Ўзбекистон | 08:45 / 06.02.2021
9030
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яна бир халқаро шартномага қўшилмоқда

Президент қарори билан Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши котибиятининг молиявий қоидалари тўғрисидаги битимга қўшилди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Битим 2012 йил 23 августда Бишкек шаҳрида имзоланган. Унда котибият фаолиятини молиялаштириш манбалари, бюджетини шакллантириш ва ижро этиш тартиби белгиланган.

Ташқи ишлар вазирлиги битимни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди. Унга Ўзбекистоннинг мазкур битимга қўшилиши ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган ҳақидаги тегишли билдиришномани депозитарийга юбориш топширилди. Битимнинг ўзи мазкур билдиришнома олинганлиги тасдиқлангандан кейин кучга киради.

Маълумот учун, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йил 3 октябрда Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ўртасида имзоланган Нахичеван битими билан тузилган халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасидаги ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-маърифий соҳада ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришдан иборат.

Ўзбекистон 2019 йил сентябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди.

Мавзуга оид