Ўзбекистон | 15:21 / 04.03.2021
6724
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда навбатдаги йўл ўтказгич таъмирланиб, транспорт ҳаракати учун очилди

Бугун, 4 март куни, пойтахтдаги Аҳмад Дониш кўчаси бўйлаб Амир Темур кўчаси билан кесишган жойда жойлашган автомобиллар учун мўлжалланган йўл ўтказгичда капитал таъмирлаш ишлари якунланиб, транспорт ҳаракати тўлиқ йўлга қўйилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” хабарига кўра, йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 495,55 метр, эни эса 31,34 метр, конструкция қисми 291,5 метр, ёндашиш йўлларининг узунлиги 165,8 метрни ташкил этади. 

Йўл ўтказгич 1999 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунга қадар таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Объектда таъмирлаш ишлари жорий йил 6 январ куни бошланди. Йўл ўтказгич қатнов қисмидаги темир-бетон конструкциялар алмаштирилди, таянч устунлари, темир-бетон қопламаларининг бузилган жойлари қайта тикланди, йўлни ажратиб турувчи қуйма бетон блоклар ўрнатилди.

Шунингдек, замонавий кўринишга эга ёритгич устунлари, темир-бетон ғилдирак қайтаргичлар ҳамда безакли металл панжаралари ва тўсиқлар, темир-бетон безак плиталари ўрнатилди.

Маълумот учун, 2020 йил декабр ойида Аҳмад Дониш кўчасидан Кичик ҳалқа автомобил йўли, Мискин ва Уста Ширин кўчалари кесишмасидаги йўл ўтказгич капитал таъмирлашдан чиқарилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилди.

Мавзуга оид