«Истиқлол» стеласининг жойлашув макети тақдим этилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Марказий универмаг ёнидаги боғда ташкил этиладиган «Истиқлол» мажмуасининг жойлашуви макетини тақдим этди.
Макетда, аввал айтилганидек, боғнинг дарахтзор қисмида қурилиш бўлмаслиги, фақат хиёбоннинг очиқ майдон қисмига стела (ёдгорлик монументи) ўрнатилиши акс этган.
Мустақилликнинг 30 йиллигига атаб қўйиладиган стела ҳозирги металл конструкция ва кийик инсталляциялари қўйилган жойда бўлади. Стела шамойили ва бутун боғ ҳудудини ободонлаштириш бўйича эълон қилинган лойиҳалар танлови 7 мартда якунланади.
Макет 17 феврал куни хиёбонга жойланди. Тақдимотда қатнашган ҳоким ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаевнинг сўзларига кўра, ҳозир боғда 1698та дарахт бор. У дарахтларнинг барчаси хатловга олингани ва ҳеч бири кесилмаслигини эслатиб ўтди.
Маҳмудхўжаев қўшимча қилишича, боғда стеладан бошқа иншоот қурилмайди.
Стелани қуриш чоғида боғ ландшафтига зарар етиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларга муносабат билдираркан, ҳоким ўринбосари қурилиш техникалари хиёбон ҳудудига қандай кириб-чиқиши масаласи «кўриб чиқилаётгани»ни айтди. Бунинг учун Шароф Рашидов кўчаси томондаги тўсиқлар вақтинча олиб турилиши мумкин.
Боғ реконструкция сабабли ёпиладими-йўқми, ҳали маълум эмас.
Ёдгорликни бошқа жойга ўрнатиш масаласида журналистлар берган саволга Фурқат Маҳмудхўжаев берган жавобдан англашиладики, стеланинг айнан шу ерга ўрнатилиши бўйича ҳокимликнинг қарори қатъий ва бу борада якуний қарорга келиб бўлинган.
Эслатиб ўтамиз, мажмуа лойиҳаси бўйича танлов ғолибларини ЎзФА Тарих институти директори Азамат Зиё раислигидаги комиссия аниқлайди. Комиссия таркиби эълон қилинмаган.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024