Ўзбекистон | 20:08 / 25.02.2021
33409
2 дақиқада ўқилади

«Аҳолида 10 миллиард доллар бор» – Содиқ Сафоев бўш маблағдан фойдаланиш зарурлигини айтди

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон аҳолисида 10 миллиард долларга яқин маблағ бор. Лекин у пуллар ишлаб чиқаришга эмас, уй-жой ва тўйхоналарга сарфланади ёки ёстиқ остида сақланади, деди Содиқ Сафоев.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz мухбирига берган интервьюсида ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарурияти ҳақида гапирди.

Айтилишича, аҳолида маблағ бор, лекин пуллар уй-жой ва тўйхоналарга ишлатилади ёки ёстиқ остида сақланади. Ундан кўра, мақсадли сарфланса эди, четдан инвестиция кутишга ҳам ҳожат қолмасди.

«Ҳар бир жамиятда бўлгани каби, бизнинг аҳолимизда ҳам маблағ бор. Агар шу маблағларни ишлаб чиқаришга йўналтирсак, гапнинг очиғи, бизга хорижий инвестициялар ҳам бугунгичалик долзарб бўлмайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳолида 10 миллиард долларга яқин маблағ бор.

Лекин у пуллар ишлаб чиқариш эмас, уй-жой, тўйхоналарга сарфланади ёки халқ ибораси билан айтганда, «ёстиқ тагида ётган маблағлар». Ваҳоланки, бу пул ишлаши керак. Пул ўз қийматини ошириши лозим. Янги иш ўринларини яратиш зарур. Бунинг учун эса капитал бозори керак. Ишбилармонлар бу ҳақида куйиниб гапиришяпти.

Банкларимиз, афсуски, мижоз учун курашаётгани йўқ. Тафовутни кўрдик. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, банклар қачон мижоз учун курашса, унинг учун рақобат қилса, ўшанда ривожланади. Агар у фақатгина берилган маблағларни сақлаб ўтириш билан кифояланса, иқтисодиётда уларнинг роли камаяди.

Олдимизда иккита муҳим масала турибди. Биринчиси банкларимизни ислоҳ қилиш. Иккинчиси капитал бозорини ривожлантириш», – деди Сенат расмийси.

Содиқ Сафоев

Ўзбекистон капитал бозори капиталлашуви мамлакат ЯИМга нисбатан 1 фоизни ташкил этади. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров ривожланаётган давлатларда бу кўрсаткич 30–60 фоиз атрофида эканини, ривожланган давлатларда эса 100 фоиз ва ундан ҳам ортиқ бўлишини айтганди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига фонд биржасининг умумий бозор капиталлашуви 52,55 триллион сўм ёки 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этган.

Мавзуга оид