Спорт | 10:46 / 27.02.2021
11381
14 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўйинлари анонси: «МЮ» Лондонда меҳмон, «Атлетико»да ҳал қилувчи ўйин

Биринчи давра давомида жуда тиғиз ва муросасиз туюлган АПЛ жадвалида ҳаммаси тартибга тушган ва «Манчестер Сити» муддатидан олдин чемпионликни нишонлаш йўлига тушган бўлса, Испанияда аксинча, шу пайтгача бўлмаган интрига қайтиб қолиши мумкин. Италияда эса «Милан» ёпишиш учун сўнгги ҳас илинжида. Европа миллий чемпионатлари навбатдаги дам олиш кунлари ҳам бизни зериктирмайди.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ВЕСТ ҲЭМ (27 февраль, 17:30)

Англияда 2021 йилнинг энг яхши натижа кўрсатаётган икки жамоаси ўзаро тўқнаш келади. Улардан бири «Вест Ҳэм» экани чинданам сюрприз, аммо Давид Мойес шогирдлари ҳозирда кучли тўртликда бекорга эмасликларини майдонда ҳам исботлашмоқда. Гап фақат қулай тақвимда эмас, «Вест Ҳэм» сўнгги икки ойда «Эвертон», «Астон Вилла», «Тоттенҳэм» каби рақобатчилари устидан ҳам ғалаба қозонди. Биринчи даврада «Лестер» ҳам йирик ҳисобда мағлуб этилганди.

Лекин шуни ҳам тан олиш керакки, яхши формада бўлган топ-клубларга қарши «болғачилар» етарли қаршилик қила олишмаяпти. Масалан, «Вест Ҳэм»нинг АПЛдаги 6 мағлубиятидан 5таси айнан топ-рақиблар – «Ливерпуль» (икки марта), «Арсенал», «МЮ» ҳамда «Челси»га қарши ўйинларда бўлган. Ҳа, бу рўйхатда «Манчестер Сити» йўқ – биринчи даврадаги ўйин 1:1 ҳисобида якунланганди. Бу воқеага ҳам шу қадар кўп бўлдики, гўёки ўша «Сити» умуман бошқа жамоа бўлгандек. Ҳозирги «Сити» барча мусобақаларда 19 ўйиндан бери фақат ғалаба қозонаётган, ўзи иштирок этаётган барча турнирларда яққол фаворитга айланган «Сити»...

«Вест Ҳэм» учрашувда Ярмоленко, Огбонна, Масуаку каби асосий таркиб ўйинчилари ёрдамидан фойдалана олмайди. Шунингдек, Фредерикснинг ҳам ҳолати сўроқ остида. «Манчестер Сити» таркиби ва унинг сифати шу қадар юқорики, бирор-бир футболчининг йўқлиги ҳақида фикр юритиш ҳам маъносиз. Зеро, жамоа Кевин Де Брюйненинг жароҳатини ҳам сезмасдан ўтказиб юборди. Биргина Натан Аке ҳамон тўлиқ тикланиб улгургани йўқ.

Шундай бўлса-да, ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида «Боруссия»га қарши майдонга тушган манчестерликлар таркибида бир қатор ротация амалга оширилишини ҳам кутса бўлади. Жамоанинг яқин таъқибчилари «МЮ» ва «Лестер» бу турда мос равишда «Челси» ва «Арсенал»га қарши тўп суради. Демак, Пеп Гвардиола жамоасида балки ўртадаги очколик фарқни янада ошириш имкони турибди.

СЕВИЛЬЯ – БАРСЕЛОНА (27 февраль, 20:15)

«Барселона» Куман бошчилигида бир амаллаб турнир жадвалида юқорида бораётган бўлса-да, юқори савияли жамоаларга қарши ўйинларда ўта ишончсиз ўйин кўрсатмоқда. Чемпионлар Лигасида Туриндаги ғалаба «Камп Ноу»да мағлубият бўлиб қайтди, «Эл Класико»да ҳам, «Атлетико»га қарши ўйинда ҳам мағлубиятга учралди. «ПСЖ»дан йирик мағлубият. «Севилья» билан биринчи даврадаги ўйинда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилганди. «Севилья» билан Қироллик кубоги учун дастлабки баҳс ҳам ёдимизда – андалусияликлар 2:0 ҳисобида устун келганди. Хуллас, «Барселона» ҳеч бўлмаса бирорта совринга илинишни истаса, топ-ўйинларни ютишни бошлаши керак, масалан, «Севилья»га қарши мана шу учрашувни.

«Севилья» жуда яхши спорт формасида. Охирги 21 учрашувда жамоа фақат сафар ўйинларида, Ла Лигада «Атлетико»га ва Чемпионлар Лигасида «Боруссия»га ютқазиб қўйди, холос. Қолган 19 ўйиннинг атиги иккитаси дуранг билан тугаган. 17 ғалабанинг 14тасида «Севилья» ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олган ҳам. Ҳимоя марказида Диего Карлос ва Жюл Кунде жуфтлиги бекорга бир қатор грандлар томонидан нишонга олинганлари йўқ. Бундай рақибни сафарда мағлуб этиш у қадар осон бўлмайди. Умуман, турнир жадвалида ҳам йўқотилган очколар бўйича «Севилья» рақибидан яхшироқ кўрсаткич қайд этган. Демак, мезбонларнинг ғалабаси уларни учинчи ўринга олиб чиқади.

Бунинг устига «Барселона» таркибида Пьянич, Коутиньо, Араухо ва Сержи Роберто каби футболчилар жамоага ёрдам бера олишмайди. Мезбонлардан эса Окампос жароҳатланган бўлса-да, «Севилья» учун бу муаммо бўлмаса керак, жамоа охирги 11 ўйиндан бери майдонни гол урмасдан тарк этмаяпти.

ЛЕСТЕР – АРСЕНАЛ (28 февраль, 17:00)

Ўтган мавсумда февралгача «Лестер»да ҳаммаси жуда яхши кетган ва Роджерс шогирдлари учинчи ўринга мустаҳкам ўрнашиб олишганди. Аммо кейинчалик ҳаммаси чаппасига кетди – Суюнжи, Мэддисон, Чиллуэлл каби футболчилар жароҳат олди. «Лестер» «МЮ» ва «Челси»ни олдинга ўтказиб юбориб, якунда Чемпионлар Лигаси йўлланмасидан қуруқ қолишди.

Роджерс ўша сценарий такрорланмаслиги учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. «Лестер» Англиянинг энг барқарор жамоаси бўлиб турибди, «Ливерпуль», «Челси» устидан қозонилган ғалабалар футболчиларга ишонч бергани шубҳасиз. Аммо яна жароҳатлар бошланди – Мэддисон операция столига ётишга мажбур бўлди, чап қанотда Чиллуэллнинг ўрнини ортиғи билан босаётган Жеймс Жастин мавсум охиригача сафдан чиқди. Роджерс бундай шароитда Европа Лигасини қурбон қилаётганини ҳам тушунса бўлади, зеро энди фақат юқори жисмоний тайёргарлик эвазига рақобатчиларни ортда қолдириш мумкин.

«Арсенал»га эса аксинча, бу сафар ҳам АПЛда «нон йўқ», Артета жамоа қуриш устида ишларини давом эттиради, балким Европа Лигаси ўйинларида ғолиб чиқишга уриниб кўрар. Бошқа томондан айнан АПЛдаги «Арсенал»ни кузатиш қизиқ – ҳеч қандай босим йўқ, мураббий бемалол ўз режаларини майдонда синаб кўриши, ёш футболчиларнинг тақдирига ойдинлик киритиши ва йўл-йўлакай ўз олдига мақсад қўйган рақибларни тўхтатишга уриниши мумкин. Шулардан бири - «Лестер», нега бўлмасин?

Бунинг устига, биринчи даврадаги ўйин ҳам анча драматик кечган, Вардининг ўйин охирларида урган голи меҳмонларга уч очко олиб келганди. Умуман, АПЛ доирасидаги ўйинларни олсак, охирги 4 ўйинда лондонликлар бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган, уч ўйинда «Лестер» зафар қучган.

Ҳар икки жамоа пайшанба оқшомида Европа Лигасида қатнашишди ва айтиш мумкинки, осон бўлмади. «Арсенал» фақат сўнгги дақиқаларда ирода кўрсатиб, «Бенфика»ни 3:2 ҳисобида енгди ва кейинги босқичга чиқди (сафардаги ўйинда 1:1). «Лестер» эса «Славия»га ўз уйида 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди (биринчи ўйин 0:0). Ҳар икки жамоа ҳам тўлиқ асосий таркиб билан ўйнашганини эътиборга олсак, якшанба куни футболчилардан юқори жисмоний формани кутиш қийин. Бу ҳам ўз навбатида хатоларни кўпайтиради, ўйиннинг анча очиқ ва сермаҳсул, яъни мухлисларбоп ўтишини таъминлайди балки. 

ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (28 февраль, 21:30)

Ҳозирча, орада олти очколик фарқ бўлса-да, бу ўйин тўғридан тўғри рақобатчилар ўртасидаги баҳс деб баҳоланишга ҳақли тўқнашув. Ғалаба лондонликларни «Юнайтед»га 3 очкога яқинлаштиради, келаси ҳафта Сульшер шогирдлари «Сити» билан ҳам ўйнашини эътиборга олсак, «Челси»да ҳатто тенглашиб олиш имконияти юзага келади.

АПЛ доирасида «Челси» уч йилдан бери «Юнайтед» устидан ғалаба қозона олмаяпти, айниқса, Сульшер даврида ўзаро статистика «қизиллар» фойдасига анча ошиб кетди. Аммо бу сафар мезбонларда анъанани бузиш учун омиллар етарли. Биринчидан, Тухел бошчилигида «Челси» жуда ишончли серияни амалга оширмоқда – 8 ўйинда 6 ғалаба ва 2 дуранг. Бу ўйинларда рақиблар атиги икки марта «Челси» дарвозасини ишғол қилдилар, холос. Ҳимояда ишончли ўйнайдиган рақиб – «Юнайтед» учун жуда ноқулай. Иккинчидан, меҳмонлар таркибида жароҳатлар жуда кўп – Погбадан ташқари, Скотт Мактоминей ва Ван де Бекнинг жароҳатлари аслида жамоада энг кўп номзод бўлган позицияга шу қадар путур етказдики, «Сосьедад»га қарши ўйинда Туанзебе ўйнашга мажбур бўлди. Сульшер Скотт ва Ван де Бекнинг якшанба кунига тайёр бўлишига умид билдирди, лекин аниқ эмас. Шунингдек, Эдинсон Кавани қачон ўйнай бошлаши ҳали ҳам сўроқ остида. Европа Лигаси ўйинида Ден Жеймс ҳам жароҳат олиб майдонни тарк этди. Яъни Тухел бу учрашувга тайёрланиши учун рақибнинг таркибини бемалол тахмин қила олади.

Шунингдек, Тухел – Сульшер дуэлининг навбатдаги серияси сифатида интрига ошади. Мураббийлар Чемпионлар Лигаси доирасида тўрт марта тўқнаш келиб улгуришди. Бу ўйинларнинг ҳаммасида меҳмонлар ғалаба қозонган.

РОМА – МИЛАН (1 мартга ўтар кечаси, 00:45)

«Милан» мавсум бошидан бери йўлдош бўлиб келган сеҳрини йўқотиб қўйди ёки кўкка совуриб юборди. Қаторасига тўрт ғалабасиз ўйин миланликларни ҳам Европа Лигасидан, ҳам А Серия ғолиблиги курашидан чиқариб юборишига сал қолди. Дастлаб, кутилмаганда «Специя» майдонида мағлубият, кейин Милан дербисидаги 0:3. Натижада бутун мавсум турнир жадвалини бошқариб келган Пиоли шогирдлари пешқадам «Интер»дан 4 очкога қолиб кетмоқда. Контенинг тажрибали футболчилари жуда яхши тезлик олишгани, бунинг устига ҳеч қандай еврокубокларда қатнашмаётганликларини эътиборга олсак, энди етиб олиш осон бўлмайди.

Дастлабки қийинчилик эртагаёқ кутиб турибди. «Рома». Кучли тўртликда бораётган, охирги 7 ўйиндан фақат биттасини, у ҳам бўлса сафарда «Ювентус»га ютқазган «Рома». Биринчи даврадаги учрашув 3:3 ҳисобида жанговар дуранг билан тугаганини эътиборга олсак, ғалаба қозониши учун «Милан» ўша энг яхши ўйинларидан бирини яна намойиш этишга мажбур. Акс ҳолда, яна очко йўқотиш ва «Милан» чемпионлик пойгасидан чиқиб кетиши мумкин.

«Рома»га етакчи футболчиси Эдин Жекодан фойдалана олмаслиги халақит бериши турган гап. Европа Лигасида «Брага»га қарши ўйин босниялик футболчига қимматга тушди ва жароҳат олиб майдонни эрта тарк этди. Меҳмонлар таркибида эса бошқа бир болқонлик ҳужумчи Марио Манжукич ёрдам бера олмайди.

ВИЛЬЯРРЕАЛ – АТЛЕТИКО (1 мартга ўтар кечаси, 01:00)

Бу сафар рақиб нафақат «Вильярреал», умуман, ҳар қандай жамоа бўлганида ҳам «Атлетико»нинг ўйини эътиборга арзийди, зеро айнан мана шу турларда Испаниядаги чемпионлик пойгаси тақдири маълум бўлади. «Атлетико» учун жуда муҳим палла. Сабаби, анча пайт жуда бир текис кетган ва чемпионликка эришиши умумун шубҳа туғдирмайдиган тасаввур уйғотган «Атлетико» муаммоларга дуч келди – қаторасига уч ғалабасиз ўйин ва «Атлетико» бир ҳафтада Чемпионлар Лигасида ҳам, Ла Лигада ҳам қийин ҳолатда қолди.

Тўғри, Испания чемпионатидаги ҳолат ҳали ҳам ёмон эмас, етарлича фарқ бор, лекин бекорга айнан мана шу турларга эътибор беришга чақирмадик – «Атлетико» бу ўйинларда яна ғалабали йўлга тушиб олса, ҳеч қандай кризис йўқлигини, «Леванте»га қарши ўйинлар шунчаки омадсизлик эканини ҳам ўзларига, ҳам рақибларга исботлашади. Шундагина енгил тин олиш мумкин, акс ҳолда, «қон исини сезган» «Реал» ёки «Барселона» Ла Лигада имконият пайдо бўлганини пайқашса, бутунлай бошқача ўйнашни бошлаб юборишлари мумкин. Айнан таъқибчиларни уйғотиб юбормаслик учун ҳам «Атлетико» хотиржам режимга қайтиши керак.

Бунинг устига «Атлетико» кейинги ўйинни «Реал»га, ундан кейингисини «Атлетик»ка қарши ўтказади. Мадрид дербиси олдидан очко йўқотиш «Реал»ни бир ўйин масофасигача яқинлаштириб қўяди. Бу жуда хавфли.

«Вильярреал» эса бундай нозик палла учун энг ноқулай рақиб. «Атлетико» Вильярреалда охирги беш ўйинда бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган. Мадридда ўтган биринчи давра ўйини ҳам тенг курашлар остида кечган ва ҳисоб очилмаганди.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, мезбонлардан Морено, Коклен, Гаспар каби футболчилар тикланиб улгурганлари йўқ. Иборра эса, мавсум охиригача сафдан чиққан. Симеонега Янник Карраско ва ҳимоячи Хосе Хименес ёрдам бера олишмайди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

27 февраль. БАВАРИЯ – Кельн (19:30), БОРУССИЯД – Арминия (19:30), Дижон – ПСЖ (21:00), ЛЕЙПЦИГ – Боруссия М (22:30) Верона – ЮВЕНТУС (28 февралга ўтар кечаси, 00:45)

28 февраль. ТОТТЕНҲЭМ – Бёрнли (19:00), ИНТЕР – ЖЕНОА (19:00), Шеффилд- ЛИВЕРПУЛЬ (1 мартга ўтар кечаси, 00:15) Марсель – ЛИОН (1 мартга ўтар кечаси, 01:00)

1 март. ЭВЕРТОН – Саутҳэмптон (2 мартга ўтар кечаси, 01:00), РЕАЛ М – Реал Сосьедад (2 мартга ўтар кечаси, 01:00)

Мавзуга оид