Ўзбекистон | 00:05 / 01.03.2021
24565
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизларимиз қанчалик фаол бўлса, бахтли ва ҳаётидан мамнун аёлларимиз ҳам шунча кўп бўлади — Саида Мирзиёева "Заковат"га аъзо бўлган хотин-қизларга омад тилади

“Ярфаъиллаҳуллазийна аамануу минкум валлазийна уутул илма дарожаат”. Яъни “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” – Мужодала сураси, 11-оят”, дея ўз нутқини бошлади Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева “Заковат” интеллектуал клуби кастинги тадбирида.

28 феврал куни “Заковат” интеллектуал клубига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан аъзо бўлиш мақсадида онлайн ариза топширганлар учун кастинг ўтказилди. Кастинг тадбирида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, жамият тараққиётида аёлларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида гапирди, “Заковат” клубига аъзо бўлган хотин-қизларга омад тилади.

Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, клуб кастингига турли ёшдаги ва мавқедаги одамлар йиғилган бўлса-да, уларни бирлаштирувчи мақсад битта – илм. Бу мақсад атрофида хотин-қизларнинг ҳам бирлашгани эса хурсанд қиладиган ҳолат.

“Хотин-қизларимиз қанчалик фаол, илм-фан, маданият ва тадбиркорликка, сиёсий жараёнларга қанча кўп ҳисса қўшадиган бўлса, юртимизда бахтли ва ҳаётидан мамнун аёллар шунча кўп бўлади. Аминманки, хонадонида намунали бека, пазанда опа-сингилларимиз ўзларини илм майдонида ҳам бемалол намоён қила оладилар”, дея қайд этди Саида Мирзиёева.

Фонд раиси ўринбосари “Заковат” клуби аҳамиятига, унда қизларнинг фаоллиги муҳимлигига алоҳида тўхталди.

“Заковат клуби – эркаклар билан тенг равишда аёллар учун ҳам омад трамплини; интеллектларни бирлаштирувчи макон, мамлакатни олдинга етаклайдиган кучдир. Заковат – бу бизнинг учар гиламимиз, автомобилимиз, самолётимиз, ракетамиздир. Биз эса имконсиз нарса йўқлигини биладиган сайёҳлармиз. Ўзимиз истаган манзилга парвоз қилиб, гуллар чаман очилиб ётган заминга, албатта, етамиз”, - деди Саида Мирзиёева ўз нутқида.

Мавзуга оид