Жамият | 19:47 / 15.02.2021
6235
3 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси аҳолига тўловлар кеч етиб бораётгани бўйича изоҳ берди

Пенсия жамғармаси матбуот хизмати айрим ҳолатларда банк ходимларининг қонунга зид ҳаракатлари пенсионерларга пенсия пуллари ўз вақтида етиб бормаётганини маълум қилди.

Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 14 мартда 2980-сон билан рўйхатдан ўтган «Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат «Халқ банки» бўлинмалари орқали ишламайдиган пенсионерларга пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тўғрисида»ги Йўриқнома 10-бандига асосан, «Халқ банки» филиали томонидан пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар уларни етказиб бериш (топшириш)нинг тасдиқланган жадвалига асосан ҳар ойнинг 27 санасига қадар узлуксиз етказиб берилади (топширилади).

Мазкур йўриқноманинг 46-бандида ушбу талабларнинг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Пенсия жамғармаси ишонч телефонига пенсия тўлови маблағларни етказиб беришда тасдиқланган жадвалга риоя қилинмасдан «Халқ банки» сайёр кассаси назоратчилари томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани кузатилмоқда.

Мисол учун, Наманган вилояти, Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Т.Мнинг 2020 йил 15 ноябр куни Пенсия жамғармаси «Ишонч телефони»га 2020 йил декабр ойи учун боқувчисини йўқотганлик пенсия пулини олмаган бўлса-да, дастурда «тўланди» белгиси қўйилгани бўйича мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилганда, фуқаро Т.М.га декабр ойи учун тайинланган боқувчисини йўқотганлик пенсия пули АТ «Халқ банки» Учқўрғон тумани сайёр кассаси кассири томонидан ўрнатилган қонунчиликка зид равишда, яъни ишончномасиз МФЙ ходимига ташлаб кетилган.

Шунингдек, Жиззах вилояти, Зомин туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.А.нинг 2020 йил 28 декабр куни Пенсия жамғармаси «Ишонч телефони»га 2020 йил август ойи учун пенсия ҳамда ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича компенсация пули тўловлари тўлаб берилмагани бўйича мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганилганда, фуқаро М.А.га август ойи пенсия ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича компенсация пули тўловлари банк Зомин тумани сайёр кассаси кассири томонидан ўзлаштирилгани аниқланди.

Пенсия жамғармаси аралашуви билан фуқарога 2020 йил 31 декабр кунида пенсия ҳамда ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича компенсация пули тўловлари ўрнатилган тартибда сайёр касса кассирлари томонидан етказиб берилган.

Пенсионерга пенсия тўлови белгиланган тартибда етказиб берилмагани ҳамда ишончномасиз тўлаш ҳолати юзасидан банк Бошқарувига тегишли чора кўриш бўйича хат юборилган.

«Юқоридагиларга асосан, жойларда пенсия ва нафақаларни етказишда кеч тўлаб бериш ҳолатлари, етказиб беришда хизмат ҳақи талаб этиш, тўлиқ миқдорда берилмаслик ёки тўловлардан чегириб қолиш ёки бошқа ҳолатлар аниқланса, фуқаролардан Пенсия жамғармасининг 1140 рақамли «Ишонч телефони»га мурожаат қилишларини сўраймиз», дейилади Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид