Иқтисодиёт | 19:27 / 05.03.2021
10609
3 дақиқада ўқилади

«Бунга нормал ҳолат сифатида қараш керак» – вазир ўринбосари айрим импорт маҳсулотлари учун давлат харидлари чекланганига изоҳ берди

Аввалроқ ҳукумат хорижда ишлаб чиқарилган 529 хил маҳсулотнинг давлат харидларидаги иштирокини вақтинча тақиқлаганди. Бу тақиқ иқтисодчилар ва бошқа соҳа вакиллари ўртасида кенг муҳокама қилинди.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Ўзбекистонга импорти тўхтатилган 529 хил маҳсулот атрофидаги муҳокамалар юзасидан изоҳ берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Одилбек Исоқовнинг айтишича, давлат харидлари жуда йирик бозор ва унда маҳаллий тадбиркорлар иштирокини таъминлаш иқтисодиёт учун муҳим ўрин тутади.

«Бу рўйхатга юртимизда тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган ва муқобили мавжуд бўлган маҳсулотлар киритилган. Уни кимдир протекционизм дейди, яна кимдир бошқа фикрларни билдиради.

Давлатнинг стратегик мақсади аҳоли фаровонлигини, бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтириш бўлса, бунинг учун нима қилинади, деганда тадбиркорларга кўпроқ имкониятлар бериш, уларга бозорни яратиб бериш зарур. Чунки давлат харидлари энг катта – 12 миллиард долларлик бозор. Яхлит олиб қарасангиз, бу унча-мунча экспорт бозорларидан катта бозор.

Айниқса, пандемия тугаганидан кейин жуда кўп ташкилотларимизда, кўплаб тадбиркорларда мана шу бозорлар қисқарди. Экспорт қилиш салоҳиятлари тушди. Чегарадан ўтиб бошқа мамлакатга бориш қанчалик қийин бўляпти?! Рейслар камайиб кетяпти.

Мана шу бозорни таъминлаб беришимиз, тадбиркорларга  вақтинчалик бўлса ҳам келажакдаги фаолияти, ишчи ўринларини қисқартирмаслик учун ёрдам беради. Умуман олганда, иқтисодиётимиз ўсиши учун фойдали.

Балки бу нарсалар келажакда олиб ташланар, мен билмайман. Лекин бу бутун дунёда қўлланадиган чора-тадбир, фақат Ўзбекистон учунгина хос эмас. Бошқа мамлакатларда ҳам шунақа чекловлар бўляпти. Бунга нормал ҳолат деб қаралиши керак», – деди вазирлик расмийси.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати хорижда ишлаб чиқарилган 529 хил маҳсулотнинг давлат харидларидаги иштирокини вақтинча тақиқлагани хабар қилинганди. Бу ҳолат иқтисодчилар ва бошқа соҳа вакиллари муҳокамаларига сабаб бўлди.

Шунингдек, депутат  Дониёр Ғаниев давлат харидлари тизимидаги муаммо ва камчиликлар, янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган қонун ҳақида тўхталиб ўтган.

Сўнгги маълумотларга кўра, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири Сенатга маъқуллаш учун киритилди. Қонунда кўплаб ўзгариш ва янгиликлар кутилмоқда. 

Мавзуга оид