Жаҳон | 23:12 / 01.02.2021
24648
2 дақиқада ўқилади

Олимлар Саҳро Кабирнинг пайдо бўлиши сабабини маълум қилишди 

Фото: Flickr

Олимлар халқаро гуруҳи Саҳро Кабир чўлининг катта қисми бир неча минг йиллар аввал ўсимлик билан қопланган ерлар бўлганини тасдиқлашди. Улар сайёрамизда энг йирик чўлнинг пайдо бўлишига иқлим ўзгаришлари сабаб бўлганини айтишмоқда.

Олимлар Ўрта ер денгизидаги, ёши охирги 160 минг йилни қамраб олган чўкиндилар намуналарини таҳлил қилиб, бу даврда юз берган иқлим ўзгаришларини моделлаштиришган. Денгиз тубидаги чўкинди қатламлари ўзида Африка қитъасида ўсган ўсимликлар қолдиқлари ва қадимий моллюска чиғаноқларини сақлайди. Улар орқали ўтмишда юз берган иқлим ўзгаришларини моделлаштириш мумкин.

Аниқланишича, Ер орбитасидаги кичик силжишлар ҳамда қутб муз қалқонлари ҳажмининг катталашиши ва кичрайиши кўп миқдорда ёғингарчилик билан кечган намгарчилик даврларининг узоқ давом этган қурғоқчилик даврлари билан алмашиб келишига олиб келган. Намгарчилик даврлари одатда 5 минг йил давом этган, ўсимликларнинг ўсиши учун унумли шароитлар эса Шимолий Африкадан тортиб Ўрта ер денгизи соҳилларигача бўлган ҳудудни қамраб олган.

Иқлимнинг ўзгариши одамлар ҳаётида ҳам кескин ўзгаришларга олиб келган ва бу, эҳтимол, уларнинг Саҳрои Кабирда катта миграцияларига сабаб бўлган.

Мавзуга оид