Жаҳон | 18:40 / 12.02.2021
9687
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Уҳандаги мутахассислар хулосаларига ишонмаяпти

Уҳанда коронавирус пандемияси сабабларини ўрганаётган ЖССТ мутахассислари Хитой версиясига яна бир бор шубҳа билдирган расмий Вашингтонга кескин жавоб қайтаришди.

ЖССТ вакиллари ўзларининг илк хулосаларини тақдим қилишгач, АҚШ баёнот берди. Мутахассислар, хусусан, SARS-CoV-2 вируси Хитой лабораторияларидан бирида етиштирилгани ҳақидаги эҳтимолларни инкор этганди.

«Бу вирус ёки унга боғлиқ бошқа бири дунёдаги қандайдир лабораторияда ўрганилгани ҳақида хабарлар берилмаган. Бундан ташқари, Уҳан вирусология институти лабораториясини ўрганиб чиқдик, бундай жойдан вирус сизиб чиққани эҳтимоли жуда паст», деган ЖССТ экспертлар гуруҳи раҳбари, озиқ-овқат хавфсизлиги ва зооноз юқумли касалликлар бўйича мутахассис Питер Бен Эмбарек.

Коронавирус Хитойда яратилгани, кейин эса тасодифан ёки атайлаб бутун дунёга тарқатилгани ҳақидаги миш-мишлар ўтган йил январидан буён тарқала бошлаганди. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп вирус Уҳандаги Вирусология институтида ишлаб чиқилгани борасида далиллар борлигини айтганди. Хитой ва ЖССТ аввалдан SARS-CoV-2 лабораторияда пайдо бўлгани ҳақидаги гипотезани рад этиб келган.

Расмий Вашингтон эса Хитой тараф ҳаракатлари шаффофлиги ва халқаро мутахассислар тақдим этаётган маълумотлар ишончлилигига шубҳа билдирган.

ЖССТ гуруҳи аъзоларидан бири, касалликлар экологияси бўйича мутахассис Питер Дасзак бунга жавобан ўз твиттерида қуйидагиларни ёзган: «Трамп даврида реал вазият билан алоқасини йўқотган ва кўплаб жиҳатларда очиқча хато қилаётган Америка разведкаси тарқатаётган ҳар нарсага ҳам ишонавериш керакмас». У гуруҳ имкон қадар аниқ ишлашга ҳаракат қилганини таъкидлаб ўтган.

Хитой ЖССТ мутахассисларини ўз ҳудудига қўйишга осонликча рози бўлмаганди – аввал уларнинг ишлаш шароитлари келишилди. АҚШ тарафининг фикрича, бу расмий Пекиннинг очиқ ҳамкорликка тайёр эмаслигидан. Январда ЖССТ миссияси Хитойга энди етиб келганида, Оқ уй маъмурияти қаттиққўл ва муросасиз текширишлардан умидвор эканини айтиб баёнот берганди. Расмий Пекин эса Вашингтондан вазиятга сиёсий тус бермасликни сўраганди. 

Мавзуга оид