб чиқарилганига 10 йил тўлмаган машинаси бўлса. Ундан юқори бўлса, мумкин.
- Иккита ва ундан ортиқ машинаси бўлса.
- Оила аъзоси ҳеч қаерда расман банд бўлмаса, жамоат ишлари иштирокчиси бўлмай, ишда ишлаш учун меҳнат органларига мурожаат қилиб, иш излаётгани тўғрисида рўйхатга олинмаган бўлса ҳам ижтимоий нафақа бериш рад этилади.
Аризалар сони чекланганми?
Тўғри, илгари маҳалла томонидан ажратилган пулга қараб аризалар олинар эди. Бунда муҳтожроқ оила қолиб кетиб, ундан шароити нисбатан яхшироқ оилага нафақа тайинлаш ҳолатлари бўлиши мумкин эди.
Эндиликда маҳалла вакилларида ариза қабул қилиш бўйича ҳеч қанақа чегара йўқ. Агарда, нафақа олиш ҳуқуқи бор деб топилган оилалар сони ҳақиқатда ажратилган маблағларга нисабатан кўп бўлса, у ҳолда дастур автоматик равишда энг муҳтожларни танлаб, қолганларни кейинги ойга ўтказади.
Лекин, охирги вақтда бунақа ҳолат бўлмади. Сабаби, Президентимиз фармонларига мувофиқ нафақа олиши мумкин бўлган оилалар сони 2 бараварга оширилиб, бу йўналишда ажратилаётган маблағлар миқдори сезиларли равишда ошган.
2020 йилнинг бошланишигача 595 минг оила нафақа олиб турган бўлса, президент қарорига асосан, 2020 йилда нафақа олувчилар сони 2 баробарга оширилиб 1 миллион 200 минг оила нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлди.
«Темир дафтар» билан ягона реестр бирлаштирилади
Ҳозирги ҳолат реестрнинг биринчи қадами. Айни пайтда мазкур тизим орқали фақат нафақалар тайинланяпти.
Давлатимиз раҳбари, парламентга мурожаатларида «Темир дафтар» билан ягона реестр бирлаштирилади, 30 турдаги ижтимоий хизматлар ягона реестр орқали электрон равишда амалга оширилади», деб айтдилар. Шу топшириқдан келиб чиқиб, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» дастурлари Ягона ижтимоий реестр билан ўзаро боғланади, давлат ижтимоий хизматлари рақамлаштирилади.
Давлат томонидан аҳолига жуда кўп турдаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади. Лекин уларнинг яхлит базаси йўқ. 2021 йил давомида шундай турдаги ижтимоий ёрдамлар базаси бир жойга жамланади.
Ягона ижтимоий реестр лойиҳаси учун 30 миллиард сўм маблағ ажратилган
Бу лойиҳани амалга оширишда оила таркиби тўғрисида электрон маълумотда зарурият пайдо бўлди. Шунда ФХДЁ архивидаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун жуда кўп ишчи кучи жалб қилинди. Яъни бу иш устида 2000 нафардан ортиқ мутахассис ишлади. 2000 мингтадан ошиқ компьютер сотиб олинди. Чунки вақт жуда ҳам қисқа эди. 4 ойни ичида шу ишни амалга ошириш керак эди. Бунга давлат бюджетидан президент қарори билан 30 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жуда катта иш қилинди.
Ягона ижтимоий реестр тизими президент қарори билан 2020 йил сентябрдан декабрга қадар босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида жорий этилди. 2021 йилнинг январ ойида ижтимоий ягона реестр орқали республиканинг барча ҳудудларида 3 турдаги нафақалар инсон омилисиз тўлиқ тайинлаб келинмоқда.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди
Мавзуга оид
11:35 / 13.12.2024
Ўзбекистонда ижтимоий карта жорий этилади
20:07 / 03.12.2024
“Қарор қабул қилишда ногиронлиги бор шахслар ҳам иштирок этиши шарт” – Ўзбекистонда ногиронлик муаммолари ҳақида
16:14 / 27.11.2024
Маҳалланинг фаол кексаларига ҳар ой 577 минг сўмдан тўланади
18:59 / 26.11.2024