«Хонободда кимдир саратонга чалинганини эшитмаганмиз» — Қарши–Хонобод ҳарбий базасига сафар
Қарши–Хонобод ҳарбий базасида хизмат ўтаган америкалик аскарлар орасида саратон ва нурланишга чалиниш ҳолатлари кўплаб қайд этилгани ҳақидаги хабардан сўнг, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги аэродромга пресс-тур ташкил этди. Журналистларга интервю берган ҳарбий хизматчилар радиация ва нурланиш ҳақидаги гумонларни рад этишди.
Доналд Трамп AҚШ президенти лавозимини топширишидан бир кун аввал Қарши–Хонобод аэродромида хизмат қилган америкалик ҳарбийларга оид фармон имзолаган эди.
Ҳужжатда 2001–2005 йилларда Қарши–Хонобод аэродромида ҳарбий хизмат ўтаган ҳарбийларга жанговар амалиётлар ўчоғида иштирок этиб қайтган уруш фахрийлари мақомини бериш ва уларнинг токсик таъсирланган бўлиши мумкинлигига аниқлик киритиш топшириғи қўйилган.
Бу йиллар давомида Aфғонистондаги аксилтеррор кампанияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган 15 777 нафар америкалик ҳарбий хизматчининг 75 фоизи кейинчалик саратон ва бошқа касалликларни орттиргани айтилмоқда. Бунга Хонобод аэродромида радиация ва токсик нурланиш мавжудлиги сабаб сифатида тахмин қилиняпти.
Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижоновга кўра, Қашқадарёдаги Хонобод аэродроми бир пайтлар кимёвий дорилар ортилган самолётлар учун мўлжалланган аэродром бўлган. Бу ерда инсоннинг нафас йўлларига таъсир кўрсатадиган даражадаги дорилар далаларга сепиш учун сақланган.
Боқижонов аэродром ҳарбийлар тасарруфидаги қўриқланадиган зона бўлгани учун у ерга киришнинг имкони бўлмагани, шу сабабли ҳудуднинг экологик ҳолати ўрганилмаганини таъкидлади. Қўмита ОАВда эълон қилинган маълумотлар ортидан аэродромни текшираётгани маълум қилинди.
Ўзбекистон мудофаа вазирининг матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров 16 феврал кунги матбуот анжуманида Хонобод аэродромида радиация ва токсик нурланиш мавжудлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб, бу мутахассис бўлмаган одамларнинг фикри эканини таъкидлади. Зулфиқоровга кўра, ҳарбий аэродромда 30 йилдан бери хизмат қилиб келаётган ўзбекистонлик ҳарбийлар ва Қуролли Кучлар хизматчиларида АҚШ ҳарбийларида кузатилаётган ҳолатлар кузатилмаган.
Куни кеча Мудофаа вазирлиги бу мавзудаги гап-сўзларга ойдинлик киритиш, ишчи ходимлар ва учувчилар билан суҳбат ташкил этиш учун Хонободга пресс-тур ташкил этди.
«Қурол омбори портлаган, зарари кам бўлган...»
Биз дастлаб Олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғи Aбдулла Ҳамроев билан қисқа суҳбатда бўлдик. Ҳамроев Мудофаа вазирлиги расмийларининг матбуот анжуманидаги сўзларини тасдиқлаб, авиабазада 10–15 йилдан буён хизмат қилиб келаётган ҳарбийлар борлиги, улар орасида саратон ва нурланиш касалликлари қайд этилмаганини билдирди.
Билим юрти раҳбари бунга далил сифатида учувчилар ҳар 6 ойда, курсантлар эса ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиб туришини таъкидлади.
Америкалик аскарлар хизмат қилган вақтдаги суратлардан бирида: «Нурланиш хавфи бор чегара» ёзувли огоҳлик лавҳи қўйилганини кўриш мумкин. Абдулла Ҳамроевнинг изоҳлашича, бундай лавҳ ўрнатилган жой ҳозир йўқ, «ўн йиллар аввал бор эди».
«Қурол омбори бўлган, портлаган, лекин зарари кам бўлган», деди Ҳамроев, аммо у портлаш қачон ва нега бўлганига ойдинлик киритмади. Унинг қўшимча қилишича, ҳудуд махсус мосламалар ёрдамида текширилган, радиация «умуман йўқлиги» аниқланган.
«Aтроф-муҳитнинг заҳарланганини ўлчайдиган прибор шу вақтгача радиация борлигини кўтсатмаган»
Пресс-тур давомида журналистларга Хонобод аэродромидаги радиация ва ҳавонинг заҳарланишини ўлчайдиган асбоб-ускуналар намойиш этилди.
Бу ускуналарнинг ишлаши ҳақида маълумот берган, аэродромда 8 йилдан буён хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчи Маъруф Мусаевга кўра, радиациявий нурланиш ва кимёвий заҳарланишни аниқлайдиган ускуна шу вақтга қадар хавф борлигини кўрсатмаган. Шунингдек, у ўтган вақт давомида ўзининг соғлиғида ҳам ҳеч қандай салбий ҳолат аниқланмаганини айтиб ўтди.
«Бу – атроф-муҳитнинг заҳарланганини аниқлайдиган прибор. Бу ҳарбий қисм хизматчисида туради. Бир сутка давомида ҳар 7 соатда текшириб турилади ва қайд қилиш дафтарига қайд қилиб борилади. Бу икки хил режимда ишлайди. Ишчи ва назорат ҳолатида. Aгар атроф-муҳит зарарлангани ёки радиация борлиги аниқланса, хабар беради.
Ҳарбий қисм бўйича 5 та бундай ускунлар навбатчиларда бор. Ўзим 8 йилдан буён шу ҳарбий қисмда хизмат қилиб келаман. Шу 8 йил давомида бирон марта радиация ёки нурланиш ҳолати аниқланмаган. Соғлиғим яхши, худога шукр», – дейди майор Маъруф Мусаев.
«Хабарларни эшитиб, бироз ваҳима бўлди»
Олий ҳарбий авиация билим юрти 3-курс курсанти Жасурбек Нуриддиновнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда ҳарбий аэродромда радиацион нурланиш ўчоқлари мавжудлиги ҳақидаги хабарлар даставвал билим юртида таҳсил олаётганлар ўртасида бироз хавотирга сабаб бўлган.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган радиация ҳақидаги хабарларни фейк деб ҳисоблайман. Шу вақтгача бу ерда яшовчилар орасида кимнингдир саратон бўлганини эшитмадик. Бизга дарс бериб келаётган устозларимиз кўп йиллардан бери шу ерда хизмат қилишади. Ҳаммаларининг соғлиқлари жойида.
Ўзи умуман авиация соҳасидаги одам хавфсизлик техникасига риоя қилмаса, шунақа касалликлар келиб чиқиши мумкин. Хавфсизлик қоидалари бизга яхши ўргатилган. Бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтамиз», – дейди курсант.
«25 йилдан бери кимдир саратонга чалинганини эшитмадим»
Ҳарбий қисмда узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган 52 ёшли электрик Руиддин Файзуллаев шу вақтга қадар на ҳарбий хизматчилар ва на маҳаллий аҳоли вакиллари орасида саратонга чалиниш ҳолати қайд этилмаганини таъкидлади.
«1994 йилдан бери шу ерда ишлаб келаман. Икки фарзандим бор. Шу Хонобод қишлоғида яшайман. Оилам ҳам шу ҳарбий қисмда ишлайди.
Ҳарбийлар каби биз ҳам тиббий кўрикдан ўтамиз. Қишлоқ аҳолисини ҳам текширувдан ўтказишади. Шу вақтгача кимнингдир саратон касаллигига чалинганини эшитмадим. Ҳаммаси жойида», – деди Руиддин Файзуллаев.
Раҳматилло Исроилов тайёрлади.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
17:46 / 30.11.2024
Мислсиз радиация ва қурбонлар: Чернобил фожиаси қандай содир бўлганди?
21:57 / 26.09.2024
Samsung ходимлари радиацияга учрагани туфайли компания жаримага тортилди
12:24 / 06.09.2024
Смартфонлар мия саратонига сабаб бўлиши ҳақидаги фикрлар асоссиз деб топилди
20:33 / 29.08.2024