Жанубий Корея Ўзбекистон боғчаларига ақлли роботлар тақдим этди
Лойиҳанинг пилот босқичи учун 275та робот тақдим этилди. Боғча болалари улар ёрдамида алгоритмик фикрлашни ўрганишади. Келгусида роботлар Ўзбекистондаги барча боғчаларга тарқатилиши мумкин.
Мактабгача таълим вазирлиги боғча тарбияланувчиларида алгоритмик фикрлашни ривожлантириш бўйича лойиҳани йўлга қўймоқда.
Лойиҳа Жанубий Кореянинг робот саноатини ривожлантириш институти (KIRIA), Корея ўқитувчилар уюшмаси, шунингдек, FRG Korea, Dazzle Edu, Genie Robot ва SK Telecom компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилади, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Давр талаби билан айрим касблар ўз аҳамиятини йўқотмоқда, янги, замонавий касбларга талаб ортмоқда. Шу нуқтайи назардан, боғча давридаёқ болаларни робототехника сингари келажак касблари билан таништириш, уларда қизиқиш уйғотиш муҳимдир», – деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин лойиҳа тақдимотига бағишланган матбуот анжуманида.
Кореялик ҳамкорлар лойиҳанинг пилот босқичи учун 275та робот ва 350та ўқув қўлланмаси тақдим этган. 12 вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида жами 55та боғча танланиб, уларга 5тадан робот тақсимланган.
Пилот босқичида иштирок этаётган боғчалар педагоглари роботлар билан ишлаш бўйича ўқув семинарларида қатнашган.
Вазирлик ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази директори Оятилло Раҳматиллаевнинг тушунтиришича, Albert ва Genibot роботлари 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган.
Биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида роботни ҳаракатлантириши, кўзини милтиратиш, гапириш, қўшиқ куйлаш, маълум кетма-кетликдаги амалларни бажариш буйруқларини бериши мумкин. Шу тарзда у код блокларининг ишлаш моҳиятини тушуниб олади, алгоритмик фикрлашга мослашади.
«Таълимдаги узвийлик тамойилига асосланган ҳолда, робототехника ва дастурлаш кўникмаларини умумтаълим мактабларда ҳам ўргатиш йўлга қўйилса, ижобий натижага эришиш мумкин», – деди марказ директори.
Билдирилишича, боғчаларда роботлар ёрдамида ўқитиш услуби Жанубий Кореяда ижобий натижа кўрсатган. Шу жумладан, Франция, Испания, Коста-Рика ва Перудаги мактаб ва боғчаларда ҳам бу лойиҳа пилот босқичида амал қилмоқда.
«Бир йил давомида пилот лойиҳа самарадорлиги мониторинг қилиб борилади, сўнгра натижалар таҳлил қилинади. Агар кутилган ижобий самарага эришилса, лойиҳа республиканинг барча мактабгача таълим ташкилотларида йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Пилот босқичида роботлар Корея ҳамкорлари томонидан бепул тақдим этилган бўлса, кейинги босқичда давлат бюджети, халқаро донор ташкилотлар маблағлари, имтиёзли кредитларни жалб қилиш кўзда тутилган», деди Оятилло Раҳматиллаев.
Мавзуга оид
17:43 / 25.12.2024
Жанубий Корея “ўта қари жамият” деб тан олинди
17:35 / 25.12.2024
Жанубий Кореянинг лавозимидан вақтинча четлатилган президенти яна сўроққа келмади
19:15 / 23.12.2024
КХДР Россия—Украина урушида мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилгани маълум қилинди
16:31 / 18.12.2024