Жаҳон | 21:56 / 27.02.2021
6206
2 дақиқада ўқилади

Пашинян Арманистон президентига бош штаб бошлиғини бўшатиш таклифини қайта жўнатди

Аввалроқ Арманистон президенти Армен Саркисян бош вазир Никол Пашиняннинг қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Оник Гаспарянни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги таклифини имзоламаганди. 

Армен Саркисян ва Никол Пашинян

Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат президенти Армен Саркисянга қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Оник Гаспарянни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги таклифини қайта жўнатди. У бу ҳақда ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

"Президент бош штаб бошлиғини ишдан бўшатиш тўғрисидаги таклифни бош вазир аппаратига қайтаришга қарор қилди. Бу юзага келган вазиятни ҳал қилишга ёрдам бермайди. Мен бош штаб бошлиғини бўшатиш ҳақидаги таклифим тегишли тартибда имзоланишини кутиб, уни президентга яна бир бор юбораман", - деб ёзди у.

Аввалроқ Арманистон президенти Армен Саркисян бош вазир Никол Пашиняннинг қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Оник Гаспарянни лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги таклифини имзоламаганди.

Саркисян ҳеч қайси сиёсий кучни қўллаб-қувватламаслигини, бош штаб бошлиғини ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармон эса конституцияга зид эканлигини билдирган.

Арманистон қуролли кучлари бош штаби Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб чиққанидан сўнг Пашинян бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни лавозимидан бўшатишни сўраб мамлакат президентига тақдимнома киритганди.

Мавзуга оид