Самарқандда Туркия бош консулхонаси очилди
Бугун, 7 март куни Самарқандда Туркия Республикасининг бош консулхонаси очилди. Консулхонанинг очилиш маросимида айни вақтда Ўзбекистонга ташрифини амалга ошираётган Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли, Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари маросимда нутқ сўзлаб, консулхонанинг очилишининг икки давлат муносабатларидаги муҳим аҳамияти ҳақида гапирди.
«Туркия Самарқанд шаҳрида ўз Бош консулхонасини биринчилардан бўлиб очмоқда. Ушбу воқеа бир неча нуқтайи назардан муҳим аҳамият касб этади.
Биринчидан, Туркиянинг Ўзбекистонда ҳам элчихонаси, ҳам Бош консулхонаси мавжудлиги икки томонлама муносабатларимиз ўзига хос юқори поғонага чиққанидан далолат беради.
Ушбу дипломатик ваколатхона айнан 2021 йилда очилишида ҳам алоҳида маъно бор - бу Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига ўзига хос рамзий туҳфа, деб ўйлайман.
Иккинчидан, Туркиянинг Самарқанддаги Бош консулхонаси маданий-гуманитар, туризм соҳаларида ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқалар ривожланишига ижобий туртки беради.
2018 йилда икки томонлама муносабатларимиз тарихида илк марта «Истанбул-Самарқанд» йўналишида авиапарвозлар жорий этилган эди. Пандемия сабабли қўйилган чекловлар доирасида вақтинча тўхтатилган бу қатнов яқин муддатларда қайтадан очилади.
Туркияда буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва бошқа уламоларга бўлган қизиқиш катта, бу қардош мамлакатдан Самарқандга зиёрат билан келадиган сайёҳлар оқими ортиб бормоқда.
Учинчидан, Самарқандда Туркия сармояси иштирокида очилаётган компанияларнинг сони тобора ошиб бормоқда. Мисол учун, биргина Самарқанд вилоятининг ўзида ҳозирги кунда 100дан зиёд қўшма корхоналар рўйхатдан ўтган.
Қўшни вилоятлар билан ҳисоблаганда Туркия капитали иштирокида ташкил этилган ширкатларнинг сони 300дан кўпроқ кўрсаткични ташкил этмоқда. Шу туфайли тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ривожлантириш йўналишида ҳам Бош консулхона муҳим фаолият кўрсатади», деган вазир.
У Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар икки давлат раҳбарлари бошчилигида сўнгги 4 йилда мисли кўрилмаган тарзда мустаҳкамланиб, сифат жиҳатидан мутлақо янги поғонага - стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этган.
«Бугунги кунда сиёсий-дипломатик, парламентлараро, хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлигимиз жадаллик билан тараққий этмоқда.
Ишончимиз комилки, Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири, азиз биродарим Мавлуд Човушўғли иштирокида очилган гўзал Самарқанд шаҳридаги Бош консулхона бу жараённи янада ривожлантиришда ўзига хос ҳисса қўшадиган янги институтлардан бирига айланади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати номидан туркиялик биродарларимизни хориждаги 250та турк дипмиссиялари қаторидан Самарқанддаги Бош консулхона ҳам жой олгани билан самимий табриклаб, уларга янги Бош консулхона фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман», деган у.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024