Сигир соғишдан таппи ёқишгача — қишлоқ аёлининг бир куни
Kun.uz «Қишлоқда бир кун» рукнининг галдаги сонида қишлоқ аёллари турмушидан ҳикоя қилади.
Севара Норқозоқова – 33 ёшда, 4 фарзанднинг онаси. Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Қўрли қишлоғида яшайди. Турмуш ўртоғи фелдшер, ўзи эса уй бекаси.
Одатий ўзбек оилаларида бўлгани каби рўзғор ишлари, болалар тарбияси қаҳрамонимиз зиммасида. Қишлоқда эса бекалик юмушлари анчагина.
Севара Норқозоқова эрталаб соат 5:00да уйғонади. Биринчи бўлиб қиладиган иши – сигир соғиш. Оила рўзғорида 2 та сигир бор, ҳар биридан кунига 2–3 литр сут соғиб олинади.
Соғилган сут пиширилади, ивитиб қатиқ тайёрланади, махсус айлантиргич мосламага солиб ёғи ажратиб олинади. Қолган сутдан эса сузма тайёрланади.
Сигир соғиб бўлингач, нонушта тайёрлашга киришилади. Бунда ҳам уйни иситиш, ҳам чой қайнатиш учун печка ёқиш зарур. Уй бекасининг айтишича, ҳар куни 3 маҳалдан 3 та хонага печкага ўт ёқади.
Асосий ёқилғи турлари – таппи, оқ қуврай (чўл-даштда ўсадиган ёввойи ўт), тараша. Таппи баҳор-ёзда чорва гўнгидан тайёрланиб, қишга тайёрлаб қўйилади.
Чой қайнаб, уй исигач, бутун оила нонушта қилиш учун дастурхон атрофига йиғилади. Нонуштадан сўнг оиланинг ёши улуғ онахони дуо ўқийди, сўнг ҳамма – ўз юмуши билан андармон. Болалар мактабга йўл олишади. Қаҳрамонимиз эса одатдагидай рўзғор ишларини давом эттиради.
Нон учун хамир тайёрлаб, зувалалар қилинади. Бунда қайнона, овсин ҳам ёрдам беришади. Хамир ачишига бироз вақт қолгач, тандирга ўт ёқиб, нон ёпишга тайёрлаб қўйилади.
Нонларни тандирдан узгунча тушлик вақти ҳам бўлиб қолди. Бека дарровгина ош масаллиқларини тайёрлаб, ўчоқда ош пиширишга ҳам улгурди. Ош сузилгач, тушлик ҳам оила даврасида тановул қилинади.
Оғилхона яқинидаги таппихона эътиборимизни тортди. У ерга таппилар тахлаб қўйилган. Мезбоннинг айтишича, таппи май–октябр ойларида ясалади. Қишдаги тезаклар эса бир жойга йиғиб қўйилади, кейин кунлар илигач, сув қўшиб таппи қорилади.
Оиланинг асосий даромади – узумчилик. Ёз охирида ҳосил йиғиштирилиб, узум қуритилади. Майиз ҳолига келгач, уни сотишдан аввал навларга ажратиб сараланади. Майиз қанчалик сифатли сараланса, бозорда шунчалик қимматроққа сотилади.
Биз билан суҳбатда Севара Норқозоқова қишлоқдаги доимий муаммоларни санаб ўтди.
«Қишлоқда ҳам шаҳардагидек шароит бўлишини, газ, доимий электр токи бўлишини хоҳлардик. Қишлоғимизга газ умуман етиб келмаган. Электр токи кундузи ўчмайди. Фақат кечки пайт айни овқатланаётган, болалар дарс қилаётган пайти электр токи ўчиб қолади. Табиийки, доимий газ, электр токи бўлмагани учун ўтинга эҳтиёжимиз ошади.
Қоронғи пайти печкага ўт ёқишдан қийналамиз, ўтинлар етмай қоладиган вақтлар бўлади. Натижада уйлар совиб кетади, болалар шунинг учун қишда тез-тез касал бўлиб қолишади».
Kun.uz қишлоқлардаги турмуш манзараларини ёритишда давом этади. Рукндаги бошқа мақолалар билан ушбу ҳаволада танишинг.
Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024