Жамият | 12:04 / 16.02.2021
5589
6 дақиқада ўқилади

«Яратган ўзи дардимни олувчиларни юборди» – Саломатлик акцияси доирасида наманганлик уч беморда буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Наманган вилоятида бошланган «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида ўтаётган саломатлик акцияси доирасида буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган уч беморга ёрдам кўрсатилиб, улар буйрак трансплантацияси амалга оширилиши учун Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинди. Беморларга яқинлари ўз буйракларини беришга рози бўлишган.

«Уч йилдан бери буйрак етишмовчилигидан азият чекиб, бир йилдан бери гемодиализ муолажасини қабул қилиб юрган Мастура Файзиева дардига даво излаб бормаган жойи қолмаганди. Унинг олдида икки йўл турарди: умрининг охиригача гемодиализ муолажасини қабул қилиш ёки буйрак трансплантациясини амалга ошириш. Бу иккки чорани кўриш ҳам икки нафар фарзанднинг онаси учун моддий томондан қийинчиликлар туғдирарди.

Унга буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиётини фақат чет элда амалга ошириш мумкинлигини айтишганди. Фарзандларининг бахту камолини кўриш, уларнинг бошида паноҳ бўлишни истаган она яшаб турган уйини сотишга қарор қилганди. Шундай кунларнинг бирида «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида ўтаётган саломатлик акцияси доирасида Наманган вилоятида бўлиб турган пойтахтлик шифокорлар маҳаллий ҳамкасблари билан биргаликда унинг ҳолидан хабар олиб, уйига кириб келишди...», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Маъмура Йигиталиева опаси Мастура Файзиевага донорлик қилади.

«Мен учун буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини Тошкент шаҳрида, ҳеч қандай тўловсиз, беминнат қилиб беришларини айтишганида ҳолатимни тасаввур қила олмайсиз. Бу Аллоҳнинг менга берган инояти эди. Шундай оғир аҳволда турганимда шифокорлар келиб, мушкулимизни осон қилишди. «Президентимизнинг топшириғи билан сизларга ёрдам бергани келдик», дейишганида илтижоларим Яратганга етиб, ўзи дардимни олувчиларни юборганини кўнглим сезди. Унгача икки боламнинг тақдири нима бўлишини ўйлаб, хавотирда эдим. 

Менга буйрак кўчириб ўтказишлари аниқ бўлганида, ўғлим: «Мен ҳам катта бўлсам, сизни даволайдиган одамлардай жарроҳ бўламан», деди. Биласизми, энди болаларимнинг орзуларини кўриш учун ҳам ҳаётга умидим ошиб кетди», дейди бемор.

Саломатлик акцияси доирасида опа-сингил биргаликда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

«Жигаринг ёнингда дард билан олишиб турса, чидай олмас экан одам. Отамизнинг ёшлари 75га етган бўлса ҳам чора излаб бормаган жойлари қолмади. Ака-опаларимиздан қай биримизники тўғри келса, буйрагимизни беришга рози эдик. Мана, келганимиздан бери шифокорлар ширин сўзларини аяшмаяпти. Ҳаммалари юзлари табассум билан палатамизга кириб келишади. Тўғриси, буларни кўриб, эрта-индин операцияга киришимиз керак, деган қўрқув ҳам ўз-ўзидан қандай йўқолганини сезмай қолдим», дейди Маъмура Йигиталиева.

Акция доирасида Наманган вилояти бўйлаб ёйилган тиббиёт соҳасида мамлакатнинг энг малакали мутахассислари ҳар бир туманда маҳаллабай тартибда уйма-уй юриб, тиббий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларига жойида малакали тиббий хизмат кўрсатишмоқда ҳамда беморларнинг ҳолатига, касаллик даражасига қараб, тегишли муолажаларни амалга оширишмоқда. 

10 февралдан бери давом этаётган ушбу хайрли тадбир доирасида аввал турли сабаблар билан махсус тиббий текширувлардан ўтолмай юрган хастаҳол юртдошлар «темир дафтар»га киритилиб, бепул тиббий хизмат билан таъминланмоқда. Ушбу рўйхатга кирган фуқароларга энг қисқа муддатларда муолажалар белгиланмоқда.   

Тўрақўрғон туманида яшовчи 53 ёшли Валижон Исмоилов ҳам буйрак етишмовчилигидан азият чекарди. Мутахассислар саломатлик акцияси доирасида унга буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказадиган бўлди. Унга яқинда чет элдан қайтиб келган 26 ёшли ўғли Одилжон донорлик қилади.

«Бу хабарни эшитганимизда, бутун оиламиз билан хурсанд бўлдик. Отам касаллик аниқланишидан олдин ҳайдовчилик қилар эдилар. Бизга ҳалол меҳнат билан нон-туз едирганлар. Чет элда ишлаб, оила тебратишда уларга кўмаклашардим. Аммо отамнинг аҳволи оғирлашиб бораётганини кўриб, чорасиз сезардик ўзимизни. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари келиб, бизга ҳолат юзасидан тушунтириш беришганида, отамга ўзим донорлик қилишга рози бўлдим...», дейди Одилжон Исмоилов.

15 феврал куни буйрак кўчириб ўтказиш амалиётидан муваффақиятли чиққан ота-бола Исмоиловларнинг аҳволи ҳозирда шифокорлар назорати остида. 

Наманган вилоятида давом этаётган саломатлик акцияси доирасида яна бир беморда худди шундай буйрак кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилган. Поп туманида яшовчи 17 ёшли Моҳинур ҳам шу оғир дарддан азият чекиб келаётган эди. Саломатлик акцияси доирасида Моҳинурнинг онаси Ирода опа Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ҳам она, ҳам донор сифатида олиб келинди.

«Қизим эндигина талабаликнинг олтин даврига қадам қўйган. Унинг касаллигига жимгина қараб туриш қўлимиздан келмасди. Бор имконимизни ишга солиб, даволатишга ҳаракат қилаётгандик. Президентимиз юборган шифокорлар жонимизга оро кирди. Кўзимга боламнинг бахтидан бошқа ҳеч нарса кўринмас эди. Унга буйрагимни беришга қарор қилдим. Бизга шунчалик ғамхўрлик қилаётган инсонларга қандай раҳмат айтишни ҳам билмайман. Қўлимиздан фақат дуо қилиш келади, холос. Давлатимиз ҳеч биримизни ёлғизлатиб қўймаслигига яна бир бор ишондим...», дейди она.

«Бу беморларнинг барчаси донорлари билан биргаликда шифокорлар назорати остида Наманган вилоятидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келиниб, зарур текширувлардан ўтказилди. Буйрак трансплантациясидек ноёб операциялар юртимизнинг ўзида ўтказилаётгани кўплаб юртдошларимизнинг мушкулини осон қилаётгани ҳақиқат.   

«Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида ўтказилаётган саломатлик акцияси соғлигида муаммоси бор юртдошларимизга шифо ва дармон, оилаларга бахт ва шодлик улашишда давом этмоқда», дейилади ССВ хабарида.

Мавзуга оид